09:14 / 14.10.2022
1 698

Бир қиз шаъни — миллат шаънидир!

Бир қиз  шаъни — миллат шаънидир!
Ижара уйдан ҳайдалаётган талаба қизлар ҳақидаги видеолавҳани кўриб, дилим оғриди.

Кечагина яна бир таниш синглим ҳам худди шундай вазиятда эканлигини, хонадон эгаси беш юз долларга қониқмай, олти юз бермоқчи бўлган россиялик қочоқларни қўймоқчи бўлаётгани, ноиложликдан нима қилишни билмай турганлигини айтганди.

Ён йўлакдаги бадавлат қўшним эса, уй сўраб келган талабаларни ижарага қўймай, ўрнига алкаш, оғзи шалоқ ўрисни қўйгани ва у "минг доллар тўлаяпман, болаларинг уйимни тўғрисидаги майдончада ўйнашмасин" деганини ёзгандим.

Кимдир ўрисни айбласа, кимдир очофат уй эгаларига тош отяпти. Лекин муаммо фақат улардами?

Бутун бошли тизимдаку!

Ана, Туркияга боринг, марказдаги энг чиройли жойларда пештоқига фалон олийгоҳга тегишли "Örenci kızlar yurdu" (Талаба қизлар ётоқхонаси) деб ёзилган муҳташам биноларга кўзингиз тушади.

У биноларнинг ичи-таши, хизмат кўрсатиш сифати ҳам мана-ман деган меҳмонхоналардан чиройли. Ичига кириб оғзим очилиб қолган.

Тўлови ҳам чақмайди, яна эрталабки нонуштаси ҳам бор.

Ўта қимматлари ҳам топилади, лекин уларга ҳам эҳтиёж бор.

Давлатга тегишли олийгоҳларнинг ичида эса, талабалар учун очиқ-ёпиқ сув ҳавзали, стадионли, фитнес зал-у яна турли машғулотлар ўтиладиган имкониятларга эга шаҳарчалар мавжуд.

Арзон ва тўйимли таомлар тайёрланадиган ошхоналар, кутубхона ва бутун ҳудудда ишлайдиган учқур вайфай ҳақидаку гапирмасам ҳам бўлади.

Тўғри, охирги йилларда уларда ҳам ётоқхона тақчиллиги анча долзарб. Бироқ, дарров университет раҳбарияти, ҳатто ўша ўқув юрти жойлашган шаҳар баладия бошқонлиги муаммони ечишга киришишади.

Университет раҳбариятига қийналган, муҳтож иқтидорли талабаларга моддий ёрдам беришга тайёр ҳомийлар қўнғироқ қилишади.

Туркиянинг узоқ бир вилоятидан келиб, пойтахт Анқарада тўрт йил ўқиган қиз билан танишдим. У Ибн Сино номидаги клиниканинг етакчи педиатри экан.

Бир куни беш юлдузли меҳмонхонадай гўзал бир бинога ишора қилиб, кўзи ёшланди. "Мен шу ерда туриб ўқиганман. Ҳа, ҳайрон бўлманг! Ўзи камбағал оила фарзандиман. Кимлигини ҳам ошкор қилишни хохламаган яхши бир инсон қизлар учун мўлжалланган хусусий ётоқхонадаги хонам учун тўрт йиллик ижара пулини тўлаб берган. Бу ерда фақат бой қизлар яшайди деб ўйлардим. Адашибман. Мендан ташқари яна бир қанча иқтидорли талаба қизлар ҳомийлик асосида яшашар экан. Бугунги ютуқларимда ўша хайрсевар инсоннинг ҳам ҳиссаси бор" деди.

Ҳа, Туркияда талаба қизлар иложи борича кўчада, муҳтож, назоратсиз қолдирилмайди.

Бу миллат шаънига айбдир!

Биздачи? Қачонки кўрпа-тўшак орқалаб, ўриндиқларда тунаётган талабалар сурати ижтимоий тармоқларда тарқалгач ҳоким бувани виждони ўйғониб, иккита масканни шошилинч ётоқхонага айлантириб юборди. У ойнаванд бинолар қишда исийдими, йўқми, Худо билади. Исиса ҳам университетлардан анча узоқ. Йигитлар майли, қизлар тиқилинч транспортда юришларини тасаввур қилинг!

Дарсдан сўнг ишлаб, кеч қайтадиганлар ҳам бор. Тупкани тагига бориш осонми?

Ҳеч бўлмаса талаба қизларга шаҳар ичида ётоқхоналар ташкил қилинмайдими?

