
Centrum Air авиакомпаниясининг овербукинг амалиёти сабаб икки нафар йўловчи Истанбул–Наманган рейсига чиқолмай, Истанбул аэропортида қолиб кетди. Юзага келган ҳолат Наманган вилояти Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, 26 сентябрь куни фуқаро авиакомпаниянинг расмий веб-сайти орқали Истанбул–Наманган йўналиши учун икки дона авиачипта харид қилган. Бироқ парвоз куни рейсда жойлар ортиқча сотилгани сабабли у ва рафиқаси самолётга чиқарилмаган ва аэропортда қолиб кетган.
Фақат бир суткадан кейин йўловчиларга муқобил вариант сифатида Истанбул–Тошкент рейси орқали Ўзбекистонга қайтиш таклиф этилган. Улар ушбу рейс орқали мамлакатга етиб келган. Шундан сўнг фуқаро ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилгани юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига расмий мурожаат йўллаган.
Текширув жараёнида авиакомпания хатосини тан олган ва йўловчи билан келишувга эришилган. Натижада жабрланган томонга 500 евро миқдорида пул компенсацияси ҳамда қўшимча равишда 865 минг сўм тўлаб берилди.
Бундан ташқари, авиакомпания кейинги парвозлар учун 20 фоизлик чегирма берувчи промокод, 23 килограмм қўшимча багажни бепул ташиш ҳуқуқи ва самолётнинг олд қаторидан жой танлаш имкониятини ҳам тақдим этди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълум қилишича, кўрилган чоралар натижасида йўловчининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари тўлиқ тикланган. Қисқаси, бу ҳолат авиакомпаниялар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам муҳим сабоқ бўлди: билет бор — жой кафолат дегани эмас, аммо ҳуқуқинг бор — ҳимоя бор.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.