19:43 / 10.12.2022
3 871

Ўзбекни қириб генерал бўлган босқинчи ҳақида тарихий ҳақиқатлар...

Ўзбекни қириб генерал бўлган босқинчи ҳақида тарихий ҳақиқатлар...
Скобелев Михаил Дмитриевич (1843–1882) – генерал-майор (1875), генерал-адъютант (1878), инфантерия (пиёда қўшинлар) генерали (1881). У Хива юришидаги, Қўқон хонлигини тугатишдаги босқинчилик ҳаракатларида ўта шафқатсизлик кўрсатган, Наманган ҳужумкор экспедицион отрядининг қўмондони (1875–1876), Фарғона вилоятининг биринчи ҳарбий губернатори (1876–1877) эди. Сўнгра Россия – Туркия урушида (1877–1878) қатнашгач, яна Марказий Осиёга қайтиб, 2-Ахалтака (Туркман) экспедициясига (1880–1881) раҳбарлик қилган ва бу қирғинларнинг барида беҳисоб мусулмонлар қонини тўккан, 1882 йил 7 июль куни Москвада тўсатдан вафот этган. Ҳарбийлик касби унга аждодларидан мерос бўлиб, бобоси Иван Никитич Скобелев (1778–1849) ва отаси Дмитрий Иванович Скобелев (1821–1880) ҳам генерал бўлган.

Полковник Скобелев Наманганга илк марта 1875 йил 26 сентябрь куни генерал Кауфман қўмондонлигидаги истилочи корпус таркибида қадам қўйган. Унинг империя манфаатларини ҳимоялаш йўлида Наманганда қилган золимликлари беҳисоб. Ўша вақтдаги рус матбуоти бу ҳақда муштарийларни мунтазам хабардор қилиб борарди. Дарёдан томчи дегандай, биз айримларини санаб ўтамиз: 1875 йилнинг ўзида Тошбулоқ ва Жийдакапани (2 ноябрь), Балиқчини (12 ноябрь), Чўжани (26 декабрь), Хўжаободни (27 декабрь), Ҳаққулободни (28 декабрь) вайрон қилди, ёндирди, талади, аҳолини тутдай тўкиб ташлади.

Шунингдек, октябрь ойида Наманганнинг бўйсунмас ҳокими Ботирхон Тўрани қўллаб-қувватлаган Тўрақўрғон ва Наманган шаҳри аҳлини аёвсиз қирган. Наманганда мустамлакачилик тузуми ўрнатилишига Туркистон генерал-губернатори Кауфманнинг ўзи бош-қош бўлди. У ишонган полковник Скобелевнинг аввалдаги хизматлари император (Александр Иккинчи) томонидан мунтазам тақдирланиб, кўкси орден-медалга тўлган эди. Октябрнинг 16-куни олинган шошилинч телеграф хабари яна ҳам қувончли бўлди - Скобелевга генерал-майор унвони берилганди.

К.П.Кауфман уни табриклади ва Наманганни ёш генералнинг қўлига топшириб, Қўқонга, ундан Тошкентга жўнаб кетди. Шунингдек, 1-Туркистон ўқчи батальони командири подполковник Гарновский Наманган шаҳрига комендант, майор Скрятин эса Чуст гарнизонига бошлиқ қилиб тайинланди. Умуман, генерал Скобелев қўл остида сапёр ва командирлар билан 14 та рота, беш ярим казаклар юзлиги, 18 та замбарак ва 4 та ракета станоги қолдирилганди. Октябрь охирларида 2-Туркистон батальонидан полковник Пичугин раҳбарлигидаги 2 та рота, икки казаклар юзлиги ҳам (иккита замбарак билан) Скобелевнинг ихтиёрига берилди.

Бу 4 мингга яқин тиш-тирноғигача қуролланган даҳшатли куч эдики, уларнинг вазифаси ягона: халқни зўравонлик билан бўйсундириш ва ўзига хос тартибларини мажбуран жорий этиш эди. Генерал Скобелев зиммасидаги бу топшириқни Наманганда талаб этилганидан ҳам анча ошириб уддалади. Андижонга юриш қилиб, шаҳар аҳлини қирғин қилди, қўшни қишлоқларни ҳам аяб ўтиргани йўқ. Қўқон ўрдасигача кириб бориб, Насриддинбекни тахтдан қувишга, Пўлатхон ва бошқа қўзғолончиларни дорга тортишга ҳам ўз ҳиссасини қўшди.

Ахийри, Қўқон хонлигини батамом тугатиб, унинг ҳудудини Россия империяси таркибига қўшиш иштирокчиси бўлиб тарихда қолди. Бу борада император Александр Иккинчи тарихимиздаги жуда ёмон бир ишга қўл урди: 1876 йилнинг 19 февраль куни Қўқон хонлигини батамом йўқотиш, унинг ўрнида Фарғона вилоятини ташкил этиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Зеро, шу куни рус подшоҳи тахтга чиққанига (1855 йил 19 февраль) роппа-роса 21 йил тўлганди. 1876 йил 2 мартда Фарғона вилояти ташкил топди ва 33 яшар генерал-майор Михаил Дмитриевич Скобелев янги маъмурий ҳудуднинг ҳарбий губернатори лавозимига тайинланди. Вилоят 7 уездга бўлинди: Наманган, Чуст, Андижон, Ўш, Марғилон, Қўқон, Исфара. Кейинроқ Чуст (1897) ва Исфара уездлари тугатилиб, Сирдарёнинг ўнг ёқасидаги барча шаҳар, қишлоқ ва овуллар (токи шимолдаги тоғлар орасигача) Наманган тасарруфига берилди.

