date

Сохта маҳсулотларга қарши кураш: рақамли белгилаш самара бермоқда

Сохта маҳсулотларга қарши кураш: рақамли белгилаш самара бермоқда

Дори воситалари, спиртли ичимликлар ҳамда маиший техника бозорида сохта маҳсулотлар ҳануз энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Кўп ҳолларда бундай товарлар ташқи кўриниши жиҳатидан асл маҳсулотдан деярли фарқ қилмайди, аммо улар инсон саломатлиги учун хавфли ёки мутлақо ноқонуний бўлиши мумкин. Шу боис, бу муаммога қарши курашиш нафақат давлат, балки истеъмолчилар учун ҳам долзарб масалага айланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти келтирган маълумотларга кўра, глобал фармацевтика бозорининг қарийб 15 фоизини сохта дори воситалари ташкил этади. Спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва маиший техника сегментларида ҳам қонунбузарликлар энг кўп учрайдиган йўналишлар сифатида қайд этилган. Ана шу хавфли тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу товар гуруҳлари рақамли белгилаш тизимида устувор йўналиш сифатида танланган.

Ўзбекистонда жорий этилган “Asl Belgisi” рақамли белгилаш тизими истеъмолчиларга маҳсулотнинг ҳақиқийлигини мустақил, тез ва бепул тарзда текшириш имконини бермоқда. Илованинг асосий афзаллиги — оддий фойдаланиш ва ишончли маълумот манбаи эканидадир. Харидор қадоқдаги DataMatrix-кодни сканер қилиб, бир неча сония ичида маҳсулот ҳақида расмий маълумот олади.

Бу тизим ишга туширилгандан сўнг, ноқонуний айланиш кўламининг сезиларли даражада қисқаргани рақамларда ҳам яққол кўринади. Бош прокуратура маълумотларига кўра, спиртли ичимликлар бозорида ноқонуний маҳсулотлар улуши 35 фоиздан 18 фоизгача камайган. Тамаки маҳсулотларида эса бу кўрсаткич 19,6 фоиздан 9 фоизгача пасайган. Бу эса рақамли назоратнинг амалда ишлаётганини тасдиқлайди.

Товарларни кузатиш тизимининг самарадорлиги айниқса дори воситалари сегментида яққол намоён бўлмоқда. 2024–2025 йиллар давомида тизим орқали ҳисобга олинган дори қадоқлари сони 82 фоиздан ортиққа ошган. Чакана савдода эса ўсиш янада юқори — истеъмолчиларга сотилган ва тизимдан чиқарилган маҳсулотлар ҳажми деярли ўн баробарга кўпайган. Эътиборли жиҳати, мобил илова орқали энг кўп текширувлар айнан дори воситалари бўйича амалга оширилмоқда.

Беморлар ва истеъмолчилар қадоқларни сканерлаб, харид қилаётган маҳсулотининг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилмоқда. Белгиланган қадоқлар сонининг кўпайиши, чакана савдодаги фаоллик ва мобил иловадан фойдаланиш даражасининг юқорилиги ноқонуний айланиш хавфи камайиб, истеъмолчилар ишончи ортаётганини англатади.

Ҳар бир маҳсулот такрорланмас DataMatrix-код билан белгиланади. “Asl Belgisi” иловаси орқали ушбу код сканер қилинганда, фойдаланувчи миллий реестрдан маҳсулотга оид тўлиқ ва ишончли маълумотларни олади. Агар код сохта бўлса ёки товар расмий рўйхатдан ўтмаган бўлса, тизим харидорни дарҳол огоҳлантиради.

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, миллий белгиланган маҳсулотлар реестрида тиббиёт маҳсулотлари сегментида 368 та маҳаллий ва 922 та хорижий иштирокчи қайд этилган. Маиший техника ишлаб чиқариш соҳасида эса 307 та маҳаллий ва 1 943 та хорижий ишлаб чиқарувчи тизимга уланган. Бу рақамлар рақамли белгилашнинг қамрови тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Мутахассислар фикрича, тизимни янада ривожлантириш “кулранг” импорт ҳажмини қисқартириш, соғлом рақобатни кучайтириш ва қонуний ишлаб чиқарувчиларга бўлган ишончни оширишга хизмат қилади. Текширув жараёни бор-йўғи бир неча сонияни олади, аммо сохта маҳсулот харид қилиш хавфини кескин камайтиради.

Айниқса, бу дори воситалари ва тамаки маҳсулотлари соҳасида ҳаётий аҳамиятга эга. “Asl Belgisi” тизими харидор ва сотувчи ўртасидаги муносабатларни шаффоф қилади, бозорнинг барча иштирокчилари учун ягона ва адолатли қоидаларни шакллантиради.

Мобил илова Android ва iOS фойдаланувчилари учун мутлақо бепул. Уни ишлатиш учун иловани очиш, DataMatrix-кодни сканер қилиш ва маҳсулот ҳақида расмий маълумот олиш кифоя. Рақамли белгилаш ўз самарасини исботлади: у истеъмолчиларни сохта маҳсулотлардан ҳимоя қилмоқда, бозорни эса янада хавфсиз ва ишончли қилаётир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Сохта маҳсулотларга қарши кураш: рақамли белгилаш самара бермоқда