date
views 212

Озарбойжон элчиси: Мирзиёев минтақада совуқчиликка чек қўйди

Озарбойжон элчиси: Мирзиёев минтақада совуқчиликка чек қўйди

3 ноябр куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммит доирасида президент Мирзиёев минтақавий ва глобал ҳамжамият учун муҳим бўлган ташаббусларни илгари сурди. Озарбойжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусейн Гулиев ташкилотнинг бугунги кундаги ўрни ва Ўзбекистоннинг муҳим роли ҳақида фикр билдирди.

Жаноб элчи, Туркий давлатлар ташкилотида Ўзбекистоннинг роли қандай ортиб боряпти?

Дўстлар, Ўзбекистон ривожланиши, ўртамиздаги алоқалар мустаҳкамланиши ва минтақадаги вазият ҳақида шуни айта оламанки, мен бу ерга келган даврда вазият бугунгидек эмас эди. Минтақадаги мамлакатлар ўртасида катта тушунмовчиликлар ҳукмрон эди. Буни ҳамкорлик деб атаб бўлмасди. Бу ҳолат минтақада яшовчи аҳоли манфаатларига зид эди ва табиийки, бу жараён узоқ давом этмаслиги керак эди.

Жаноб Мирзиёев Ўзбекистон президенти бўлиб сайлангандан кейин сайлов олди ва кейинги кўплаб нутқларида ўзининг амалга ошириладиган 8 та катта реформалари ҳақида кўп гапирди. Бу реформаларни узоқ муҳокамага қолдирмасдан ва ўз халқи, сайловчилари олдида берган ваъдаларини тезда бажаришга киришди. Марказий Осиё давлатларига, яъни ўша кўплаб тушунмовчиликлар ҳукмрон бўлиб турган давлатларга қатор ташрифларни амалга оширди.

Менимча, сув масаласи бўйича Тожикистон билан, ҳудудлар яхлитлиги масаласида Қирғизистон билан муаммолар бор эди. Умуман олганда, на иқтисодий ва на сиёсий муносабатлар йўқ эди десак ҳам бўлади. Жаноб Мирзиёев бу мамлакатларга серияли ташрифларни амалга оширди. Бу жараёнларга бир йил атрофида вақт кетди ва у ўз натижаларини бера бошлади. Минтақа мамлакатлари ўртасида муносабатлар яхшиланди. Давлат раҳбарлари ташрифи, ҳар хил делегациялар, қисқаси, ҳамкорлик бошланди. Минтақада ҳолат яхшиланди.

Президент Мирзиёев сайланганидан буён мамлакатда кўплаб ажойиб жараёнларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Авваллари кўчаларда одам бўлмас эди, машиналар бўлмасди, ресторанлар ишламас эди, 8-9 га қолмай беркиларди. Ҳозир кўчаларни кўринг, Тошкентдаги кенг кўламдаги қурилишларни айтмайсизми.

Кўплаб соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик бошланди, энг муҳими, минтақадаги мамлакатлар билан ҳамкорлик ривожланди. Президент бошлаган ва амалга ошириб келаётган ислоҳотлари кўп куттирмай ўз самарасини бера бошлади. Авваллари бу атрофларда сайр қилиб юрган одамларни кўрмас эдим. Ҳозир ҳамма сайр қилишга чиққан. Барча ресторанлар одам билан лиқ тўла. Бу одамларнинг фаровон яшаш тарзи ўсиб бораётганидан, ишонч ўсиб бораётганидан далолат беради. Мен яхши биламан, авваллари бу ерга келиш тақиқланган, шунчаки киритишмасди ёки узоқ муддатга қолиш мумкин эмасди.

Ҳозир ҳеч ким сўрамаяпти ва буни одамлар ҳис қилмоқда. Шу сабабли мен айтоламанки, ўта қисқа муддатда амалга оширилган ислоҳотлар жамоатчилик, халқ томонидан жуда катта хурсандчилик билан қабул қилинди. Мирзиёевнинг энг катта ислоҳотларидан бири – халқ раҳбарларга эмас, раҳбарлар халққа хизмат қилиши керак деган тамойили бўлди ва бу ўз самарасини бермоқда. Бу жараёнларни ва сайлов олди 8 та устувор вазифаларни аниқ ва ўз ўрнида ҳаётга татбиқ этиб келмоқда.

Глобаллашув жараёнида Туркий давлатлар ташкилотининг интеграцияси қанчалик муҳим?

Сизга айтсам, бугун дунёда чақириқлар жуда кўп. Дунё ўзгариб бормоқда, ҳар жойда зиддиятлар, тўқнашувлар, кимдир қаршилик кўрсатган, кимдир бошқа жойни эгаллаб олган, барча қадриятлар ўзгарди ва дунё нотинч бўлиб қолмоқда. Чақириқлар жуда кўп. Бу жараёнлар халқлар, мамлакатлар ва давлатларни сақлаб қолиш, ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун қандайдир ҳолда бирлашишга мажбур этади. Биз мусулмонларнинг, туркий тилли давлатларнинг динимиз бир, анъаналаримиз бир, эътиқодимиз бир, умумий тилимиз бир, умумий тарихга эгамиз.

Мана шу омиллар ва раҳбарларимиз иродаси ўлароқ бугун ҳаётнинг ўзи бирлашишимизни кўрсатиб бермоқда. Биз ким биландир жанг қилиш учун ёки унга ёмон бўлиши учун бирлашганимиз йўқ. Биз яхшиликларни бир-биримиз билан баҳам кўриш ва бир-биримизга ёрдам бериш учун бирлашмоқдамиз. Масаланинг моҳияти шунда. Биз ким биландир нимадир бўлишмоқдамизми, албатда у халқларга ҳам яхши бўлади.

Тасаввур қилинг, сиз билан биз тўқ ҳолда турсак ва бошқа бир қардош-қўшни давлатимиз очликдан қийналаётган бўлса, унга ёрдам беришимиз осонроқ бўлади. Келтириб ўтган мисолим бу бирлашишнинг энг содда ҳақиқатларидан бири ва бирлашиш аҳамиятининг кучи ҳам шунда.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов тайёрлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Озарбойжон элчиси: Мирзиёев минтақада совуқчиликка чек қўйди