16:53 / 14.03.2018
6 997

"Хонанда қизни бадном қилиш истагидаги айғоқчи..."

"Хонанда қизни бадном қилиш истагидаги айғоқчи..."
— Қўйинг опа, мен шунча пайт бирга юриб, у кишининг бирорта эгри қадамини сезмаганман, — деди Аброр Элмиранинг гапидан ажабланиб.

— Укажон, аёл зотининг макри қирқ эшакка юк бўлади, деган гап бор. Сездирмай, ими-жимида иш бажариш аёлнинг энг оддий макрларидан. Иккаласи ҳам банда-ку, астойдил кўзласангиз, пичоққа илинадиган нимадир топасиз.

— Барибир, кўнглим ғаш, опа. Шу иш менга тўғри келмас-ов. Ўшалар туфайли кун кўриб юрган бўлсам. Юзига қандай оёқ қўяман?

— Нонсиз қолмайсиз, қўрқманг! Ахир, сизга пул керак-ку, тўғрими?

— Пул кимга керакмас, опа?

— Аммо сизга жуда зарур! Синглингизни бойвачча оилага узатаман, деб қарздор бўлиб қолганингизни биламан! Йигит кишига ўхшаб кесиб гапиринг: ё «ҳа», ёки «йўқ!» денг-да. Сизнинг фойдангизни ўйлаб таклиф қиляпман, бир пайтлардаги қадрдонлик ҳақи-ҳурмати. Биласиз-у, пулга югурадиганлар қадамда топилади!

* * *

Аброр Элмирадан нима қилиш кераклигини яхшилаб сўраб олгач, санъаткорлар гуруҳи билан йўлга тушди. Қайсидир туманга тўйга кетишаркан, Аброрнинг хаёли турли режалар билан банд эди.

Шу пайт машинаси нимагадир «тақ» этиб урилди.

— Оббо, — деди Аброрнинг жони ҳалқумига тиқилиб.

— Нима бўлди? — деди гуруҳ бошлиғи Ҳакимжон бепарвогина.

— Ғилдиракка бир нарса бўлди, шекилли!

Аброр машинани бир чеккага олди-да, гапириниб ғилдиракни тузата бошлади.

— Ҳакимжон ака, чиройли жойлар экан, қаранг, — деди сўнг гўё ўзини атрофдан завқ олаётгандек тутиб. — Тушинглар, маза қиласизлар.

Ҳакимжон худди шу сўзни кутиб тургандай машина эшигини очиб, пастга сакради. Сал нарироқдаги кўм-кўк майсалар билан қопланган адир тарафга юрди. Адирдаги баланд-паст дарахтлар қийғос гуллаган, шом шуъласида ҳаммаси қизғиш-пушти рангда товланарди.

— Малика, сиз ҳам тушинг. Бирпасга бўлсаям яйрайсиз, — Ҳакимжон қулочини кериб, ҳаво олган бўлди-да, машинадаги қизни чақирди.

— Қўяверинг, шу ердан ҳам яхши кўриниб турибди. Ўрнашиб ўтирибман, иссиққина, — деди Малика машина ойнасидан бошини хиёл чиқариб.

«Овози қўнғироқдай, шунчаки гапирса ҳам одамнинг юрак торларини чертиб ўтади-я. Бекорга одамлар яхши кўришмайди-да, Маликани. Мана, шаҳар қолиб, узоқ-узоқ тоғ қишлоқларидан ҳам ихлосмандлари турнақатор бўлиб уни йўқлаб келишади. Ҳакимжон акамнинг танбурига-ку ошиқларнинг сон-саноғи йўқ. Иккови зўр жуфтлик бўлди-да. Нега Элмира опа буларни кўролмайди? Ташқаридан қараганда, Малика билан апоқ-чапоқдек. Ҳар жумласига ўнта «жоним» деган сўзни қўшиб гапиради. Аммо мана бундай қасд қилишлари…» Аброр дами чиқиб кетган ғилдиракни олар экан, неча кундан буён миясини қуртдай кемираётган ўйларидан қутула олмасди.

— Ихтиёрингиз, лекин тушсангиз, маза қиласиз! Пулга сотиб оладиган ҳаво бўляпти, бир симирсангиз, ичингиздаги барча ғуборлар чиқиб кетади! — деди Ҳакимжон майсалар орасидан бодраб турган чечакларни босмасликка ҳаракат қилиб одимларкан. Малика бу гал бош чайқаб қўя қолди.

«Тушмади. Тушганда яхши бўларди. Ҳакимжон акамнинг қони кўпириб турибди. Бетакрор табиат, ажойиб ҳаво…. Лекин Элмира опа айтганидек, Малика жуда маккор, шекилли?!. Балки, атайлаб қилар. Ёки ростдан шунчалик тозамикан? Унда нега Элмира мендан бунақа илтимос қилди? Балки, Ҳакимжон акамнинг хотинининг ишидир бу…» дея ўйлади Аброр кўз қири билан машинадаги қизга қараб қўяр экан. У ишини тўхтаб-тўхтаб қилаётган бўлса-да, бутун борлиғини эгаллаб олган ўй-хаёллардан қутула олмас, уларни тўхтатолмасди.

Аброрнинг Ҳакимжоннинг хотини Фазилатдан гумондорлиги бежиз эмас эди. У ҳам Малика билан опа-сингилдай кўришса-да, юзидаги хотиржамлик остида бир безовталик яшашини Аброр яхши билади.

«Маликахон, сиз борлигингиз учун акангизни бемалол юбораман-да. Акангизга ишонаман-у, лекин ҳозир дунёда яхши ҳам, ёмон ҳам кўп. Айниқса, аёллар маккора бўлади. Астойдил ип эшса, ҳар қанақа эркакнинг бурнидан ўтказиб олиши мумкин», дерди Фазилат Маликага бот-бот такрорлаб.

Аброр бундай пайтларда: «Нега Малика бунақа гапларни оғир олмайди, жилмайиб қўя қолади?» деб ўйлайди.

«Фазилат опа, эрингизни менга ишонганингиздан эмас, иложсизликдан юборяпсиз. Чунки сиз яхши яшашга ўч аёлсиз. Агар бошқа пул келадиган йўли бўлганида, эрингизни ҳеч қачон боши очиқ қиз билан тўй-сафарларга юбормас эдингиз», дея силтаб ташласа ҳам бўлади. Лекин Малика бундай қилмайди, табассум билан жавоб қайтариб қўя қолади. Баъзан унинг ана шу жонбахш табассуми, кулдиргич ярашган чеҳраси, нолали овози Аброрнинг ҳам юрагини ўртаб юборади. Лекин ҳатто Ҳакимжон акаси унга икки-уч қадам узоқдан туриб муомала қилганда, Аброрга йўл бўлсин?!

Пешонаси ва бурнига қора теккан Аброр елим идишдаги минерал сув билан астойдил ювинишга киришаркан, кўз қири билан ҳамроҳларини кузатаётиб: «Балки, улар эл кўзидан йироқ, овлоқроқ бирор жойда учрашишар? Мен билмасман, Элмира билар. Ахир бир асоси бўлмаса менга шундай топшириқ бермасди-ку!» деган ўй ўтди хаёлидан.

— Намунча, куёв бўлгани кетаётган одамдек ювиниб-тарандингиз, Аброржон? Юра қолайлик-да, энди. Қоронғи тушяпти. Ҳадемай ўнгни чапдан ажратолмай қоласиз, — деди Малика машинадан туриб. Сўнг Ҳакимжонга юзланди:

— Ҳакимжон ака, ўзи сиз тоғбеги бўладиган одамсиз, янглишиб, созанда бўлиб қолгансиз, юра қолинг энди!

Унинг овози қўнғироқдек жарангларди.

«Доим шунақа, ёлғиз қолишга, айниқса, қоронғида Ҳакимжон билан ёнма-ён ўтиришга имкон бермайди. Ҳатто, мана шунақа айланма, баланд-паст йўлларда кимдир йўлбошловчилик қиладиган бўлса, дарров ўзи олдинга ўтиб олади».

Машина йўлга тушди ҳамки, Аброрнинг хаёли бир жойга жам бўлмасди. Ҳакимжон оғзида шўх бир куйни чалиб кетар, Малика эса сас-садосиз ўтирарди.

— Аброржон, бирон нарсадан безовтамисиз? — бехос сўради Ҳакимжон.

— Йўғ-эй, ўзим, шундай…

— Фикрингизни жамланг-да, укам, тепага чиқяпмиз ахир!

«Энди омадим чопай деганда ишни эплолмаяпманмикин ёки?! Нега улар бунчалик сипо, бир-бирларига талпинмайди? Қарзимдан қутулардим-да!» Тўйда ҳам Аброрнинг хаёли ўзида эмасди.

