date

Жиззах ЭИЗда 540 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилади

Жиззах ЭИЗда 540 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилади
Жиззах эркин иқтисодий зонасида (ЭИЗ) умумий қиймати 540 миллион долларга тенг янги лойиҳалар ишга туширилади. Шунингдек, ҳудудда янги электр подстанцияси ва тозалаш иншоотлари қурилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу режалар президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди. Вилоятда автомобилсозлик соҳасини янада кенгайтириш ва унга боғлиқ тармоқларни ривожлантириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, волфрам, олтин, қўрғошин ва уран қазиб олиш бўйича лойиҳалар давом эттирилади. Барқарор энергия таъминоти учун жорий йилда 200 мегаватт, келгуси йилда эса 300 мегаватт қувват яратилади.

Қўшимча равишда умумий қуввати 30 мегаватт бўлган 150 та кичик гидроэлектр станция ишга туширилади. Туризм соҳасида Бахмал ва Зомин туманлари ягона туристик ҳалқага бирлаштирилади, икки туманни боғловчи 158 километр йўл таъмирланади.

Бахмал тумани туристик зона мақомини олади. Арнасой аэропорти модернизация қилинади, шунингдек, Айдар-Арнасой кўлига темир йўл қурилиши режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида 110 минг гектар яйлов ва лалми ерлардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Картошкачилик билан шуғулланувчилар имтиёзли кредит ва харажатларни қоплаш учун компенсациялар олади, шунингдек, импорт техникалар божхона тўловларидан озод қилинади.

Бахмал боғбонларига қўшимча субсидия ажратилади, Зомин туманида эса йирик парранда фабрикаси ташкил этилади. Шу билан бирга, шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани ягона бош режа асосида ривожлантирилади. Шаҳар атрофида айланма йўл ва янги кўприк қурилиши режалаштирилган.

Ҳудуддаги тадбиркорлик ва инфратузилмани қўллаб-қувватлаш учун тахминан 10 триллион сўм ажратилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Жиззах ЭИЗда 540 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилади