date

Ўзбекистон терма жамоасига Каннаваро бош мураббий сифатида таклиф этилди

Ўзбекистон терма жамоасига Каннаваро бош мураббий сифатида таклиф этилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси келгуси йирик турнирлар арафасида янги бош мураббий масаласини ҳал қилишга киришди. Жаҳон футболидаги машҳур инсайдер, журналист Фабрицио Романонинг ёзишича, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси собиқ жаҳон чемпиони ва “Олтин тўп” соҳиби Фабио Каннаваро билан расмий мулоқот бошлаган.

Музокаралар жараёни

Маълумотларга кўра, Каннаваро вакиллари билан музокаралар фаол давом этмоқда. Итальян мутахассиснинг номзоди Ассоциация раҳбарияти томонидан жиддий кўриб чиқилаётгани таъкидланмоқда. Бу жараёнда шартнома муддати, маош ва иш услубига оид қатор масалалар муҳокама қилинмоқда.

Потенциал рақиблар

Аввалроқ терма жамоамизнинг бош мураббийи лавозимига яна икки номзод тилга олинган эди. Улардан бири – Германия термаси билан жаҳон чемпиони бўлгвн Йоахим Лёв, иккинчиси эса Жанубий Корея билан халқаро турнирларда катта тажриба тўплаган Пауло Бенту. Шунга қарамасдан, ҳозирги босқичда Каннаваро асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда.

Каннаваро ҳақида

Фабио Каннаваро футбол тарихида ном қозонган ҳимоячилардан бири. У 2006 йилда Италия термаси билан Жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, шу йилнинг ўзида “Олтин тўп”ни қўлга киритган. "Милан", “Интер”, “Ювентус” ва “Реал Мадрид” каби нуфузли клубларда тўп сурган. Футболчилик фаолиятидан сўнг мураббийлик йўлини танлаган ва Италия ҳамда Осиё клубларида тажриба орттирган.

Ўзбекистон учун янги босқич

Маълумки, Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати-2026 йўлланмасини қўлга киритди. Бу тарихий натижадан кейин Ассоциация жамоани юқори савияда тайёрлай оладиган, катта тажрибага эга мураббийни изламоқда.

Агар Каннаваро билан келишув ижобий якунланса, миллий терма жамоа илк бор Жаҳон чемпионатида Италия мактаби ва тажрибасига таянадиган бўлади. Бу эса нафақат жамоа, балки бутун ўзбек футболи учун янги синов ва катта имконият сифатида баҳоланмоқда.

Хулоса

Ҳозирча музокаралар якуни ҳақида расмий хабар берилмади. Бироқ Каннаваро номзодининг жиддий кўриб чиқилаётгани ва унинг миллий жамоамизга қўшилиши эҳтимоли юқори экани футбол жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон терма жамоасига Каннаваро бош мураббий сифатида таклиф этилди