
Alter Ego подкастининг навбатдаги сонида Uklon’нинг экспансия бўйича вице-президенти Максим Остапюк Кирилл Алтман билан суҳбатда Тошкентда такси бозори қандай ўзгараётгани ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, анъанавий “кўчадан такси” модели аста-секин чекиниб, илова орқали буюртма қилинадиган ride-hailing формати устунликка чиқмоқда. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Остапюк ride-hailing’ни аввало транспорт хизмати эмас, балки технологик ечим сифатида таърифлайди: сервис йўловчи ва ҳайдовчи ўртасида воситачи бўлиб, сафар муаммосиз амалга ошишини таъминлайди. Энг муҳим фарқлардан бири — шаффофлик: фойдаланувчи буюртма беришдан олдин нарх, йўналиш, автомобиль маълумотлари ва ҳайдовчи рейтингини кўради. Савдолашув ёки кутилмаган қўшимча ҳақ каби ҳолатлар бўлмайди.
Сервисдаги ҳайдовчиларнинг катта қисми шахсий автомобиль эгаларидан иборат: улар қачон ишлашини ва платформага қанча вақт ажратишини ўзи белгилайди. Яна бир қисми эса ҳамкор автопарклар орқали уланади.
Вице-президент келтирган рақамларга кўра, битта автомобиль кун давомида 25 ёки ундан кўп мижозни ташиши мумкин. Тошкентда айрим профессионал ҳайдовчилар ойига тахминан 25 млн сўмгача даромад олмоқда. Ўртача даромад 10 млн сўм атрофида, бироқ якуний сумма бажарилган буюртмалар сони, бонус дастурлари ҳамда автомобилни брендлаш орқали ошиши мумкин — брендлаш ойига қўшимча $150–170 даромад беради.
Суҳбатнинг муҳим қисми динамик нархлаш механизмига бағишланди. Талаб кескин ошадиган пайтларда — масалан, ёмғир, қор ёки йирик тадбирлар вақтида — бўш ҳайдовчилар камаяди ва тизим вақтинча оширувчи коэффициентни қўллайди. Иловадаги “нарх слайдери” эса йўловчига танлов беради: тезроқ машина келиши эҳтимоли юқори бўлган қимматроқ вариант ёки базавий тариф, бироқ кутиш вақти узунроқ бўлиши мумкин бўлган режим.
Остапюкнинг айтишича, бу ёндашув талаб ва таклифни мувозанатлаштириб, юклама юқори бўлган вақтларда ҳам хизматнинг мавжудлигини сақлаб туришга ёрдам беради ҳамда буюртмаларни самаралироқ тақсимлайди.
Uklon статистикасига кўра, Ўзбекистондаги барча сафарларнинг қарийб 55 фоизи Тошкент ҳиссасига тўғри келади — бу ойига 14 млн дан ортиқ буюртма дегани. Компания бозорнинг 8–10 фоизини эгаллаган. Остапюк Uklon ҳозиргача $10 млн дан зиёд сармоя киритганини, маблағларнинг сезиларли қисми маркетингга йўналтирилганини қайд этди.
Uklon Ўзбекистонда тахминан икки ярим йилдан бери фаолият юритади ва бизнесни ривожлантиришга инвестицияларни давом эттирмоқда. Ҳозир компания ўсиш ва сервис иқтисодиётини оптималлаштиришга урғу бериб, 2027–2028 йилларда ўзини оқлаш (брейк-ивен) нуқтасига чиқишни мақсад қилган.
Вице-президент баҳосига кўра, ride-hailing бозори йилига ўртача 10–15% суръатда ўсишда давом этади. Рақобатнинг кучайиши, экотизим хизматларининг ривожланиши ва автопарклар сони кўпайиши машина етиб келиш вақтини қисқартиб, сервис самарадорлигини оширади.
Остапюк ride-hailing’ни шаҳар транспорт тизимининг ажралмас қисми, жамоат транспортни тўлдирувчи ечим сифатида кўради. У кундалик мобил эҳтиёжларни — кечки пайтдаги сафарлар, транспорт кириши қийин ҳудудлар ва “эшикдан эшиккача” маршрутларни қоплайди. Шунингдек, бир ride-hailing автомобили кунига ўртача 20–25 йўловчини ташиши, шахсий автомобиль эса одатда фақат битта эгаси томонидан ишлатилишини таъкидлаб, бу шаҳар кўчаларидаги шахсий машиналар сонини камайтириши ва инфратузилмага тушадиган юкни енгиллаштиришини айтди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.