date

Перунинг яна бир собиқ президенти қамоққа олинди

Перунинг яна бир собиқ президенти қамоққа олинди

Перу суди мамлакатнинг собиқ раҳбари Мартин Вискаррани пора олиш айблови билан 5 ойга ҳибсга олишга қарор қилди. Бу ҳақда Al Jazeera ахборот агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, судья Хорхе Чавес 13 август куни ўтган суд мажлисида Вискаррани қочиб кетиш эҳтимоли юқори эканини таъкидлаб, қамоққа олиш ҳақида ҳукм чиқарган. Айтилишича, у 11 йил аввал Мокуэгуа вилояти губернатори лавозимида ишлаганида пора олганликда гумон қилинмоқда.

Вискарра эса айбловларни инкор этган ҳолда, бу ишни сиёсий таъқиб сифатида баҳоламоқда. У 2026 йилги президентлик сайловларида яна номзодини қўйишни режалаштираётгани маълум.

Аслида, суд июнь ойида уни ҳибсга олиш бўйича илк сўровни рад этганди. Бироқ прокуратура апелляция бериб, қочиб кетиш хавфини асос қилиб келтирган.

Шу тариқа, коррупция ва сиёсий инқирозлардан безовта бўлиб турган Перуда Вискарра охирги йилларда қамоққа тушган бешинчи собиқ президентга айланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Перунинг яна бир собиқ президенти қамоққа олинди