date

АҚШда бешта “права” си бор ўзбекистонлик ҳибсга олинди

АҚШда бешта “права” си бор ўзбекистонлик ҳибсга олинди

АҚШнинг Аризона штатида ноодатий ҳолат қайд этилди — бешта ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган 29 ёшли ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисасидан кейин қўлга олинди. Бу ҳақда US Border Patrol Yuma Sector — Чегара патруль хизмати расман маълумот тарқатди.

Маълум қилинишича, 19 ноябрь куни Кварцит шаҳри яқинида автоҳалокат содир бўлган. Ҳодиса юзасидан маҳаллий полиция текшируви бошлаганида ҳайдовчида бир эмас, бешта ҳайдовчилик гувоҳномаси борлиги аниқланган. Тафсилотларга кўра, унга Нью-Йорк штатида 2 та, Огайода эса 3 та ҳайдовчилик гувоҳномаси берилгани маълум бўлди.

Жароҳатланганлар йўқлигига қарамай, полиция юк машинаси ва тиркамани махсус майдонга олиб кирган ва шундан сўнг ҳайдовчининг шахсий маълумотларини қиёслашни бошлаган. Текширувлар давомида эса яна бир жиддий ҳолат очилган: эркак 2023 йил апрел ойида АҚШга ноқонуний тарзда кириб келгани маълум бўлган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг июль ойида иммиграция судьяси уни депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, у мазкур буйруққа итоат этмаган ва мамлакатдан чиқиб кетмасдан яширинча қолиб келгани аниқланди. Шу боис унинг иши яна қайта кўриб чиқиш учун тегишли федерал органларга юборилган.

Бу ҳолат ўзбекистонлик муҳожирлар орасидаги қонуний мақом масаласи яна долзарб эканини кўрсатади. Чунки бундан аввал ҳам АҚШнинг ICE хизмати 31 ёшли А.Б.ни террорчилик фаолиятига алоқадорлик гумони билан ҳибсга олгани маълум қилинган, кейинроқ эса у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича қидирилаётган шахс сифатида тан олинган.

Америкадаги бу каби ҳолатлар миграция қоидаларига риоя қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва мамлакатда қонуний мақомни сақлаш нечоғли муҳимлигини яна бир бор ёдга солмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » АҚШда бешта “права” си бор ўзбекистонлик ҳибсга олинди