Ана, халқ пулига қурилган ҳайҳотдай бинолар бўш ётибди. Покиза жойга қурилган, бир вақтлар гуллаб-яшнаган, фаҳш урчигани сабаб харобага айланган "Чорсу" меҳмонхонасини ҳам таъмирлаб, фақат қизлар турадиган, чет элликлар келса, кўрсатиб мақталадиган намунали ётоқхонага айлантирса бўлади.

Қолаверса янги қурилган, қимматлиги учун сотилмаётган бўш уй-жой комлексларини бир нечтасини жиҳозлаб, бекорга эмас, ижара асосида талабаларни жойлаштирса бўлади.

Менга қолса, Тошкент сити қурилишидан аввал бузиб ташланган, минглаб истеъдодли болаларга илк сабоқларни берган собиқ "Пионерлар уйи" ҳудудида қурилган муҳташам уйларни энг иқтидорли талабалар яшайдиган хонадонларга айлантирган бўлардим.

Бизда ҳам ҳеч бўлмаса талаба қизларнинг ижара пулини тўлаб бера оладиган мардлар йўқми? Миллионлаб ойлик олаётган ва сессияларда эснаб ўтирган Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ва қилаётган ишларини фақат ўзларигина тушунадиган сенаторларимизнинг ҳар бири биттадан талаба қизга ҳомийлик қилса бўлмайдими?

Бойларнинг қайси бири бирор университет раҳбариятига мурожаат қилиб, муҳтож қизлар рўйхатини сўраган?

"Камқон, рангпар қизлар келса овқатини текин бер", деб бирор ошхонага пул ўтказиб қўйганлар ҳақида эшитганмисиз?

Бемор талаба қизларни текин даволайдиган клиникалар ҳақида маълумот борми?

Яна “миллат генфонди бузилди. Аксарияти мардикорликка ярайдиган пачоқ-пачоқ болалар туғиляпти” деб куйинамиз.

Аслида бу муаммолар аввалдан бор эди. Масалан биз ўқиганимизда нисбатан ётоқхоналар кўп бўлгани билан, улардаги шароит талабга жавоб бермасди. Ўзим яшаган тўрт қаватли ётоқхонада қиз-йигит аралаш тургани учун баъзи туппа-тузук қизлар ҳам ҳомиладор бўлиб қоларди.

Бу юзтадан битта ҳолат бўлса ҳам миллат шаънига иснод эди.

Тўрт қаватда яшовчи талабалар учун биринчи қаватнинг икки бурчагида ойнаси йўқ ҳожатхоналар, қишдагина иссиқ сув келадиган вокзалдаги туалетлардан ҳам хароб душлар бор эди.

Биринчи курсга кирганимда ТошПМИ талабалар шаҳарчасидаги бинода иккита кроват, пачоқ стол-стулдан бошқа ҳеч вақоси йўқ хонани ялиниб олганман.

Кейин хонадошим билан деворларига янги гулқогозлар ёпиштириб, деворига китоб токчалар қоқтирганмиз. Чиройли гултувакдаги гуллар билан яшнатиб юборганман.

Хона истарали бўлиб қолгач, бизни бир баҳона билан у ердан чиқариб, ўрнимизга ассистент бўлиб ишловчи домлани оиласи билан киргизиб қўйишган.

Ўшанда мен ҳам синглим билан роса ижара уй қидирганмиз.

Бир куни "Ташкентская неделя" деган ҳафтаномада арзон ижара уй ҳақидаги эълонга кўзим тушиб, оёғимни қўлимга олиб учиб бордим. Эълонни кекса одам берганига хурсанд эдим. Иймонли, инсофли бўлади қариялар деган чиройли гумонда эдим.

Уй Себзорда эди. Уй эшигини кексагина кампир очди. Оппоқ сочлари ўзига ярашган фариштага ўхшарди. Менга бошдан-оёқ назар ташлади. Мен ҳам одобим ёқсин деб, ўзбекона тавозе билан салом бериб жилмайиб турардим:

У "Яхши. Синглинг ҳам ўзингдай бўлса ижарага қўяман, лекин бошқа қизлар ҳам бўлади" деб кўп хонали уйини бир-бир кўрсата бошлади.

Ҳар бир хонада каттакон ётоқ бор эди. “Майли, синглим билан бирга ухлайверамиз. Муҳими иссиққина, муҳими метрога яқин" деб хурсанд эдим.