Албатта, Наманганни бўйсундиришда Скобелев ёлғиз эмасди: ака-ука Меллер-Закомельский, Пичугин, Обромпальский, Комаров, Андросов, Штакельберг, Скрятин, Ранау, Ионов, Церпицкий, Эвертс, Ржепецкий, Топчевский, Смирнов, Вонградский, Ермолов, Соловьёв, Андреев, Мелянин, Десятов каби баронлар, полковниклар, подполковниклар, майор ва штабс-капитанлар, поручиклар, прапоршчик ва ясовуллар унинг ёнига кириб, бор шафқатсизликларини ишга солишди, ўз балойи нафсларининг ғамини ейишди.

Улардан бири Куропаткин Алексей Николаевич (1848–1925) бўлиб, Наманганни, Андижонни, Қўқонни асоратга солган чоғлари бор-йўғи штабс-капитан эди. Туркистон унга шунчалар ёқиб қолдики, 19-асрда тўрт марта - 1866–1871, 1875–1877, 1879–1883 йилларда ўлкамизда хизмат қилди ва яна қайтиб келди-да (1890), то 1897 йилгача Закаспий областида губернатор бўлиб ишлади.

Бу ердан кўтарилиб кетиб, Россия империясининг ҳарбий вазири (1898–1904) бўлди, 1901 йили погонига генераллик юлдузи тақилди. Лекин қуёшли ўлкадан туз-насибаси ҳамон узилмаган экан: Куропаткин 1916 йил июлда тағин Тошкентга келди ва 1917 йилнинг февралигача Туркистон генерал-губернатори лавозимида хизмат қилди. Ёмон ишлагани йўқ, масалан, 1916 йилги халқ қўзғолонини айни шу генерал қонга ботирганди...

Скобелевга қайтадиган бўлсак, у ҳақда кўп китоблар ёзилган. Ибратнинг “Фарғона тарихи”, Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий” асарларини ўшалар сирасига киритиш мумкин. Ибрат уни “Исқоблуб”, Баёний эса “Сиқублуф” деб атайди. Қайлардадир, масалан, Болгарияда ҳайкали бор деган гаплар юради. Қўқон хонлиги ўрнида янги вилоят тузилгач (1876), ҳарбий губернатор европача лойиҳадаги маъмурий марказ қуришга ижозат олади ва ўзи жой танлайди. Муҳандис И.У. Жилин лойиҳаси асосида 1877 йил июнь ойидан қурилиш бошланади.

Лекин истилочи қўмондонга орзулари рўёбини кўриш насиб қилмайди, болгарларни турклардан ҳимоя қилишга сафарбар этилади, кейин Парижга боради ва 39 ёшида ўлиб қолади. Ўзбекларнинг пули, қўли ва қулларча меҳнати билан қад ростлай бошлаган шаҳар эл оғзида Янги Марғилон аталарди, 1907 йили чор маъмурлари унга Скобелев номини қўядилар ва бу 1924 йилгача сақланади. Мустамлака даврида Наманганда ҳам Скобелев (ҳозирги Машраб) кўчаси бор эди.

Бир сўз билан айтганда, Скобелев – босқинчи, унинг юртимиздаги қонли фаолияти ҳақидаги маълумотларга бир мақоланинг қулочи етмайди. Скобелев тарихий шахс ва босқинчи саркарда сифатида ўзбек халқининг ашаддий душмани эканига шубҳа йўқ, албатта. Ўз ватанида эса у ҳозиргача шавкатли зот ҳисобланади, унинг ўзгалар учун фақат кулфат саналувчи ғалабаларини Россияда шон-шавкат деб биладилар ва “оқ генерал”нинг сирли ўлими тафсилотлари устида бугун ҳам бош қотирадилар.

Чунки, Скобелев 1882 йил 24 июнь куни Москвадаги “Англия” меҳмонхонасида тунаб қолган ва соппа-соғ бўлса-да, ярим кечада ўлигини топишган. (Қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг оҳи Аллоҳга етгандир-да, деган фикр хаёлга келади!) Унинг мурдаси юкланган мотам поездига 15 та вагон тиркалган бўлиб, Рязандаги отамерос Спасское чорбоғига олиб борилган ва аждодлари хилхонасига дафн этилган.

Скобелев ўз жонига қасд қилгани, Германиядан қотил жўнатилгани, меҳмонхонадаги қўшнилар заҳарлашгани, француз масонлари буни енг ичида уюштиргани, қотиллик подшоҳ Александр Учинчи билан ёмон алоқаси туфайли содир бўлгани ёки адъютанти ўлдиргани, Берлиндан келган фоҳишалар махсус топшириқни бажаргани...

Хуллас, бу масалада бир қанча тахминлар бор. Уни ўз юртида ватанпарварлик тимсоли ҳисоблашади. Тарихимизда оқ доғлар бўлмаслиги йўлида курашилар экан, мустамлакачи арбоблар фаолиятини ўрганиш ҳам илмий-тарихий зарурат, албатта. Қолаверса, бахтга қарши, Наманганда туриб, генерал унвонини олган энг биринчи қўмондон Скобелев эди.

Рустамжон УММАТОВ.
(«Наманган ҳақиқати», 2022 йил 8 декабрь.)

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекни қириб генерал бўлган босқинчи ҳақида тарихий ҳақиқатлар...