18:08 / 16.01.2023
592

Ҳайдовчи йигит ҳикояси: «Яхши кўрган қизим бирга қочишни таклиф қилганида унга нисбатан севгим сўнди»

Ҳайдовчи йигит ҳикояси: «Яхши кўрган қизим бирга қочишни таклиф қилганида унга нисбатан севгим сўнди»
Яқин танишим бир ҳафтадан бери шифохонада эди. Бугун ҳам кўриб келмасам уят бўлади, дея ишдан вақтлироқ чиқиб шифохонага боришни режалаштирдим. Қанчалик уринмай ишхонадан чиққунимча кун кеч бўлди. Бормагандан кўра кеч бўлса ҳам борганим яхши дедим-да, такси тутдим.

— Янги «ТошМИ»га.
— Хўп, ўтиринг.

Йўлкирани келишиб йўлга тушдик. Ҳайдовчи зерикиб турган шекилли, гапга тутди.

— Опа, турмушга чиққанмисиз?
— Ҳа, фарзандим ҳам бор.

— Хафа бўлманг-у, нега почча сизни кеч бўлганда ўзингиз юришингизга рухсат берган? — Жавобимни эшитмасдан гапида давом этди: — Мен уйлансам аёлим ўзи таксида юришига қўймайман. Қаерга борса, ўзим олиб бориб келаман, деб ният қилганман.

Гапни чўзгим келмай, «ниятингизга етинг, аммо турмушда ҳар хил вазият бўлиши мумкин», дедим.

— Қандай вазият бўлишидан қатъи назар, ҳеч қачон турмуш ўртоғингизга хиёнат қилманг.

Одатда ўзининг бошидан ўтганини айтмоқчи бўлганлар шундай насиҳат билан бошлайди. Индамай эшитсангиз гапириб кўнглини бўшатиб олади-да енгил тортади. Журналист эмасманми, нотаниш инсоннинг ҳаётий ҳикоясига қизиқиб жимгина тинглаб кетдим.

«Ёшим ҳам ўттизга қараб кетяпти. Лекин ҳали ҳам уйланмадим. Онам кунда ё ўзинг топ, ё ўзим топай дейдилар. Худога шукур бировдан камим йўқ. Топиш-тутишим жойида. Уй-жойим ҳам кўнгилдагидек. Фақат кўнглимдагидек қиз учрамаяпти, дея ўз ҳаётини ҳикоя қила бошлади.

Болалигимдан уддабурон эдим. Мактабда ўқиб юрган вақтим онам картошкаларни саралаб, чиқиндига ташлаб келиш учун берган кўкариб қолган картошкаларни бозорга олиб бориб пуллаб келганман. Ҳар қандай вазиятдан ҳам яхши гап билан чиқиб кетишга ҳаракат қиламан. Муомалам орқасидан пул топаман десам ҳам бўлади.

Анча йил аввал бир қиз билан танишдим. Бир-биримизга кўнгил қўйдик. Лекин совчиликка борганда уйдагиларимизнинг сўзлари бир-бирига қовушмади. Уни уйдагилари бермаймиз, меникилар бу хонадон билан қуда бўлмаймиз, деб қаттиқ туриб олишди.

Қизни кўп ушлаб туришмади. Бошқа йигитга узатиб юборишди. Тақдиримиз қўшилмаган экан. Қаерга, кимга беришганини суриштирмадим. Нима фойда? Энди у бировнинг жуфти ҳалолига айланган бўлса.

Йиғиб-йиғиб янги «Malibu» олгандим. Тўйи куни жаҳл устида мингга қўйиб ҳайдаб кетдим. Бориб дарахтга урилганман. Машина иккига бўлиниб кетди. Бахтли тасодиф сабаб тирик қолдим. Ўшанда ўлишга ҳам рози эдим. Бу севги дегани шунақа ёмон нарса бўларкан-да хуллас.

Анча вақт юрагим ёниб юрди. Аламимни ишдан олдим. Бир ўртоғим машина савдосига тортди. Ҳалол ишласанг, мижозларнинг ўзи топиб келаверади, тил-жағлисан, даромадли соҳа деди. Тажрибали инсонга шогирд тушдим. Дўстим мен ва устозим шерикчиликда иш қиламиз. Машина оламиз, керак бўлса таъмирлаймиз ва сотамиз. Харажати ҳам, фойдаси ҳам ўртада.

Битта машинадан 600-700 доллар фойда қиламан. Биров бермайди-ку, тўғрими? Уч-тўртта машинам бор: Spark, Lacetti, Mercedez... Хуллас ўрнига қараб минаман. Машина олишга борадиган бўлсам «Мерс»да, ўзимга қараб кийиниб бораман. Машинасини сотаётган одам кийимингизга қараб муносабатда бўлади. Муомалангизга қараб ё сотади, ё сотмайди.

Ҳайдовчилик қилишга чиққанимда эса Spark ёки Lacettiда чиқаман. Ҳафтада бир машина бозорга бораман. Ҳайдовчиликка ҳар кун кечки пайт чиқаман. Қолган вақтда ўзимнинг бошқа бизнесларим ҳам бор. Ўшалар билан шуғулланаман.

Пулни пулга уриб, даромад кўриб юрган шундай кунларимнинг бирида телефоним жиринглади. Таниш овозни эшитиб этларим жимирлаб кетди. Бу ўша қиз эди. Турмуш ўртоғи билан бахтли эмаслиги, мен билан қочиб кетишга ҳам розилигини айтди. Унга ичим ачиди, лекин бундай қилолмаслигимни айтдим.

«Ҳеч бўлмаса кўришиб гаплашиб турайлик», деганида унга бўлган муҳаббатим чилпарчин бўлди. Ўзимни унинг эри ўрнида тасаввур қилдим. Эртага уйлансам ва аёлим бошқа бир эркак билан кўришиб гаплашиб турса, менга қандай таъсир қиларди?!

Унга бу яхши эмаслигини айтдим. Яна нималардир дедим. У тушунганини айтиб гўшакни қўйди ва қайтиб телефон қилмади. Шу суҳбатдан сўнг ичимдаги ҳовур анча пасайди.

Карантин вақти машина савдоси ҳам, ҳайдовчилик ҳам сустлашиб қолди. Нимадир янги бизнес бошлашни режа қилдим. Фирмалар билан келишиб вилоятларга шоколад олиб бориб тарқатиш билан шуғулландим. Шунинг орқасидан ҳам мўмайгина даромад олдим. Ишонасизми, шундан бери шоколад емайман.

Пул йўқ, иш йўқ деб нолийдиганларни кўрсам доим айтаман, ҳаракат қил, меҳнат қил, мияни ишлат, албатта топасан...»

Ҳаётини гапиришга берилиб кетиб ҳайдовчи мени янги эмас, эски «ТошМИ»га олиб бориб қўйибди. Узр сўраб айтган манзилимга, ундан уйимга олиб бориб қўйди. Шу қадар гапга уста эканки, манзилга келгач ўзи айтган нархни берганимни сезмай ҳам қолдим. Гап билганга минг танга, дейишгани шу бўлса керак-да.

Чарос Маннонова.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳайдовчи йигит ҳикояси: «Яхши кўрган қизим бирга қочишни таклиф қилганида унга нисбатан севгим сўнди»