date

Қишлоқ хўжалигида янги давр: ер, имтиёз ва Бахмал тажрибаси!

Қишлоқ хўжалигида янги давр: ер, имтиёз ва Бахмал тажрибаси!

Лалми ерлар захираси ва солиқ имтиёзи

Президент Жиззах вилоятидаги йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасига устувор аҳамият берди. Вилоятдаги умумий 900 минг гектар лалми ва яйлов ерларининг 110 минг гектари фойдаланилмай тургани таъкидланди. Бу ерларда озуқа, мойли экинлар экиш ва саноат боғларини яратиш орқали камида 20 минг одамни ишли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Яйловлардан самарали фойдаланиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. Энг муҳими: кейинги йилдан бошлаб, юқори даромадли экин эккан ер эгаларига ер солиғи 2 карра камайтириб берилади.

Субсидияларни ой бошида тўлаш ва Бахмал тажрибаси

Шунингдек, аксарият чорвачилик ва фермер хўжаликлари озуқа ва мева-сабзавот етиштиришда сув насосига сарфланган электр учун субсидияларни ой бошида тўлаб беришни сўраган. Мутасаддиларга бу тизимни бутун республикада амалиётга жорий қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бахмалдаги 14 минг гектар боғнинг 4 минг гектари эскириб, ҳосили пасайган. Шу боис, эски боғларни интенсив усулга ўтказиш ва қайта ишлаш бўйича Бахмал тажрибасини жорий қилиш зарурлиги белгиланди. 2026 йилда 1,5 минг гектар эски боғларга фақат сертификати бор кўчатларни экиш муҳим; буни қўллаб-қувватлаш учун кўчат харажатининг ярми қоплаб берилади.

Боғдорчилик учун янги кредит ва субсидиялар

Боғдорчилик хўжаликлари учун яна бир қатор янгиликлар эълон қилинди: интенсив боғ ташкил қилишда 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 14 фоиздан кредит берилади. Меванинг турига қараб, шпалерлар (устунлар) учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади. Музлаткичли омборлар учун кредит фоизининг асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми тўлаб берилади. Мева-сабзавот экспортчилари ва боғбонларга ҳам қадоқлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун Савдони ривожлантириш компаниясидан субсидия тўланади. Умуман, келаси йили боғдорчилик бўйича Бахмалда тажриба мактаби яратилиб, бу имтиёзлар бутун мамлакатга жорий қилинади.

Ер ижараси эркинлиги ва паррандачилик лойиҳаси

Аниқ маҳсулот экиш шарти билан аукционга чиқарилган 10 минг гектар ер бир йилдан буён савдога чиқарилмай тургани маълум бўлди. Шу боис, кейинги йилдан бошлаб экин ерларини ижарага беришнинг янги тизими жорий қилинади. Эндиликда ерни ижарага олган деҳқон унга нима экишини ўзи мустақил белгилайди. Такрорий савдога қўйилган ерларнинг бошланғич нархи 10 фоизгача пасайтирилади. Ер ижарасидан тушган маблағлар тўлиқ саноатлашган боғлар учун инфратузилма объектларига (сув, электр, йўл) сарфланади.

АҚШлик ҳамкорлар билан Зоминда парранда бўйича йирик наслчилик корхонаси ташкил қилинмоқда. Бу ноёб лойиҳа республикада паррандачиликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Қишлоқ хўжалигида янги давр: ер, имтиёз ва Бахмал тажрибаси!