Вагонда яширилган минглаб дори ва анжомлар божхона назоратида ушланиб қолинди

Россиядан Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилаётган йирик ҳажмдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар аниқланиб, мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
ДХХ Чегара қўшинлари ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Волгоград – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган поэзд “Қорақалпоғистон – темир йўл” назорат пунктида тўхтатилиб, текширувдан ўтказилди.
Поэзднинг 7-вагонида Самарқандда яшовчи, 1981 йилда туғилган кузатувчи томонидан ҳаво айланиш шахтасига яширилган қиймати 913 миллион сўмлик 30 турдаги 2 742 дона стоматологик буюм ва ускуналар топилди.
Шунингдек, 12-вагонда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган шахс томонидан 1,5 миллиард сўмлик 12 турдаги 894 дона дори воситалари ва тиббий анжомлар божхона назоратидан яширинча олиб кирилаётгани фош этилди.
Аниқланишича, кузатувчилар ушбу маҳсулотларни моддий манфаат эвазига Тошкент шаҳрига етказиб беришни режалаштирган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.