2 640
Марказий банк раиси: «2023 йилга бориб Ўзбекистонда кредит фоиз ставкалари 5-10 фоизга тушиши мумкин»
Ўзбекистонда 2023 йилга бориб кредит фоиз ставкалари 5-10 фоизга тушиши мумкин. Бунинг учун инфляция даражаси 5 фоизга тушиши керак бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.
Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиз этиб белгилангани кредит фоиз ставкаларининг пасайишида муҳим омил бўлмоқда. Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 20,6 фоизгача пасайди.
Хусусан, юридик шахслар кредитлари бўйича фоиз ставкалари 2020 йил бошидаги 24,3 фоиздан 19,5 фоизгача, жисмоний шахслар кредитлари бўйича эса йил бошидаги 28,1 фоиздан 22,3 фоизгача пасайди. «5-10 фоиз бўлиши учун инфляция 5 фоизга тушиши керак бўлади. Балки, 2023 йилга бориб, ана шундай натижага эришармиз», — деди Мамаризо Нурмуродов.
Қайд этилишича, коронавирус пандемияси дунёда шиддат билан тарқалгани иқтисодиётга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Айни вақтда Ўзбекистондаги банк мижозлар қўлидаги 26,5 триллион сўмлик кредитнинг 19 триллиони юридик шахсларга тегишли бўлса, қолгани аҳолига берилган. Пандемия муносабати билан кредит олган 85 фоиз жисмоний шахсларнинг тўлов муддати узайтирилган. Агарда 1 октябрдан карантин ҳолати юмшаб, иқтисодий фаоллик тикланса, банклар мижозлар билан ҳисоб-китоб ўтказади. Бироқ корхона фаолияти тикланмаган бўлса, банклар уларга алоҳида ёндашади.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг саккиз ойида тадбиркорлик субъектларига ажратган кредитлари қолдиғи 40,7 триллион сўмга (24,2 фоиз) ва аҳолига ажратилган кредитлар қолдиғи 10 триллион сўмга (25,3 фоиз) ўсганлигини кўриш мумкин.
Мамаризо Нурмуродовнинг билдиришича, Ўзбекистон оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Кам таъминланган, иқтисодий аҳволи оғирроқ бўлган аҳоли қатламига кредит ажратиш борасида давлат дастури белгиланган. Унга кўра, 50 миллион сўмгача маблағ ҳеч қандай гаровсиз, секторлар тавсияномаси билан берилади.
Бу тизим 2018 йилда бошлаган бўлиб, ҳозиргача 9,5 триллион сўмлик кредитлар ажратилган. Бу маблағдан бир миллион нафарга яқин аҳоли фойдаланди. Тизимни ривожлантириш учун давлат ҳисобидан бу йил ҳам 2 триллион сўмга яқин қўшимча маблағ ажратилган. Йил охирига қадар яна бир триллион сўм йўналтириш мўлжалланган.
Марказий банк раисининг сўзларига кўра, бу пуллар ҳаммага етмаслиги мумкин. Аммо кўпроқ маблағ ажратилмаётганининг ўзига яраша сабаблари бор. Мисол учун, ўтган йилларда берилган кредитларнинг асосий қисми 2020 йилнинг 1 октябригача бўлган муддатда қайтиши керак эди. Аммо уларга яна имтиёз беришга мажбур бўлинди. Агар пандемия давом этса, эски кредитларни узайтириш, янгиларини беришда қийинчилик бўлиши мумкин.
Шунингдек, Мамаризо Нурмуродов иссиқхона ва чорвачилик йўналишларидаги кредитлар масаласида берилган саволларга ҳам жавоб берган. Бу турдаги кредитларда маблағни нақд пул шаклида эмас, қайсидир фирмаларга ўтказиш қатор саволларни юзага чиқармоқда. Мисол учун, бундай амалиёт туфайли 5 миллион сўмлик қорамол нархи 10 миллион сўмга айланиб қолмоқда.
«Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида энг асосий ва кўп кредитлар айнан шу икки йўналишда берилмоқда. Тўғри, бу ҳолатда истеъмолчи сифатида сиз ҳақсиз. Қорамолни арзон олишга ҳам ҳақлисиз. Лекин жараёнга макроиқтисодий нуқтаи назардан ҳам қарашимиз шарт. Кўпчилик яхши эслайди, 2016 йилда қорамолчилик, паррандачилик, лимончиликни ривожлантириш учун аҳолига кўп миқдорда кредитлар берилди. Шунда айнан қорамол хариди учун 2,7 триллион сўм ажратилган эди. Сўнгра гўшт ва қорамол нархи кескин ошиб кетди. Чунки мавжуд қорамолларнинг маълум эгаси бор. Сиз янги қорамол эгаси бўлмоқчисиз, лекин қорамол сони кўпайгани йўқ. Бу ўз-ўзидан нархларни ошишига олиб келди. Шу сабабли биз вилоят ҳокимликларига туёқ сонини кўпайтирган ҳолда аҳолига кредит беришни талаб қилдик.
Нақд пул шаклида ҳам бериладиган кредитлар бор. Мисол учун, водий вилоятларида касаначилар, ҳунармандлар кўп. Дўппидўзлар, каштачиларга кредитни нақд пул шаклида берамиз. Яъни карточкага тушириб берилади. Нонвойларга кредитнинг 30 фоизи нақд пулда, қолгани пластик карточкага ташлаб берилмоқда. Бундай шахслар берилган тавсияномада фаолиятининг маълум қисми бозорда нақд пул билан боғлиқ экани кўрсатилади», — дея маълум қилган Марказий банк раҳбари. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди