Баъзилар шамоллаб қолганида шифокорга бормай, аввалгидан ҳам кучлироқ антибиотикларни қабул қилади. Бироқ кўпчилик антибиотиклар зарарли бактериялар билан бирга танадаги фойдали бактерияларни бутунлай ўлдириб юбориши мумкинлигини билмайди. Kun.uz антибиотикка ўрганиб қолганларни нима кутаётгани ва нега ривожланган мамлакатларда антибиотик сотиш, сотиб олиш устидан кучли назорат ўрнатилгани мавзусини ўрганди.
Янги авлод кўпроқ антибиотик оляпти
Kun.uz Тошкент шаҳрида кичик сўровнома ўтказди. Унда иштирокчилардан антибиотик олган ёки йўқлиги; агар олган бўлса, қайси ҳолларда ва қандай антибиотиклар экани сўралди. Сўровномада 30 дан ортиқ 18-60 ёш оралиғидаги аҳоли қатнашди. Уларнинг 30 ёшгача бўлган 10 нафари 5-8 мартагача антибиотик олганини айтди. Яна 30 ёшдан юқори кишилар 3-4 марта, 50 ёшдан юқорилар эса 1 марта ёки умуман олмаганини маълум қилди. Бу рақамлардан бутун Ўзбекистонда аҳоли антибиотикдан шундай фойдаланади деб тушунмаслик керак, чунки ҳудудларда антибиотикдан фойдаланиш пойтахт аҳолисидагидан анча кўпроқ экани эҳтимоли йўқ эмас.
Антибиотик нимага хизмат қилади?
Антибиотиклар баъзи микроорганизмлар (бактериялар), ҳайвон тўқималари, айрим юксак ўсимликлар ҳаёт фаолияти натижасида ҳосил бўладиган бактерия ва турли хил микробларнинг ўсиши, ривожланишини тўхтатадиган органик моддалар ҳисобланади.
Антибиотиклар турли бактерияларни ўлдиришга хизмат қилишига кўра, бир неча турларга бўлинади. Бактерияли инфекцияларни даволайдиган юзлаб турдаги антибиотиклар бўлиб, уларнинг асосийлари 6 гуруҳга бўлинади. Энг кўп қўлланадиган антибиотиклар гуруҳи бу B-Lactam антибиотиклари бўлиб, уларни фақат бактерияли инфекция билан касалланиш ташхиси қўйилгандагина беморда қўллаш мумкин.
Мақолада ҳам айнан шу антибиотиклар таъсири ҳақида сўз боради. Қизиқ нуқтаси шуки, аксар шифокорлар бактерияли инфекция туфайли касалланиш ва вирусли инфекция туфайли шамоллашни (масалан оддий грипп ёки ЎРВИ) бир-биридан фарқлашга қийналади ва натижада иккисига ҳам антибиотик ёзиб бераверади.
Қайси ҳолларда антибиотик қўллаш мумкин?
Умиджон Мадалиев
Буюк Британия South Coast Medical Group (SCMG) компаниясининг бош партнери ва бош шифокори бўлиб ишлайдиган Умиджон Мадалиевнинг айтишича, шамоллаш ташхиси қўйилган ҳамма ҳолатда ҳам антибиотик ишлатиш тавсия қилинмайди. Ривожланган давлатлардаги кўп миқдордаги тадқиқотлар ва текширувлар шуни кўрсатганки, болалардаги ўрта қулоқ яллиғланиши (otitis media)да антибиотиксиз (placebo bilan) даволанганларнинг 80 фоизи 2-3 кунда ўзини яхши ҳис қилган бўлса, антибиотиклар билан даволанган болаларнинг 90 фоизи 2-3 кунда ўзини яхши ҳис қилган (яъни 10 фоиз фоиз фарқ). 30 фоиз болаларда эса антибиотикнинг ножўя таъсири кузатилган.
