
Жиззах вилоятида юз берган дахшатли йўл-транспорт ҳалокати яна бир бор йўллардаги хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш қанчалик муҳим эканини кўрсатди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 21 ноябрь куни соат 23:50 ларда Шароф Рашидов туманидаги “Файзобод” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга М-39 “Тошкент–Термиз” трассасининг 989-чақириғида содир бўлган.
Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи, 2003 йил туғилган ҳайдовчи ISUZU русумли юк машинаси билан Самарқанд томонида жойлашган газ қуйиш шохобчасидан чиқиб кетаётган пайтда йўлда ўрнатилган 2.4 “Йўл беринг” ва 4.1.2 “Ҳаракатланиш ўнга” белгиларининг талабларига риоя қилмаган. У белгиланмаган нуқтадан Тошкент йўналишига бурилиш учун қатнов қисмига чиқиб кетган.
Айнан шу вақтда Тошкент–Самарқанд трассаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида истиқомат қилган 2002 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti юк машинасига катта куч билан бориб урилган. Тўқнашувдан кейин Lacetti муҳаррик қисмида ёнғин келиб чиқиб, автомобил бутунлай ёниб кетган.
Фожеа оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ва салондагӣ тўрт нафар йўловчи олган оғир жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган. Уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси учинчи қисми “а” банди асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.