
24 сентябрь куни Украина дронлари Россиянинг Краснодар ўлкасида жойлашган Новороссийск шаҳри марказига йўналтирилган ҳужум амалга оширди. Бу ҳақда ҳудуд губернатори Вениамин Кондратев маълум қилди.
Айни вақтда денгиз дронлари ҳам (Россия ҳарбийлари уларни экипажсиз катерлар деб таърифламоқда) Новороссийск портига зарба берган. Мазкур порт Россиядаги энг йирик денгиз йўлагидан бири ҳисобланади. Бу ерда нафақат халқаро Каспий қувурлари консорциуми (КТК)нинг нефт терминали, балки РФ Қора денгиз флотига қарашли ҳарбий-денгиз базаси ҳам жойлашган.
Регионал фавқулодда штабга кўра, ҳужум оқибатида еттита турар-жой биноси зарар кўрган. Улар орасида «Новороссийск» меҳмонхонаси ва Шевченко кўчасидаги кўп қаватли уй ҳам бор. Шу уй том қисми ёниб кетган.
Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, яна етти нафар шахс турли даражада жароҳат олгани хабар қилинмоқда. Жабрланганлар орасида вояга етмаган бола ҳам бор. Улардан уч нафари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Бундан ташқари, 20 дан зиёд автомобил турли даражада шикастланган, учтаси бутунлай ёнган. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Губернатор аҳолидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва иложи бўлса уйдан чиқмасликни сўради.
Каспий қувурлари консорциуми ҳужум туфайли ўз офиси фаолияти вақтинча тўхтатилганини билдирди. Бино зарар кўргани учун барча ходимлар эвакуация қилинган. КТК маълумотига кўра, икки нафар ишчи яраланган, шу билан бирга, компания ходимларига алоқаси бўлмаган шахслар орасида ҳам оғир жароҳатланганлар бор.
Шу билан бирга, Россиянинг денгиз ва дарё транспорти федерал агентлиги (Росморречфлот) маълумот беришича, ҳужумдан кейин порт инфратузилмалари ва кемаларга катта зарар етмаган.
Ҳодисадан сўнг Краснодар ҳудудида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Хусусан, Геленжик шаҳрида ҳар қандай сузиш воситаларининг денгизга чиқиши тақиқланди. Туапсе ва Сочи шаҳарларида эса қирғоқбўйи аҳолиси вақтинча эвакуация қилинмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермаган. Украина ҳарбийлари ҳам бу борада ҳеч қандай баёнот билан чиқишмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!