Бу мақола ўз даврида катта жасорат намунаси бўлди. Аммо унинг муаллифига улкан журъати қимматга тушиб, жабр кўрди ва қамоққа олинди. Шу билан бирга, матбуотнинг жиловланишига сабабчи бўлди…
Маълумки, Абдулла Қодирий – Жулқунбой нафақат улуғ адиб, айни пайтда ўткир ҳажвчи, танқидчи журналист ҳам бўлган. Хусусан, «Муштум» журналининг 1926 йилги 27-сонида унинг жамиятдаги салбий иллатларни фош этиб ёзган «Йиғинди гаплар» номли мақоласи ўша давр раҳбарларини анча чўчитиб қўйган. Мақолада Жулқунбойнинг республикадаги вазиятга муносабати, жумладан, Йўлдош Охунбобоев ва Акмал Икромовлар фикрига эътирозлари акс этган бўлиб, шундай жумлалар бор эди:
«Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, маданияти, иқтисоди, шалтой-балтойи, хуллас, барчаси ухлайди. Аммо ўчоқбошининг ҳоли-топғони олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қиляпти!..
...Кечаги кун газетда Охунбобоевдек битта саркорингдан ҳам феълим айниёзди...
...Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўпдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳарррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларга ахлоқ ва кийим, хотунларга жабр, зулм, домлаларға дин ва салла...»
Хуллас, Жулқунбойнинг шу сингари фикрлари шўро мафкуравий сиёсатбозларини чўчитиб юборди. Ушбу мақоласи учун эса Жулқунбой уч ойу ўн кун ҳибсда сақлаб турилди.
14–16 июнь кунлари республика олий суди Жулқунбойни Жиноят кодексининг 73-моддаси асосида айблаб, икки йилга озодликдан маҳрум этди. Маҳбуснинг адабий муҳитда, халқ орасида, хорижда катта обрў-эътиборга эгалиги, қолаверса, айби етарлича исботланмаганлиги учун озод қилинди.
Бирлашган давлат сиёсий бошқарманинг Ўрта Осиёдаги мухтор ваколатхонаси ходимлари Жулқунбойнинг мақоласини шундай баҳолагандилар:
«Мақола Ўзбекистон компартияси ва ҳукуматини унинг айрим раҳбарлари сиймосида обрўсизлантиришга қаратилган. Айни пайтда мақолада коммунистик партия ва совет ҳукуматининг Ўзбекистонда олиб борган муҳим тадбирлари масхара ва танқид қилинган.Мақола муаллиф томонидан очиқдан очиқ аксилинқилобий мақсадда тайёрланган ва кенг тарқатилган».
Қарангки, «Йиғинди гаплар» мақоласи атрофидаги ваҳимаю шов-шувлар эндигина тинчиб, сукунат бўлиб турган пайтда матбуотда худди юқоридаги каби яна бир «аксилинқилобий мақола» чоп этилади.
Булоқ тахаллусли, хоразмлик Маткарим Худойберганов исмли ёш журналист «Ер юзи» журналининг 1927 йил 26 сентябрь сонининг 5-саҳифасида «Хоразм ҳунармандлари» мақоласини нашр қилдиради. Муаллиф унда ҳунармандларнинг оғир ҳаётини ёритиб, ўз даврини хонлик пайти билан таққослаб, шундай ёзган эди:
«Хон замонида кустар (ҳунарманд маъносида – У.Б.) касабаларнинг тепасида «Калонтар» турар эди. Калонтар хон томонидан тайин қилинганликдан тўра қаторида ҳисобланар эди. Инқилоб келди, лекин Хоразмни анча ўзгартира олмади. Калонтар ўрнига «вакиллар» сайланди. Касабалар касаба союзига айланди. Аммо икки юз йилдан бери ўрнашиб келган тартиб бурунғича қолди».
Муаллиф мақоласида ёзган «инқилоб келди, лекин ўзгариш бўлмади» деган хулосаси ҳам ўз даврида жасорат эди ва бундай фикрлар «аксилинқилобий «ҳисобланарди. Булоқ «воҳада битта ҳам завод йўқки, кустарларни мукаммал ихтисосларга ўргатса, биттагина мактаб ёки курс йўқ. Фақат қўл ёки оёқ кучи билан Хоразм кустарлари ҳар қандай нарсаларни: кийим, уй-рўзғор, овқат ашёларини ишлаб чиқарадурлар. Ота-боболари қандай ишлаган бўлса, шуларнинг авлоди ҳам «ота касби», дегандек. Неча юз йиллик эски аравани тортиб келмоқдалар», дея инқилобдан кейинги ҳаёт ҳақида хулоса чиқарган эди. Яъни, муаллиф фикрича, «инқилоб келгани билан эски ҳаммом – эски тос».
Мақола чоп этилгач, шўро ҳарбий сиёсий маъмурияти муаллифни жазолаган билан бу хилдаги чиқишларни тўхтатиб бўлмаслигини англаб, энди матбуотни жиловлаш, маълум бир қолипга солишга қарор қилди.
1927 йил Самарқандда бўлиб ўтган Ўзкомпартиянинг V пленуми томонидан чиқарилган қарорда «матбуот бўлимига раҳбарлик ишини кучайтириш, хусусан, муҳаррирлар фаолиятини малакали ходимлар ҳисобига кенгайтириш чораларини кўриш топширилсин! Газеталарнинг тарбия-тарғибот ишларида борган сари катта роль ўйнаши, бироқ уларга пирқавий раҳбарликнинг етарли даражада бўлмаганлигини танқид қилиш билан баробар, матбуот шўъбасига ва маҳаллий пирқа ташкилотлари билан бирга деворий газеталарнинг ишларини яхши йўлга қўйиш, хусусан, уларни мумкин қадар кўпроқ коммунистлар таъсирига олиш тўғрисида бирмунча чоралар ишлаб чиқарилсин» , дейилади («Пленум материаллари», Самарқанд, 1927 йил, 55-бет).
Орадан бир йил ўтиб, 1928 йилда нашр этилган Н.Қодировнинг «Ўзбекистон матбуотининг галдаги вазифалари» китобида ҳам матбуотни жиловлаш, хусусан, уни сиёсийлаштирилган ҳолда коммунистлар қолипига солиш бўйича вазифалар белгилаб олинган». Матбуотимизнинг галдаги вазифалари6 сиёсат бобида коммунистлар пирқасининг ва кенгашлар ҳукуматининг тутган йўл ва қоидаларини мустаҳкамлаш йўлида ҳеч чарчамасдан ишлаш, бу ишга кўмак бериш, ишчилар синфи билан деҳқонларнинг иттифоқини мустаҳкамлаш йўлида тўхтамасдан ишлаб, бу иттифоқнинг сусайиб қолишига ёхуд кесилишига ҳеч қачон йўл қўймаслик зарурдир. Ишчилар билан деҳқонлар ўртасидаги иттифоқнинг мустаҳкамланиши жуда муҳим сиёсий бир масаладир» дейилади Н.Қодировнинг юқорида қайд этилган китобининг 13-бетида.
Хуллас, катта қийинчилик ва бегуноҳ инсонлар қони эвазига бўй кўрсатаётган шўро ҳарбий сиёсий маъмурияти ўзбек матбуотини жиловлаш ва қолипига солишга 1927 йилдан қатъий киришган. Бу қолип эса шу қадар мустаҳкам эдики, уни кейинчалик Жулқунбой ва Булоқдек ҳеч бир журналист ёриб чиқолмади.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Манба: Xabar.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Испания 2025 йил апрел ойидан «олтин визалар»ни бекор қилади
АҚШ “Толибон” билан маҳбуслар алмашинуви бўйича музокаралар олиб бормоқда
Юрак хуружининг олдини олиш учун бир умрга татигулик маслаҳатлар
Шу десангиз, укам...(ҳажвия)
Эксперт: Молдова Россия қаршисида тиз чўкмади
Ҳарбий таҳлилчи: “Украина кунига 20 квадрат километргача ҳудуд йўқотмоқда”
Хитойда метапневмовирус гриппдан кейинги иккинчи энг кўп тарқалган ЎРВИга айланди
Қозоғистонда AZAL йўловчиларини қутқаришда иштирок этган 19 кишига давлат мукофотлари топширилди