Кампир эса "роса содда экансан-а" деб кулиб, ижара бепуллиги, фақат шартлари борлигини айтди.

Янаям қувониб кетдим. Қанақа шартлигини ҳам сўрамай, "ҳозироқ бориб синглимни, бировларникида турган ашқол-дашқолимни олиб келаман, кейин гаплашамиз" деб, қайта-қайта раҳмат айтганча хонадондан чиқдим.

Учинчи қаватдан учиб ҳовлига тушсам, йўлак четидаги ўриндиқда икки аёл ўтирган экан.

Улар янги қўшниларимку деб, салом бериб энди икки қадам узоқлашсам ортимдан ғалати гап қилишди:

– Эссиз... Ёшгина экан. Соддагина кўринади. Минавар ғарнинг тўрига илинибдида...

Оёгимгача музлаб, қадам босолмай қолдим. Уй эгаси бўлган момо ўзини Минавар хола деб таништирганди. Нега қўшнилари уни ғар деяпди? Ортимга бурилиб, аранг овозим чиқди:

– Ким ғар?

Улар учинчи қаватдаги ойналарга бир қур қўрқиб назар ташлаб, секин гап бошлашди:

– Ҳозир сен кўрган пахтадай нуроний кампирда. Учига чиққан қўшмачи. Сизлардака содда талабалар учун бепул жой бор деб эълон қўяди. Уйидаги катта ётоқларни кўрмадингми? Кет бу ердан болам, ярим кечаси ёнингга битта эркакни киргизади, тамом. Қанча қизлар номусидан айрилганини биласанми? Ҳеч нарса қилишолмаган. Чунки кампиршонинг танкаси кучли. Ўғли прокурор, куёви коттакон лавозимда ишлайди. Биз ҳатто шикоят ҳам қилолмаймиз...

Қолган гапларини эшита олмадим. Қулоғим гувиллаб, миям ўчиб, карахт бўлиб қолдим. Шунчалик содда, шунчалик лақма бўламанми?

Сал қолса мен ҳам, синглим ҳам бадном бўлар эдикку!

Ўша жойдан қандай қочганимни айтсам.... Ўкириб йиғлаганча югурганман.

Ҳозир бунақа қўшмачи Минавар ғарлар йўқ дейсизми? Кўчада қолган содда талаба қизларни уйига чақириб олсачи?!

Қачон биз одам бўламиз ўзи?

Давлат ҳам, пули кўпайиб кетган тадбиркорлар ҳам ўйлаб-ўйламай янгидан-янги университетлар очяпти-ю, на таълим сифати, на берадиган дипломига топиладиган иш, энг муҳими эса на пойтахтга илк келган 17-20 ёшли ғўр талаба қизларнинг ҳаёти билан қизиқмайди.

Ота-она яхши тарбия берган бўлсада, ҳар кавакда ғар, ҳар бурчакда нафси бузуқ шайтонлар тўлиб ётибдику!

Уйимиз рўпарасидаги ўриндиқда тунаган, қизим "бомж" деб ўйлаган талабалар билан фақат Ёшлар иттифоқи агентлиги қизиқди. Марказий комитетдан қўнгироқ қилишиб, ўша йигитлар яна қайтиб келишса телефон рақамларини олиб қолишимни илтимос қилишди.

Яна шундай ҳолатга гувоҳ бўлсам, шахсан ўзлари билан боғланишимни тайинлашди.

Лекин қолганларчи? Ижтимоий тармоқда тарқалган видеони Сенат ёки депутатлар кўришмаганми?

Нега хотин-қизлар қўмитаси кўр?

Нега маҳалла Вазирлиги соқов?

Ёки водий, воҳанинг бирор маҳалласидан келган талаба қизлар Тошкентга бегонами?

Кўчага ҳайдалган қанча қиз азим шаҳарда қўйилган минглаб тузоқлардан қочиб, келажакда гулдай оила бекаси, ўтмишидан уялмайдиган бека, ўз қизлари учун ибратли она бўла оладими?

Унутманг, бир қизнинг иффати бузилса - миллатимиз юзи қиёматгача қаро бўлади!

P.S. Суратларда ўзим шахсан кўрган Туркияда талаба қизлар учун қурилган ётоқхона манзаралари.

Кўзи пулдан бошқасини кўрмайдиган амалдор, бойваччаларни кўриб ҳам кўзи очилмайди-ю, балки виждони уйғониб қолар деган ниятда илова қилдим.

Муаззам Иброҳимова

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир қиз шаъни — миллат шаънидир!