
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистонда газ баллони портлаши оқибатида жабрланганларни зиёрат қилди. Жабрланганлар Республика илмий тиббий марказининг ҳудудий филиалида даволанмоқда.
Президент жабрланганлар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашди. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган давлат раҳбари уларга моддий ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлади.
Марказ раҳбарлари ва шифокорлар беморларнинг аҳволи ва даволаниш жараёни ҳақида маълумот берди. Маъсул ташкилотларга воқеа сабабларини ўрганиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича топшириқ берилди.
Эслатиб ўтамиз, Гулистонда газ баллони портлаши декабр ойи бошида содир бўлган эди. Натижада уч киши ҳалок бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, бир киши ҳибсга олинган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.