
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Телеграм-каналида экологияга етказилаётган зарар ҳеч қачон иқтисодий фойда билан оқланмаслигини таъкидлади. У аввалроқ Тошкент вилояти Қибрай туманидаги иссиқхоналардан бирини кўздан кечирди.
Ушбу иссиқхона кунига тахминан 150 кг кўмир ёқаётган эди. “Бундай ишлаб чиқариш аҳолининг соғлигига етказаётган зарар иқтисодий манфаатлардан анча юқори”, деди Саида Мирзиёева.
У экологик комиссияга ушбу иссиқхонага тозалаш фильтри ўрнатишни топширганини маълум қилди. Шунингдек, тадбиркорлар учун махсус ўқув курслари ва ускуналар харид қилишга доир ярмарка ўтказилиши режалаштирилган.
Саида Мирзиёева пойтахт ва Фарғона ҳудудидаги ҳавонинг ҳолати муҳокама қилинган йиғилишда ҳам иштирок этди. Мазкур масала бўйича атмосфера ҳолатини баҳолаш учун илмий лаборатория ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш бўйича махсус комиссия томонидан билдирилишича, қабул қилинаётган чоралар бир марталик эмас, балки вазият яхшилангандан кейин ҳам давом эттирилади. Сўнгги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри энг ифлос ҳаво бўйича рейтингда 24 ўринни эгаллаган.
Рейтингнинг юқори поғоналарида Лахор, Дакка ва Деҳли шаҳарлари жойлашган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.