
Самарқанд вилоятида муқаддам судланган 59 ёшли шахс ноқонуний наркотик савдоси билан яна шуғулланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ҳамда ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда Ургут туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Кузатув остида бўлган, Ургут туманида яшовчи, 1966-йилда туғилган шахс 993 грамм оғирликдаги “опий” моддасини шартли харидорга 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Терговга қадар суриштирув давомида аниқланишича, мазкур оғир наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли орқали олиб кирилган. Товар чегарадан яширин йўл билан ўтказилгани аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (наркотик моддаларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
ДХХ расмийларига кўра, Жиноят кодексининг мазкур моддаларида кўрсатилган жиноятлар учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ҳозирда суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.