09:30 / 06.05.2020
2 802

Пандемиядан кейинги иқтисодий сиёсат: 4 тахминий сценарий

Пандемиядан кейинги иқтисодий сиёсат: 4 тахминий сценарий
Фото: AFP/Getty Images
Пандемиядан кейин давлатлар иқтисодиётида қандай тенденциялар кузатила бошлаши мумкин? Британиядаги Суррей университети илмий ходими, иқтисодчи Симон Мейр пандемиядан кейинги иқтисодий ҳаётнинг 4 хил сценарийсини тахмин қилди.

Унга кўра, иқтисодий нуқтайи назардан пандемиядан кейинги келажакнинг 4 хил вариантини тахмин қилиш мумкин: давлат капитализми, варварлик, давлат социализми, ўзаро ёрдамга асосланган тизим.

1-сценарий: давлат капитализми
Бу – ҳозир аксарият давлатлар қўллаётган доминант сиёсат шакли. Капитализм товар айирбошлаш жараёни (яъни олди-берди)ни иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий куч сифатида кўради, шу боис савдо ва ишлаб чиқариш жараёнини тиклашга зўр беради.

Аммо ишчилар ўз саломатлигидан хавфсирагани учун ишга чиқмай қолиши эҳтимоли йўқ эмас. Оқибатда бозор инқироз ёқасига келиб қолганда давлат ёрдамига боғлиқ бўлиб қолади. Натижада давлат кредит бериш тизимини кенгайтиришга, тадбиркорлик субъектларига маблағ манбаларни тақдим қилишга ўта бошлайди.

Бу сценарий пандемия қисқа вақт давом этганда ва уни назорат қилиш мумкин бўлиб тургандагина қўл келиши мумкин. Узоқ давом этадиган пандемия шароитида эса давлат бозорни ушлаб туриш учун тобора кўпроқ ресурс тикишига тўғри келади, аммо бунинг уддасидан қанчалик чиқа олиши мавҳум.

2-сценарий: варварлик
Бу – содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон сценарий.

Пандемия хавфи ҳали юқори бўлиб турган вазиятда одатий турмуш тарзига қайтишга ҳаракат қила бошлаган давлатларда шундай сценарий кузатилиши мумкин. Яъни олди-берди ҳаракатларини тиклаш асосий принцип бўлиб, аҳоли ҳаёт хавфсизлиги иккиламчи масалага айланади.

Давлат инқирозли вазиятларга чидамли механизмларга эга бўлмагани ҳолда бозорни сақлашга ҳаракат қилади. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ёки ишсизлик туфайли бозордан ташқарида бўлиб қолган аҳоли қатлами қўллаб-қувватланмайди. Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилмай, шифохоналар ёмон ишласа, давлат тадбиркорлик субъектлари ва бозорларни сақлаб қолиш учун самарали механизмлар ярата олишнинг уддасидан чиқмаса, хаос ва варварлик юзага кела бошлайди.

Иқтисодий беқарорлик ижтимоий ва сиёсий хавотирларга сабаб бўлади, давлат тизими жамият фаровонлигини таъминлашнинг уддасидан чиқа олмайди.

3-сценарий: давлат социализми
Ҳукуматлар танлаши керак бўлган энг қулай йўл шу. Ишчиларга пул тўлаш – бозорни ҳимоя қилиш инструменти сифатида эмас, балки аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида қилинади. Давлат иқтисодиётнинг ҳаёт учун зарур бўлган соҳаларигагина – озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, энергия, турар-жой масаласига аралашади.

Бундан ташқари, давлат инсонларнинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари бозор манфаатлари учун ўлжага айланиб қолмаслигини таъминлайди. Шифохоналар миллийлаштирилади, аҳолига базавий эҳтиёж товарларига эга бўлиш учун имконияти яратиб берилади.

Бу сценарийда фуқаролар ўз иш берувчиларига яшаб қолишлари учун асосий нажоткор сифатида қарашмайди. Ҳар бир фуқаро бозордаги олди-бердига қанчалик алоқадор бўлишидан қатъи назар, яшаш шароитига эга бўлади.

Давлат социализми узоқ давом этган пандемиядан сўнг давлат капитализми трансформацияси натижасида пайдо бўлиши мумкин. Давлат ҳамма соҳалар эмас, энг муҳимлари ҳақида бош қотира бошлайди. Чуқур инқироз, маҳсулот етказиб бериш занжирида узилишлар бўла бошласа, анъанавий чоралар – қоғоз пуллар чиқариш, кредит ажратиш наф бермай қолиши мумкин.

Мазкур сценарийнинг хавфли томони шундаки, у авторитар бошқарувга ўтиб кетиши керак эмас.

4-сценарий: ўзаро ёрдамга асосланган тизим
Бу йўлдан кетилганда, аҳолининг саломатлиги ҳақида қайғуриш иқтисодиётнинг устувор тамойилига айланади. Бунда давлат муҳим рол ўйнамайди – алоҳида шахслар, кичик гуруҳлар ўзлари мансуб бўлган жамиятни қўллаб-қувватлаш, унга ёрдам беришни бошлашади.

Одамлар жамоаларга бирлашиб, ўз ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича чоралар режасини ишлаб чиқиши, эҳтиёжманд аҳоли қатлами ҳақида қайғуриш норасмий гуруҳларнинг гарданига тушиши мумкин.

Бундай тизим икки ҳолатда пайдо бўлади – давлат ўз вазифаларини бажара олмаса ёки жамият инқирозли ҳолатга прагматик муносабатда бўла бошласа.

Кичик гуруҳлар жамиятдаги муаммоларни ҳал қилиш учун ресурсларни тезкорлик билан йўналтира олмаслиги мумкин. Аммо бир қанча кичик гуруҳлар ўзаро алоқаларни йўлга қўйган ҳолда самарали тизимни ташкил қилса, бу муаммо ҳам ечим топади.

Ўзаро ёрдам тизими юқорида келтирилган уч сценарийнинг мантиқий давоми сифатида юзага келиши ҳам мумкин. Давлат капитализми ўзини оқламаса, варварлик хавфи пайдо бўлса ёки давлат социализмига ёрдам сифатида кичик гуруҳлар ҳаракатлари ўртага чиқиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Бу тўрт сценарий – воқеаларнинг тахминий ривожи холос. Улар бир-бирига қўшилган шаклда ҳам намоён бўлиши мумкин.

Кучли демократик давлат катта салоҳиятга эга соғлиқни сақлаш тизими яратиши, бозор иқтисодиётининг инжиқликларига мослаша олмаган қатлам ҳимоясини таъминлаши, фуқароларга ёрдам гуруҳларини ташкил этишлари учун имкон яратиши керак. Муҳими, инқирозлар учун таъсир формалари фақатгина иқтисодий манфаатлар эмас, инсонпарварликка асосланиши зарур.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Пандемиядан кейинги иқтисодий сиёсат: 4 тахминий сценарий