“Сиз 10 нафар қулоғи оғриган боланинг ҳаммасига антибиотик берсангиз, шулардан фақат 1 нафари фойда топади. Аммо қолган 9 нафари ҳар хил даражадаги нохуш таъсирларга дучор бўлиши мумкин. Кўриб турганингиздек, антибиотик олиш ва олмасдан тузалиш ўртасида деярли фарқ йўқ. Аввало беморни даволаш керакми-йўқми, шуни аниқлаш лозим. Чунки инсонга жуда кўп ҳолатларга ҳеч қанақа дорининг ҳожати йўқ, вақтнинг ўзи даволайди”, – дейди у.
АҚШнинг Carlow университетида умумий амалиёт шифокориликка ўқиётган Лазиз Мардонов ҳам ҳамкасбининг гапларини тасдиқлайди.
Лазиз Мардонов
“Оддий вирус бўлса, унга антибиотик берилмайди. Бунинг ҳам ўз стандартлари бор. Масалан, шифокор текширади, беморда бактерия инфекцияси бўлса ва у шамоллашни чақирган бўлса, томоғида тонзиллит, шиш бўлса, энг пастки поғонадаги антибиотикдан бошланади”, – дейди у.
Ривожланган мамлакатлар стандартлари
ЖССТ антибиотик қўллаш бўйича 5 тамойилини эълон қилган. Умиджон Мадалиев Буюк Британияда худди шу тамойиллар асосида ишлашини айтади.
“Масалан, менга ҳарорат билан келадиган 10 беморнинг 8-9 нафарида вирусли инфекция бўлади. Яъни ҳарорат, томоқ оғриғи, қулоқ оғриғи билан келганларнинг 9 нафарида вирусли инфекция бўлиб, уларга антибиотикнинг ҳожати йўқ. Демак шифокор ўша беморлар ичидан 1 нафарига антибиотик ишлатишни била олиши керак. Бунинг ўзига яраша ўқув тренинг методлари бор. Британияда оддий томоқ оғриғи учун ҳам алоҳида протокол ва илмий асосланган баҳолаш усул мавжуд. Масалан, томоқ оғриғи учун “Centor” ёки “ Fever pain” деб аталадиган баҳолаш протоколи бор”, – дейди у.
Шифокорнинг тушунтиришича, протоколга кўра, бактерияли (streptokokkli) инфекцияни аниқлаш ва антибиотик берилиши учун бемор 3-4 балл тўплаши лозим, буни ҳисоблаш учун эса қуйидаги формуладан фойдаланилади (centor баҳолаши):
- лимфа тугуни катталашган бўлса 1 балл; ҳарорати 38 даражадан баланд бўлса 1 балл;
- ангина безида йиринг бўлса 1 балл; йўтал бўлмаса 1 балл; ёши 3-14 орасида бўлса 1 балл берилади.
Шу билан биргаликда, агар ўша беморда йўтал ва бурун оқиши кузатилаётган бўлса, ёши 45 дан баланд бўлса 1 ёки 2 балл олиб ташланади ва бу ҳолатда антибиотик олиш шарт бўлмаслиги мумкин.
“Яъни ҳар бир патология учун ўзининг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган ва шифокорлар ҳам шунга қараб муолажа қилади. Бу нафақат беморларни тўғри танлашда, балки кераксиз дориларни бермасликнинг олдини олишда ёрдам беради”, – дейди Мадалиев.
Лазиз Мардонов ҳам ҳамкасбининг фикрини маъқуллади.
“Бемор грипп бўлаётган бўлса, умуман антибиотик ёзилмайди. Чунки грипп вирус чақиради, вирусда антибиотик ишламайди. Антибиотик фақат бактерияда ишлайди. Стафилококк бу бактерия. Масалан, Ковид ҳам вирус эди, унда антибиотик таъсир қилмасди. Вирус кирганидан кейин иммунитет тушади, беморда иккиламчи патология бошланади. Бактериялар ривожланишни бошлайди, ўпка шамоллаши бошланади ва бу ерда антибиотик керак”, – дейди у.
Ўзбекистонда ҳамма шифокор стандартдан хабардорми?
Хўш, Ўзбекистонда-чи, сиз ҳам шифокорга борсангиз худди шунақа стандартлар асосида антибиотик ёзадими, шифокорларда шундай протокол борми?
