
Ўзбекистон олий таълим тизимида муҳим янгилик кутилмоқда. Мамлакатда Сербиянинг етакчи университетларидан бири ҳисобланган Белград университети филиали очилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур университет дунё академик рейтингларининг топ-1000 рўйхатида доимий равишда ўрин олган. Бу ҳақда Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбой Шарипов маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Сербия томони Ўзбекистонлик абитуриентларга муҳандислик, ахборот технологиялари ва блокчейн каби истиқболли йўналишларда таълим олиш имкониятини таклиф қилишга тайёр. Таълим соҳасидаги ушбу ҳамкорлик 29-октябрь куни президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич ўртасида ўтказилган музокаралар натижасида келишилган.
Шунингдек, ушбу мулоқот доирасида Нови-Сад университети билан ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. У билан қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бу ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли келишувлар доирасига киради ва Ўзбекистоннинг етакчи хорижий таълим марказларини жалб этишга қаратилган умумий стратегиясига мос келади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.