— Оилали эркакка иккинчи хотин бўлиб тегиб, норасида гўдаклар кўз ёшига сабаб бўлиб, бир аёлнинг бахтига чанг солган қизу жувонлар ҳақида эшитсам, ич-ичимдан нафратим қўзирди. «Бахт шерикликка берилмайди», деб ўйлардим. Бироқ бир кун келиб, бу ўз бошимга тушади, деб сира ўйламагандим…
Отамнинг ночор ҳаёти, омадсиз тақдири туфайли шу ишлар юз берди. Дадам ёшлик пайтида онамни севиб қолган, аммо дадамнинг ўқимаганлиги, устига-устак, бўшанглигини деб онамнинг ота-онаси совчиларни қуруқ қайтараверишган. Икки ёш ўйламай-нетмай, шартта қочиб кетишган. Ташаббус онамдан чиққан. Дадам бундай ишга узоқ вақт кўнмай юрган. Онамнинг қочиб кетиши оиласига иснод эди. Ота-онаси қизидан, ака-укаси яккаю ягона синглисидан воз кечган. Дадамнинг қариндошлари эса уларнинг тақдири билан қизиқмаган ҳам ҳатто.
Шу воқеалар туфайли ота-онам пойтахтга келиб қолишган. Ижарага уй топиб, никоҳ ўқитиб, бирга яшайверишган. Дадам қурилишга ғишт терувчи бўлиб ёлланган. Ижара уйда мен ва укам туғилдик. Дадам бир неча маротаба ишини ўзгартириб, қора меҳнатда кун кўрмади ҳисоб. Шаҳарда яшашнинг ўзи бўлмайди. Отам туну кун болаларимни боқаман, деб ишларди. Аммо бирдан тўшакка ётиб қолди-ю, мен коллежни битирмасимдан бу ёруғ оламни тарк этди. Биз эса бўзлаб қолавердик…
Отамнинг вафотидан кейин онам мактабда фаррошлик қила бошлади. Мен эса коллежни битириб, ўқишга ҳужжат топширдим. Билим олишга иштиёқим баланд эди, аммо институтга киролмадим. Махсус тайёрлов курсларига боришга эса шароитимиз тўғри келмасди. Шу сабаб мен иш излашга мажбур бўлдим. Бир идорага котиба керак экан. Ойлиги кам бўлса ҳам, қувониб ишга тушдим. Онамнинг ойлиги ижара тўлашга кетар, меники эса еб-ичишга сарфланади. Укам ҳали мактабда ўқийди, унинг харажатларига ҳам зўрға пул ажратардик. Шу тариқа орадан ойлар ўтди. Бир куни идорамиз бошлиғи мени ҳузурига чақиртирди. Қирқ ёшлардаги басавлат, камгап одам эди. Ҳар сафар мени кўрганда, ғалати қарашидан чўчирдим».
«Пулдан қийналмаяпсизларми, синглим?» деб шароитимни обдан суриштирганидан дарров тушундим. «Ҳа, раҳмат, яхши», дедим сир бой бермай. «Ижара уйда яшаш қийин, биламан. Сизнинг ҳам бўйингиз етиб қолди, ҳадемай оила қурсангиз, онангиз ва укангиз қийналиб қолса керак», деди бошлиғим. Бу ўй юрагимни тирнаб келгани сабаб индамадим. «Шунинг учун онангизни она, укангизни ука ўрнида кўрадиган яхши бир инсон билан ришта боғласангиз, у оилангизга қарашиб турса, ёмон бўлмасди. Ахир чиройли қизсиз… Яхши ҳаётга лойиқсиз», деди у аллақандай умид билан. Мақсадини тушунсам-да, ўзимни тушунмаганга олиб туравердим. «Агар истасангиз, сизни бошимда кўтариб юраман! — деди бошлиғим ўрнидан туриб.
