Ўзбекистонда йил давомида маъмурий қамоққа олинганлар сони 80 мингдан кўпроқ ва бу рақамлар ошиб бормоқда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо тайинлаш, судларга босим, «навбатчи» моддалар ва адолат каби долзарб мавзу юзасидан Kun.uz ЖИБ Чилонзор туман суди судьяси Сарвар Мамадиев, Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ва адвокат Абдумалик Абдуллаев иштирокида интервью ташкил қилди. Интервьюга, шунингдек Ички ишлар вазирлигидан ҳам вакил чақирилган эди, лекин вазирлик мутахассис ажратолмаслигини маълум қилди.
Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда 35 мингдан ортиқ, 2023 йилда 80 мингдан ортиқ кишига маъмурий қамоқ жазоси қўлланган. 2024 йилнинг биринчи ярмида бу рақамлар 45 мингдан ошган. Афсуски, бу турдаги жазони қўллаш ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда. Фаоллар ва жамоатчилик наздида маъмурий қамоқ жазоси кўп ҳолларда кучишлатар тузилмалар учун берилган вақтдан фойдаланиб қолиш учун имконият.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, сўнгги вақтларда «майда безорилик» ҳамда «ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик» моддаси билан фуқароларга маъмурий қамоқ жазоси бериш кучайиб бормоқда. Суд вакили эса ўз тажрибасида «жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш» моддасида содир қилинган ҳуқуқбузарликни қайта содир қилиш оқибатида маъмурий қамоққа олинаётганлар кўплигини маълум қилди. Шунингдек, Сарвар Мамадиевга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни концептуал жиҳатдан тўлиқ қайта кўриб чиқиш керак.
– Кодексда бирор бир маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо сифатида қамоқ муддати «15 суткагача», деб белгиланган бўлса, уни аниқ белгилашда судья нимага эътибор беради? Бунда судьяга ташқи таъсирлар бўлиши мумкинми?
Сарвар Мамадиев, ЖИБ Чилонзор тумани суди судьяси:
– Судьялар эътибор берадиган нарсалар шуки, қонунлардан чиқиб кета олишмайди. Суд ҳужжатига қўйилган талаб учта: суд қарори қонуний, адолатли ва асосланган бўлиши керак. Қонунийлик шундаки, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан ва кодексга манба бўлган ҳужжатлардан ҳам чиқиб кетмаслигимиз керак. Асосланганлик маъносида ҳар бир қарор далиллар билан исботланиши керак; ҳаракатлар ёки ғайри ижтимоийликни тасдиқловчи ҳақиқий маълумотлар бўлиши керак. Ҳукмингиз ёки қарорингиз асосли бўлиши керак. Адолатлиликнинг қатъий мезонлари белгиланмаган. Жазо – жаримадан бошлаб ўн беш суткагача унинг қилмишидан оғир бўлмаслиги, керак дейиляпти. Уни қайси ҳолатда жаримага, қайси ҳолатда маъмурий қамоққа олиш мумкинлигини қилмишга бўлган муносабатидан, яъни агар бу қилмиш тасдиқланяпти, ҳақиқий маълумотлар ва далиллар мавжуд бўлса, унда пушаймонлик борми-йўқми, айбини сезяптими ёки қилмиши унга таъсир қилмаяптими? Унинг ижтимоий ҳолати ҳам текширилади. Шулардан келиб чиқиб, судья ўз ички ишончига асосланган ҳолда жазо белгилайди. Қонунда қатъий мезон белгиланмаган, ҳар бир ҳолат индивидуал равишда кўриб чиқилади ва судья қарор қабул қилади.
Судьяга давлат органларининг таъсири йўқ. Фақат жиноят ишлари бўйича судларда қамоққа олиш бўйича илтимоснома шаклида келади. Лекин маъмурий ҳуқуқбузарликда аниқ жазони сўраб ҳужжат киритилмайди. Босим ёки бошқача ҳолатларда «сўраш» бўлиши мумкин, лекин бундай ҳолатларда судьянинг ўзи қарорни имзолайди ва ўзи жавоб беради. Босим бўлганда ҳам кимдир келиб сизга милтиқ тирамайди, «қамасанг/қамамасанг отиб ташлайман» демайди. Бу судьянинг адолати, шахсияти ва қасамёдига содиқ қолишига боғлиқ.
Абдумалик Абдуллаев, адвокат:
– Энди амалиётдан келиб чиқадиган бўлсак, босим йўқ деб биз айта олмаймиз. Бир неча ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича қатнашганимизда майда безорилик ёки бошқа моддалар билан айбланиб қўлга олинганларга ҳали суд бўлмасдан ҳозир сенга 10 ёки 15 сутка беришади, дейилган бўлади. Кўп ҳолларда суднинг қарори билан шу айтилган гаплар ҳамоҳанг келмоқда. Шунинг учун биз босим йўқ, деб айта олмаймиз, инкор қила олмаймиз. Шунинг учун амалиётда бу ҳуқуқбузарликлар учун ўн беш сутка – қайсидир органнинг манфаатига, яъни у ишини бажаришда қайсидир ҳолатларда қўл келяпти.