…Чиройли ўтган тўйдан сўнг тўй эгаси санъаткорларга алоҳида зиёфат қилиб берди. Йигитлар қатори Аброр ҳам озгина кайф қилди. Унинг назарида, Малика ҳам ичгандек кўзлари сузилиб, юзи лолаланаётгандек туйилди. «Ишқилиб, зиёфатдан сўнг ўзига дугона топиб олмасин-да. Ҳакимжон иккаласи аллақаерда ҳозирлаб қўйишган қўлбола меҳмонхонага боришсин-да, Ҳакимжон аканинг Маликага суқланиб-суқланиб қарашидан сезиб турибман. Бугун менинг омадим келади».

Аброр пиёлага яна қуйиб узатаётган косагулнинг қўлини қайтарди:

— Бўлди, ичмайман, ишларим бор!

Бирдан шундай деди-ю, атрофдагиларга қаради. Доирачи, найчи, ғижжакчи йигитларнинг ҳеч бири маст эмас, лекин юз-кўзлари чарақлаб турарди. Ахир кимсан, тарақа-туруқларсиз, фақат миллий чолғулар билан ашула айтадиган гуруҳ аъзолари эмасми, маст-аластликни ёқтиришмасди улар. Ҳамма хурсанд. Ҳеч бири Ҳакимжон ака билан Маликага айғоқчилик қилмаяпти ҳам. Фақат Аброр безовта эди.

— Қани, турдик, йигитлар! Саҳарлаб уйғонишимиз керак. Кетма-кет иккита ошни ўтказамиз, атайлаб биз келишимизга тўғрилашган ахир! — деди Ҳакимжон фотиҳага қўл кўтариб.

Аброрнинг хаёли эса ҳамон ўзига топширилган ишда эди.

… Ана, Маликага ҳеч бир аёл илашмади, машинанинг олдига ўтирди. Орқага Аброр билан Ҳакимжон. Йўлбошловчи рулда. Малика одатдагидек камгап, жиддий қиёфада, у бор эҳтирос ва ҳаяжонларини қўшиқларига тўккандек эди гўё. «Ҳали кўзимга кўринган экан-да, қаттиқ истаганим учун уни маст, деб ўйлабман. У эса юзига ҳирсли, ҳавасли боққан бирорта эркакка кипригини кўтармади ҳам. Нега? Барибир, эркаклар уни тоза деб ўйлармиди? Шунча эркак билан юради, кечалари қолиб кетади. Камида Ҳакимжон аканинг жазмани, деб ўйлашади. У эса… Нимага керак унга бу тозалик?! Умрининг гул фасли ўтиб боряпти-ку, ахир!» Аброр ҳамон хаёллари билан олишарди.

— Хўп, Маликахон, яхши дам олинг. Тўққизларда сизга одам келади…

Ҳакимжоннинг овози Аброрнинг қулоғига мойдек ёқди. У шунча ўй-хаёл ичида ҳам ўзига керак сўзларни топа олганди. «Демак, эрталаб Маликанинг бир ўзи қолади. Агар тунда Ҳакимжон ака билан ҳеч нарса бўлмаса, эрталаб ўзим уриниб кўраман. Элмирага нима фарқи бор? Ким билан бўлсаям, Малика шарманда бўлса, бас-да!»

Йўлдаёқ Аброр аввалдан термосга тайёрлаб солиб қўйган кофедан бирваракай икки пиёла ичиб юборди.

— Оғайни, бирор жойда тунги қоровулликка ёлландингизми? — гап қотди йигитлардан бири ётоғига кириб кетаётиб.

Аброр индамади. У йўлбошловчига: «Менга иложи бўлса, алоҳида жой қилиб беринг», дея шипшиганди.

Ҳамма хона-хонасига кириб, чироқлар ўчганда ҳам Аброр ҳушёр эди. «Ҳакимжон акам, албатта, бу кеча бир бор бўлсаям Маликанинг хонасига мўралайди. Ўша фурсатни бой бермаслигим керак». Ўзи шундай бўлишини қаттиқ истаётганиданми, Аброр яна бошқа хаёллардан тониб, шу фикрга ёпишарди. Нимадир «шит-шит»лагандек бўлди. «Ҳакимжон акам!» деган ўй урилди Аброрнинг миясига ва сакраб ўрнидан туриб, эшикка борди. Нимадир ғийқиллади, нимадир ғичирлади.

«Ҳакимжон акам сассизгина Маликанинг хонасига кириб кетди чоғи. Чиқишини пойлайман, эшик очилишида суратга олсам, бирор нарсани исботлармикан? Балки, Малика ҳам кўринар. Бу энди омадимга боғлиқ».

