АПЛнинг 5-турида "Манчестер Сити" жамоаси "Арсенал"га қарши ўтказган баҳсда ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов жароҳат сабаб иккинчи бўлимнинг бошида захирага олинган эди. Бу ҳолат "шаҳарликлар" ҳимоя чизиғини сезиларли даражада заифлаштирди ва мухлислар ўртасида хавотир уйғотди.
“Хаддерсфилд”га қарши баҳс олдидан ўтказилган матбуот анжуманида бош мураббий Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановнинг неча ўйинда иштирок этмаслиги ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра: “Менимча, у кейинги учта учрашувда майдонга туша олмайди”, — деди Гвардиола.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси кейинги баҳсларда, яъни "Хаддерсфилд" (Карабао Кубоги), "Бёрнли" (АПЛ) ва "Монако" (Чемпионлар Лигаси)га қарши ўйинларда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Ҳусановнинг узоқ муддат майдондан чиқиши "шаҳарликлар"нинг тактик режасини қайта кўриб чиқишни талаб этади ва Гвардиола учун ҳам катта синов бўлади. Унинг сафдан чиқиши орқали марказий ҳимоя чизиғи ва ҳимоячиларнинг бир-бири билан ҳамоҳанглигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу вазиятда мухлислар ва экспертлар Ҳусанов тезда тикланиб, майдонга қайтишини орзу қиладилар ва унинг сафга қайтиши клуб учун муҳим аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!