Абдураҳмон Ташанов, инсон ҳуқуқлари фаоли:
– Судьялардан таянч нуқтасини қочириб, уларни бўйнидан қандайдир бир масъулиятни олиш керак эмас. Яъни судья шахс сифатида, давлат ҳокимияти бўлаги сифатида ўзининг позициясига доимо эга бўлиши керак. Ҳақиқат ва адолат бу шунчаки осон рўёбга чиқадиган нарса эмас. Яъни сизни келиб отиб ташламасликлари ёки сизни қамамасликлари мумкин ва айни пайтда шундай қилишлари ҳам мумкин.
Лекин судья, масалан, шахс сифатида ўзининг позициясига эга бўлиб, ўзининг мавқе даражасида, уни қонунга ишониш, сиёсатга ишониш нуқтайи назаридан ҳаракат қиладиган бўлса ва албатта натижага эришади. Мана, ўтган куни тармоқларда ўша Ғайрат Дўстовни биринчи инстанция судида қамаган судьянинг битта ишини таҳлил қилдик. Судья хоним бир шахсга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини беряпти, бир йилдан кейин шахс оқланяпти. Агар шу ҳолат, масалан, Жиноят кодекси ёки қонунчилигимизга кўра таъқиб қилинмайдиган бўлса, судьяга нисбатан бу рағбат бўлади. Энди, масалан, иккинчи томонни оламиз: оғир замон эди, ундай эди, судьяга айтилса, уни қиларди, лекин судьяда ўша судья бўлиб ишламаслик хоҳиши бор эди. «Мен кетаман бу ишдан, керак эмас менга, бунақа сохта ишга мен бировни ўн саккиз йиллик умрига зомин бўлолмайман», дейиши мумкин эди. Демак, ўша иродасизлиги учун нима қилиш керак – жазоланиш керак. Мана, энди ўша судья Дўстов ишида ҳукуматга ишончини синдиришга ўхшаган ишни бошлаб берди. Судья масъулияти, ўзининг касбининг аҳамияти ва одамлар тақдирини тушуниш керак.
Яна бир нарса, ҳозирги бошқарув сиёсатида, ҳозирги услубларида ҳеч кимни рози қилолмайсиз. Судьялар ҳам жабрланади, журналист-блогерлар ҳам, Дўстовга ўхшаган фуқаролар ҳам жабрланади. Шунинг учун бу ерда кўпроқ ақл марказлари бўлиб, жамиятнинг мана шундай зўриқаётган томонларини тепага чиқариш керак. Бизнинг президент билан орамиз жуда ҳам узайиб кетди, орага хар хил идора ва ташкилотлар кириб олди ва вазиятни шу аҳволга олиб келиб қўйди.
Абдумалик Абдуллаев:
– У ерда битта нарсани ҳам эътиборга олиш керак: суд ўз қарори кейинчалик ўзгарса ёки бекор бўлса, қонунда ёзилган ҳимоя, яъни жавобгарликка тортилмаслиги бор. Лекин шу ерда нозик жойи бор-да, яъни судьяни ҳақиқатан ҳам виждонига хилоф қарор чиқарганлиги масаласида буни исботлаш оғир бўлиб қоляпти.
Масалан, яққол кўринган, очиқ ҳолатлардан ҳам адолатли қарор бўлмайди-да, «энди юқори инстанцияга бир ёзиб кўрарсизлар», дейди. Қарор ёки ҳукм ўзгарса, бекор бўлса, мени жавобгарлигим кўрилмайди, деган кайфият трендга кириб қоляпти. Судьяда бундай кайфият бўлмаслиги керак. Шунинг учун мана шу нозик масалада чегарани белгилаш, чегара чизиб берилиши керак. Суднинг қарорини ўқисак, виждонан, илм билан ўқийлик.
Бу ерда шовқин деган нарса ҳам бор, яъни жамоатчиликнинг шовқини ёки давлат бошқарувидаги қайсидир тармоқлардаги шовқинлар ҳам суд қарорини чиқаришга таъсир қилмоқда, у босим бўляпти. Мисол олганда, ҳозир, биз ўн беш суткага бермасак ёки ўн суткага бермасак, бошқа фуқаролар яна худди шунақа ҳолат қилиши мумкин деган бир кайфият сақланиб қолмоқда. Биз шовқинга берилмаслигимиз керак, шовқин таъсирига тушиб қолмаслигимиз керак. Муайян кейсми, шу кейс доирасида таҳлилни зўр қилиб, барча ёндашувларимиз қонун доирасида, ҳуқуқбузарнинг шахсига, айбдорлик даражасига, ушбу жавобгарликнинг жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ва оғирлаштирувчи ҳолатларига мутаносиб бўлиши керак.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзбекистонда аэротакси хизмати жорий этилади
Зоминда тирик илон еган эркак жаримага тортилди
Жиззахда ўқитувчилар фирибгарлик қурбони бўлишди
Тошкентда “Malibu-2” ҳайдовчисига чора кўрилди
Ўзбекистонда таълим муассасаларининг ошхоналари тадбиркорларга ижарага берилади
Самарқандда сифатсиз алкогол сабаб 5 киши ҳаётдан кўз юмди