Империализм томонидан ёзилган Ўзбекистоннинг яқин тарихи кенг миқёсда ва холисона тадқиқ этилишга муҳтож. Бунда жадидчилик ҳаракати, уларнинг вазияти, жасорати, хатолари ва фожиалари алоҳида ўрин тутиши лозим. Хўш, бу нима учун керак?
6-7 март кунлари Тошкентда “Жадидларнинг маърифий фаолияти: ғоялари, мақсадлари, вазифалари ва Туркистон тараққиётига қўшган ҳиссаси” номли ҳалқаро конференция бўлиб ўтди. Унда барча туркий давлатлар ҳамда АҚШ, Россия, Швеция, Германия фуқаролари иштирок этди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон давлати ва жамияти жадидлар феноменига катта эътибор бермоқда, ўрганмоқда, ўйланмоқда. Хўш, нега?
Назаримда, жадидлар феномени орқали Ўзбекистон халқи, давлати ва ўзбек деган туркий-мусулмон ўзлик, катта бир даврни ва катта бир маконни таҳлил қилиб кўрмоқчи.
20-аср, дунё туркийлари, жумладан ўзбеклар учун ҳам, оғир давр бўлди, мустамлакалик даври бўлди, йўқотишлар ва мағлубиятлар даври бўлди. Аслида, бу фожиа 19-асрнинг ўрталарида бошланган эди, инқироз эса анча олдин бошланган эди.
Бугун, Ўзбекистон, мустақил давлат ва миллат сифатида, яқин ўтмишга, Қодирий тилида айтганда “мозийга қайтиб”, ўша даврга хаёлан сафар қилиш, ундаги муаммоларни англаш ва уларга ечим излаш фурсати келди.
Ўзбекистоннинг замонавий тафаккурида, ўтмишимизга ва ўзлигимизга нисбатан фундаментал шубҳалар, ишончсизликлар, салбий қарашлар шакллантирилди. Мустамлакачилик, табиийки: “Сенинг аҳволинг ўта оғир эди, биз келиб, сени одам қилдик” деди.
Шунинг учун, мустамлакачилик назорати остида, шонли тарих унуттирилди, ўтмишдаги муаммолар эса бўрттирилди. Айнан шунинг учун ҳам, тарихи орқали ўзлиги, демакки, келажаги ҳам қисман жароҳатланган миллатмиз. Ўтмишни яхши билиш, бизга ўтмишдаги хатоларни билиш имкониятини беради. Қолаверса, ўтмишдаги салоҳиятимизни билиш ва ҳис қилиш имкониятини яратади.
Ўзбекистон давлатчилиги, ўтмишимизга, демакки, келажагимизга нисбатан ҳам шубҳа ва гумонлар билан тўйинтирилган тарихимизни холис ўрганиш борасида, катта ишлар қилиши керак. Ўзбекистонда жуда йирик тарихчилар қатлами ишлаши керак. Тарихчиларимиз, миллий тафаккуримизни муолажа қилишда, ишончни ўзига қайтаришда – катта рол ўйнаши керак.
Тарихимиз – узун, зиддиятли, шон-шарафлар ва фожиалар билан тўлиб тошган. Лекин ҳозирда тарихимиз ҳақидаги билганларимиз, назаримда, жуда юзаки ва анча бир ёқламадек кўринади.
Жумладан, империализм томонидан ёзилган тарихга кўра, яқин ўтмишда туркий халқлар ва мутафаккирлар муттасил ўзаро низоларда бўлишгани сингдирилади. Чор Россияси ва советлар – халоскор сифатида тасвирланади.
Глобаллашган дунёда, ўзликлар ва тафаккурлар рақобати, тўқнашуви, олдингидек чегаравий эмас, глобал бўлади. Тарихни билиш – миллий ўзликни ўйғотиш, миллий ишончни парваришлаш воситаси ҳисобланади. Тарих нафақат ютуқлар ҳақида, балки хатолар ва фожиалар ҳақида ҳам сўзлайди.
Бу билан, тарих, “ким дўст?”, “ким душман?”, “ким босқинчи?”, “ким мустақиллигимиздан манфаатдор?” деган саволларга энг холис жавоб бера олади. Бу саволларнинг жавоби эса, бугунги пропагандалар, геосиёсий курашлар, тафаккур манипуляциялари даврида, жуда зарур маънавий озуқа бўлади.
Жадидлар – жуда қизиқ феномен. Улар, мени назаримда, икки ўт орасида қолишган эди. Бир томондан асрлар давомида шаклланган ва ҳар қандай модернизмга қарши бўлган консерватизм. Иккинчи томондан, империалистик, колониал модернизм эди.
Жадидлар, ўзликларимизни сўндирмасдан, унинг асосида мўътадил ва маърифатпарвар модернизмга эришмоқчи бўлишди. Лекин, колониализм уларнинг кучли ғоясини нақадар жозибадор эканини англаб, уларни тўлиқ қатоғон қилишди...
Бу даврни билиш – яқин ўтмишдаги энг катта жиноятлар, фожиаларни билиш, мустақиллигимиз нақадар улуғ ва қимматли неъмат эканини англатади...
Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи