
Ангрен шаҳрида вояга етмаган қизга нисбатан содир этилган шафқатсиз зўравонлик ҳолати юзасидан суд жараёни бошланди. Ушбу иш бўйича Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова расмий баёнот бериб, суд мажлисларида иштирок этишини билдирди.
У оммавий ахборот воситаларига маълум қилишича, 15 ёшли жабрланувчи айни дамда Тошкентдаги тиббий муассасада даволанмоқда. Омбудсман қиз билан учрашиб, унинг руҳий ва жисмоний ҳолати, оиласига бўлган ишончи ва даволанишдан сўнгги яшаш режаларини аниқлади.
Расмий хабарга кўра, қизнинг соғлиғи секин-аста тикланмоқда. Вазни ортган, ҳолати барқарорлашган, у психологик ёрдам олаётгани қайд этилди. Мутахассислар назоратида у оғир травмадан чиқишга ҳаракат қилмоқда.
Сурайё Раҳмонова бу суд жараёнида иштирок этиб, вояга етмаган жабрланувчининг манфаатларини ҳимоя қилишини айтди. Шунингдек, қиз шифохонадан чиққач, уни хавфсиз ва соғлом муҳитда яшаш билан таъминлаш бўйича назоратни давом эттиришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, бу мудҳиш ҳолат жорий йил июль ойида содир бўлган. 15 ёшли қиз бир неча эркак томонидан, жумладан, ўз қариндоши иштирокида зўравонликка учраган. Натижада у оғир аҳволда реанимацияга ётқизилган ва вазни 28 килограммгача тушиб кетган. Айни дамда унга зарурий тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.