— Бир алдамчи йигитга учраб, бахтиқаро бўлишингизни хоҳламайман. Мен аҳдимда тураман. Сизга икки хонали уй совға қилишни кўнглимга тугиб қўйганман. Онангизнинг ишлашига ҳожат бўлмайди, барча харажатларни ўз бўйнимга оламан. Сизни эса ўқишга киритаман, кейинчалик фирмамда бошқарувчи бўласиз». «Ахир сизнинг оилангиз бор-ку?» дедим титраб ва қандайдир нафрат билан. «Очиғини айтаман, хотиним билан бир неча йилдан бери бегоналардекмиз. Унинг ўз ҳаёти бор, мен билан иши йўқ. Ўртада фарзандлар бўлмаганида, аллақачон ажрашардик. Қачонгача иш деб, оила деб кўнглимга қарши бораман? Сизни илк бора кўргандаёқ юрагим жиз этган. Сизни ёқтираман…»
Бу гапларда самимийлик йўқдай туйилди менга. Ичимдан қандайдир ўкирик тошиб келар, мен эса уни босиб турардим. Бадавлат одам эса пок муҳаббатдан сўзларди. Дадамнинг қиёфаси кўз олдимга келиб, негадир ўз ожизлигимни ҳис қилдим. Хаёлларимда асраб келган, пок муҳаббатим соҳиби ўша оқ отдаги шаҳзодам ҳақидаги орзуларимга ачиниб йиғлардим. «Мени тинч қўйинг!» деганча хонадан отилиб чиқиб кетдим. Уйга боргунча кўз ёшларимни тиёлмадим. Уйда эса мени яна бир нохуш хабар кутиб турарди. Остонада ўтирганча ғамга чўккан онам ҳам йиғларди. «Тинчликми, нима бўлди, ойижон?» дедим ўз дардимни унутиб. «Қизим, — дея мени бағрига босди онам. — Белим оғригани учун пол артишга қийналардим, биласан. Директор «Нуқул чала артасиз», деб койирди. Ўрнимга бошқа аёлни ишга олибди. Мени эса ҳайдашди…»
Бу иш дард устига чипқон бўлди. Ахир мен бўшашга ариза ёзишга қарор қилгандим. Энди нима бўлади? Менам ишсиз қолсам, нонга ҳам пул тополмай қолишимиз аниқ . Бир-биримизга суяниб, анча пайт йиғладик. Бироқ онамга бўлган воқеани айтишни истамадим. Волидамнинг эзилишини кўргим келмади. Эртасига ҳеч нима бўлмагандек, ишга бордим. Бошлиғимдан қочиб юрдим. Онам бошқа иш излади, аммо тополмади. Уй эгаси эса икки ойдан буён ижара пулини сўраб хуноб қиларди. Оилам буткул иложсиз аҳволда қолди. Шундай кунларда бошлиғим қўлимга бир даста пул тутқазиб: «Буни олиб қўйинг, керак бўлади», деди. Пулга муҳтож бўлмаганимда юзига қарамасдим, бироқ олдим. Пул уч ойлик ижара ҳақига етарди. Раҳмат, айтиб чиқиб кетдим. Қарздан қутулиб, эркин нафас олдик. Қуруқ раҳмат билан қутулмаслигимни эртасига билдим. Бошлиғим мени тушликка таклиф қилди. «Еган оғиз уялар», деганларидек мен ҳам рад этолмадим. Тушлик асабий ҳолатда ўтди. Унинг гап-сўзларидан ижирғанардим. Онамнинг бел оғриғи кучайиб, тўшакка ётиб қолгач, вазият янада мураккаблашди. Шифокор умуртқада чурра борлигини, операция қилиш лозимлигини айтди. Бошлиғимдан яна қарз кўтардим. У мамнун ҳолда анчагина пул берди ва эвазига учрашувга таклиф этди…
Операция яхши ўтди. Ҳозир онам касалхонада, мен унга қараяпман. Ишга боролганим йўқ. Укам эса уйда ёлғиз. Айтишича, бир амаки келиб, анча егуликлар ташлаб кетибди. Бу бошлиғим эканини билардим. Онам бу ёрдамларни беминнат деб ўйлаяпти. Мен эса унга тўғрисини айтолмадим. Ҳали онам оёққа турса, у тағин таклифини айтади. Унга иккинчи хотин бўлиб эрга тегсам, онам ҳам, укам ҳам қийналмайди. Ижара пули деб сарсон бўлмаймиз. Лекин юрагимдаги оппоқ орзуларим-чи?
ГУЛНОРА
Иқбол АДИЛОВА, руҳшунос:
— Иккинчи йўл, яъни шайтон таклиф этадиган йўл ҳамиша осон бўлган. Сизга оғирлигини сезиб турибман, синглим. Бироқ оғир вазиятларда тўғри йўлни танлаб, виждон амрига қулоқ солиш бу инсонга хос фазилат. Бугунги кунингиз сизга тақдир синови. Иккиланмасдан бошлиғингизнинг таклифини рад этинг. У сизга муносиб эмас. Йигирма ёшга тўлмаган қизнинг ҳали бутун ҳаёти олдинда. Кимгадир иккинчи хотин бўлгандан кўра, оддийроқ йигитга турмушга чиққан яхши.
Сиз бахтга лойиқсиз, лекин бундай саробга эмас. Бошлиғингиз уй олиб бергани билан уни сизга совға қилиб қўймаслигига ишончим комил. Вақтинчалик бошпанага алданиб, ҳаётингизни остин-устин қилиб юборасиз. Нари борса, ўн-ўн беш йилда ҳуснингиз қайтади. У эса тағин ёшини излайди. Бундай воқеаларнинг бир нечтасига гувоҳ бўлганман. Ишонаверинг, синглим, бундай ёлғонга алданманг. Онангизнинг аҳволини тоғаларингиз билса, қараб туришмайди. Минг қилганда ҳам, у уларга жигар, қариндош. Бир қориндан талашиб тушган ёлғиз сингилларини хор қилиб қўйишмайди, бунга ишонаман. Бошлиғингиз қармоқ ташлаганини тушуниб ундан ижирғанган экансиз, демак, эсли қизсиз, вақтида ақл-ҳушингизни йиғиштириб олинг.
Номардлар ҳар қадамда учрайди. Улар худди ўлжа излаётган йиртқичга ўхшайди. Бир қарашда бундайларнинг чиябўри эканлигини англайсан. Улар тўдадаги энг ожиз ўлжани танлайди. Бундайларнинг шаштини синдириш учун дадил бўлиш керак. Ҳаёт кураш учун берилган. Биринчи синовдаёқ енгилган одам ҳаётда қийналади.
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди