
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида мактаб ўқувчисини Matiz автомобили уриб, ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда жабрланган қизнинг онаси хабар берди.
Оиланинг сўзларига кўра, ҳодиса 14 ноябр куни эрталаб соат 08:15 атрофида, Аҳмад Югнаки маҳалласида, Family Market яқинида содир бўлган. Қизнинг айтишича, унинг елкасида оғриқ бор.
Кузатув камераларида Matiz автомобилининг тор маҳалла йўлдан ҳаракатланиб, мактаб ўқувчисини уриб кетгани қайд этилган. Автомобил чап томонда етарли жой бўлса-да, эҳтиётсизлик билан қизга тегиб кетган.
Тўқнашувдан сўнг машина бир оз секинлашган, бироқ ҳайдовчи тўхтамасдан ва болага ёрдам бермасдан воқеа жойидан кетиб қолган. Қиз ўзи туриб, мактабга йўлида давом этган.
Онаси ҳодиса ҳақида фақат қизи уйга қайтгач ва воқеани айтиб бергач хабар топган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.