Ишламайдиган фуқаролар учун алимент миқдори оширилди

Ўзбекистонда расмий иш жойи ёки доимий даромадини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган фуқаролар учун алимент тўловлари миқдори оширилди. 2026 йил 28 апрелдан бошлаб бундай тўловчилар учун қарздорликни ҳисоблаш тартиби янги кўрсаткичлар асосида амалга оширилмоқда.
Оила кодексининг 140-моддасига мувофиқ, агар алимент тўловчининг расмий иш ҳақи ёки даромади ҳақида ҳужжат бўлмаса, қарздорлик республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади. Янги ҳисоб-китобда ушбу кўрсаткич 6,8 миллион сўмдан ошгани қайд этилмоқда.
Шу асосда ишламайдиган ёки расмий даромади мавжуд бўлмаган фуқаролар учун алимент тўловлари ҳам сезиларли даражада ошди. Энди бир нафар фарзанд учун тўлов миқдори 1,7 миллион сўмни ташкил этади. Икки нафар фарзанд учун алимент тахминан 2,3 миллион сўмга, уч ва ундан ортиқ фарзанд учун эса қарийб 3,4 миллион сўмга етади.
-Янги тўлов миқдорлари қуйидагича:
-Бир бола учун — 1,7 миллион сўм;
-Икки бола учун — 2,3 миллион сўм;
-Уч ва ундан ортиқ бола учун — тахминан 3,4 миллион сўм.
Маълум қилинишича, қайта ҳисоблаш автоматик тарзда амалга оширилади. Яъни алимент тўловларини қайта кўриб чиқиш учун ҳар бир ҳолатда алоҳида мурожаат қилиш талаб этилмаслиги мумкин. Тегишли ҳисоб-китоблар амалдаги қонунчилик ва белгиланган ўртача иш ҳақи кўрсаткичи асосида янгиланади.
Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, ушбу ўзгариш кўпчилик тўловчиларга таъсир қилади. Чунки алимент тўловчиларнинг 61 фоизи расман иш билан таъминланмаган ёки доимий даромад манбаига эга эмас. Демак, янги тартиб амалда жуда кенг доирадаги фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этади.
Бу ўзгариш, аввало, болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Чунки алимент — бу шунчаки мажбурий тўлов эмас, балки фарзанднинг кундалик эҳтиёжи, таълими, соғлиғи ва яшаш шароити учун зарур маблағдир. Расмий ишламаслик ёки даромадни яшириш болага нисбатан молиявий масъулиятдан озод қилмайди.
Шу билан бирга, бу ҳолат алимент тўловчилар учун ҳам жиддий сигнал бўлди. Энди расмий даромад кўрсатилмаса, ҳисоб-китоб ўртача ойлик иш ҳақи асосида амалга оширилади. Оддий қилиб айтганда, “ишламайман” деган гап тўловдан қочиш учун универсал парол бўлмай қолди.
Мутахассислар фикрича, бундай тартиб алимент тизимида адолатни таъминлаш, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тўлов интизомини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, фарзанд таъминоти ота-онанинг шахсий келишмовчилиги ёки даромад расмийлаштирилмагани сабаб зарар кўрмаслиги керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!