Аброр қатор хоналар эшиги қараган айвоннинг бир бурчагига ўтди. Худди ўғри мушукка ўхшаб бурчакка қиялатиб қўйилган пастак жавонни паналаб ўтирди. Жой торлигидан оёғи сиғмас, тиззаларини гоҳ йиғар, гоҳ букарди. Вақт эса ўтар, унинг беллари қотиб қолган эди. Оёқлари увишди. Аста туриб, Малика ётган хонага борди. Айвонни фонарь шаклидаги хира тунчироқ ёритиб турарди. Эшикка қулоғини қўйди, сас-садо йўқ. «Ҳакимжон акамнинг хонасига киришдимикин?» Яна одимлади, яна қулоқ тутди, жимлик. «Балки, шамол эшикларни очиб-ёпгандир, балки, мушук бордир», дея ўйлади Аброр. Лекин у илинж ипларини узиб кетолмасди. Ваъда қилинган пулни ўйлаганида юраги ҳаприқиб кетарди.

Орадан қанча пайт ўтди, билмайди. Шу пайт бирдан Ҳакимжоннинг овози эшитилди:

— Подъём, йигитлар!

Аброр уни кўриб қолмасликлари учун жавон ортига узала тушиб ётиб олди. «Ҳакимжон акам ўз хонасидан чиқди, демак, Малика ўша ерда, ҳаммаси кетсин, ўзим кираман», деган хаёлдан юраклари гурсиллади.

Йигитлар тапир-тупур чиқиб кетишар экан:

— Аброр чиндан қоровулликка кетган кўринади, эшиги очилмади, — деди кимдир.

— Э, қўявер, ҳали кун бўйи машинада силкинади, ухласин! — деди бошқаси.

Атроф жим-жит бўлиб қолгач, Аброр секин ўрнидан турди. Аввал Ҳакимжоннинг хонасини очиб кўрди. Чўчиброқ чироқни ёқди. Ҳеч ким йўқ. Бориб ёстиқларни, сочиқни ҳидлади. Шошиб хонадан чиқди. Малика ётган хонанинг эшиги олдига боргач, бирпас туриб қолди. «Таъби нозик, тўғридан-тўғри бостириб кирсам, бўлмас. Сал ўзимга қарай», дея ўз хонасига кирди. Атир сепиб, сочларини тузатди.

Хонасидан чиқиб, яна эшик олдига борди. Бармоғини букиб, тақиллатмоқчи бўлди.

Уни танигандан буён кўзида қолган лаҳзаларни қайта хаёлдан ўтказди. Бирор марта на Ҳакимжон ака, на бошқанинг олдида сочини ёзмаслигини ўйлади.

— Биз тескари қараб турамиз, турмаклаб олаверинг сочингизни, — дейишганда ҳам Малика бундай қилмасди.

— Сочда жоду бўлармиш. Бекорга тушган сочни куйдирмайдилар, ўзимдан эмас, сизлардан қўрқаман, — дерди ҳазил-чин аралаш.

Саратоннинг офтобида сой ва анҳорлардан ўтишганида, йигитлар:

— Битта ташлаб чиқамиз, — дейишади.

Малика узоқроқ кетади ё машинадан тушмайди.

— Биз ҳам машинага чиқиб, нари кетиб турамиз, битта шўнғиб чиқинг, — дейишса, Малика яна жилмайиб қўяди, холос. Лекин бирор марта сувга тушмайди. Шунча ўтиришлар, зиёфатларда бировга ортиқча гап гапиришга изн бермаган. Ҳеч қачон ҳеч кимга қўполлик қилмайди, баъзан нотаниш одамлардан ножўяроқ ҳазиллар эшитса ҳам жилмаяди. Фақат синиққина, ўртовчи жилмайиш бу.

Маликанинг ножўя бир ҳолатини сувратга оламан, деб чўнтагига солган телефони Аброрнинг кўксига ботгандек бўлди. Қўлига олиб, синдиргудек қаттиқ сиқди. Яна бир марта эшикка бармоқларини чўзди, лекин теккиза олмади. У аёл зоти пок бўлса, лойқа сувни ҳам тиниқлаштириши мумкинлигини ҳис этди. Бу гал ҳеч иккиланмай оёқ учида юриб, ўз хонасига қайтди.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Хонанда қизни бадном қилиш истагидаги айғоқчи..."