Умиджон Мадалиев худди шу савол билан Ўзбекистондаги шифокорлар гуруҳида кичик сўровнома ўтказгани ва 80 фоиз шифокор улар бундай протоколлардан фойдаланмаслигини маълум қилганини айтади.
“Аслида шифокорларга антибиотикларни қўллаш бўйича протокол берилган бўлиши керак. Унда ҳамма нарса аниқ кўрсатилиши лозим. Қайси ҳолатда қайси антибиотикни ишлатиш кўрсатилиши ва бутун мамлакатда бу амал қилиши керак. Шифокор истаган дори номини ёзиб бермаслиги керак. Масалан, мен бир беморга дори ёзиб берсам, шу бемор Британиянинг Шотландия ёки Уелсидаги шифокорига борса, мен ёзган дори билан бир хил бўлиб чиқади. Яъни давлатнинг ягона даволаш стандартлари бор ва ҳамма унга амал қилади”, – дейди у.
Лазиз Мардонов эса антибиотик ёзишдан ташқари, унинг устидан ўтказиладиган назорат Америкада ҳам жуда кучли эканини айтади. Америкада антибиотикларнинг энг оддий тури, пенциллин ва ампициллин ишлатилишини айтади.
“Ўзбекистонда эса энг кучли, энг яхшисини беришади. Ҳозир даволаб олайлик дейишади. Ўзбекистонда ҳеч ким ампициллинни антибиотик демаса ҳам керак, лекин бу ерда шу билан бошланади, қолган кучлироқлари эса захирада ушлаб турилади. Агар уни ҳам олгандан кейин, бемор яхшиланмаса, унинг флорасидан намуна олиниб, текширувлардан ўтказилиб, кейин кучлироқ ёзиб берилиши мумкин”, – дейди у.
Антибиотик ичак микрофлорасини бузади
Антибиотикнинг кашф қилиниши инсоният ҳаётида жуда катта бурилиш ясаганини инкор қилиб бўлмайди. Бироқ ундан нотўғри фойдаланиш, унга қарам бўлиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмас. ЖССТ антибиотикларга нисбатан пайдо бўлаётган (инфекциялардаги) чидамлилик бу инсониятнинг инқирози деб атади.
Хўш, нега? Антибиотикларнинг терига тошма тошириши, яра-чақалар пайдо қилиши, анафилакция бериши ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлари кўпчиликка маълум. Умиджон Мадалиев эса унинг ичак микрофлорасига қандай таъсир қилиши ҳақида гапириб берди.
“Ҳамма инсонлар (ва умуман сут эмизувчилар) ўз танасида ва организмида маълум миқдорда бактерияли, маълум миқдорда вирусли, маълум миқдорда замбуруғ инфекцияларни олиб юради. Буларнинг организмда ўз роли бор, албатта. Масалан, ичаклардаги бактерияларимиз овқатни ҳазм қилиши, парчалаши ва керакли витаминларни организмда синтезлаши ва сақлаб қолишда ёрдам берувчи ҳисобланади. Лекин танага антибиотик кирганда у бориб туриб фақат томоққа, қулоққа ёки бошқа яллиғланган жойга таъсир қилмайди, балки унинг кучлилигига қараб, ичакдаги бизга керак бўлган микрофлоранинг ҳаммасини тозалаб ташлайди”, – дейди у.
Мадалиев Копенгаген университети олимлари антибиотиклар зарарли бактерияларга қўшиб, овқат ҳазм қилишда қатнашадиган ўта зарур бактерияларни ҳам ўлдириб юборишини тасдиқлаганини айтади.
“Science Daily нашрида 2018 йил 23 октябрда эълон қилинган мақолада кўрсатилишича, 3 хил антибиотик ичган соғлом одамнинг ичаклари текширилганда, 4 кундан кейин ичакда бактериал микрофлора нолга тушар экан. Ва шу одамларни текшириб боришганда, 6 ойдан кейин ҳам уларнинг ичакларидаги камида 9 та жуда зарур бўлган бакериялар ҳали тикланмагани маълум бўлган. Бундан ташқари ичакда маълум миқдорда олимлар кераксиз бактериялар пайдо бўлганини кузатган. Натижада микрофлора тикланишига 6 ойдан 12 ойгача вақт кетган. Бу микрофлоранинг етишмаслиги керакли витамин ва озуқаларнинг сўрилмаслиги, ўсиш, ривожланиш ва бошқаларга таъсир қилади”, – дейди у.
Антибиотикка чидамлиликнинг хавфи
Антибиотикка ўрганиб қолишнинг иккинчи энг катта хавфи эса танада бактерияларнинг антибиотикларга қарши яшовчанлиги ошиб кетишида бўлади. Буни Лазиз Мардонов шундай тушунтиради.
“Умуман бактериялар ҳам ривожланади. Улар ҳам атрофга мослашади. Масалан, танага битта кучли антибиотик бердингиз, энди ўша бактерия танага мослашиб ўзи ўлаётган бўлса ҳам авлодлари тирик қолаётган бўлса, иккинчи сафар олдинги қўлланган антибиотикка чидамлилик пайдо қилади ва бу пайтда энди олдингидан ҳам кучлироқ антибиотик берилиши керак бўлади. Бу эса харажат ва бошқа аъзоларга зарарли таъсир дегани”, – дейди у.
Шифокор Умиджон Мадалиев эса инфекциянинг антибиотикларга қарши чидамлилиги ошиб кетса, инсонларни бошқа оддий касалликлар туфайли ҳам йўқотиб қўя бошлаш мумкинлигини айтади.
“Кейинчалик оддий томоқ ёки қулоқнинг вирусли инфекциялари ёки шамоллагандаги оддий бактерияли инфекцияларга ҳам антибиотик таъсир қилмай қўяди. Кўричак ёки ўт пуфаги олиб ташлангандан кейин бериладиган антибиотиклар ҳам кейинчалик таъсир қилмай қўйиши мумкин ва бу беморларнинг шундай оддий операциялар ёки касалликлар туфайли оламдан кўз юмишига олиб келади. Ёки саратон касаллигида инсонлар кимётерапия олади ва иммунитети тушиб кетади. Агар улар шу пайтда бирор инфекция юқтирса, унда уларни ҳозирги амалдаги антибиотиклар қутқариб қололмайди”, – дейди у.
Шифокорларнинг айтишича, антибиотикка чидамлилик битта одамнинг ўзидагина содир бўладиган жараён эмас. Антибиотикка чидамли бактерия бошқа одамга юқса, энди унга ҳам ҳозирги амалдаги антибиотиклар таъсир қилмай қўяди.
“Ҳозир ҳам унча-мунча антибиотик таъсир қилмайдиган супербаглар бор ва борган сари дунёда кўпайиб боряпти. Бир оилада яшагандан кейин оила аъзоларининг ҳаммасида бир хил микрофлора бўлади. Ўша микрофлора, биринчи оила, кейин маҳалла, кейин шаҳар, кейин бутун мамлакатга тарқалади. Бу супербагларнинг наслдан-наслга ўтиши аниқ. Она қорнида ўтмаса, кейинчалик бўлса ҳам ўтиб боради”, – дейди шифокор Мадалиев
Нима қилиш керак?
Аввало Ўзбекистонда одамларни антибиотикка ўрганиб қолишдан қутқариш керак. Бунинг учун стандартлар ҳар бир шифокор қўли етадиган жойда туриши керак. Антибиотикларни сотиш ва сотиб олиш устидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги кучли назорат ўрнатиши керак.
“Бу миллат муаммоси, буни тўғри тушунишимиз керак. Давлат бунинг назоратини амалга ошириши керак. Шифокор ҳар бир қадамига жавоб бериши керак. Давлат тўғри стандартлар бериб, унинг назоратини ҳам қилиши лозим ва шунга яраша ойлигини ҳам кўтариб бериш керак. Шифокор одам ўз устида ишлаши, ривожланиши керак. Чунки тиббиётда ҳар кун янгилик бўлади”, – деб сўзини тугатди Лазиз Мардонов.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди