08:27 / 30.03.2018
4 284

Таълим ҳақида ўйлар...

Таълим ҳақида ўйлар...
Амалдаги таълим тизимида ислоҳ қилинишга муҳтож қандай масалалар бор?

Ўқитувчи шахсияти ва таълим тизими масаласи...

Моддий, маънавий ва ҳуқуқий томондан ўқитувчилар ҳимояланганми?


Тақдир тақозоси билан 2016 йил, май ойидан эътиборан таълимда ишлай бошладим. Бунга сабаб Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг очилиши бўлди. Камина “Жаҳон адабиёти” кафедраси мудирлигига таклиф қилиндим. Мен илгари ҳам таълим соҳасида ишлаганман. 90-йиллар ўрталарида. Миллий университетнинг журналистика ва ўзбек филологияси факультетларида ўзбек адабиётидан, Шарқшунослик институтида эса турк тилидан талабаларга сабоқ берганман. Лекин орадан 20-22 йил вақт ўтган, олий ўқув юртларида ишлайдиган дўстларимдан эшитишимга кўра, энди таълимда ишлаш бағоят оғир бўлиб қолган, қоғозбозлик ва мажлисбозлик ўзининг ҳадди аълосига етган эди. Мен янги очилаётган университетга кадрларни танлаб олаётган комиссия аъзоларига таълим ҳақидаги мана шуларни ва яна ёзувчи эканлигимни, ижодкор одам руҳ эркинлигини севишини, таълимда ишлашим эса энди бир мунча қийинчилик туғдиришини айтдим. Лекин тақдир экан, бир неча номзодлар ичидан камина танланди. Шундай қилиб, қизғин иш палласи бошланиб кетди.

Мен аввалига “Нега мажлисларда жим турамиз? Нотўғри ишларга эътироз билдирмаймиз, тўғрисини айтиб, фикр билдирмаймиз!” дея ўзимга ўзим билағонлик қилдим. Ўрни келганда, талашиб-тортишдим ҳам. Муаммонинг юза қисми билан эмас, балки илдизига қизиқадиган, мабода, уни ҳал қилиш керак бўлса, илдизига таъсир қилиб ҳал қилиш керак, деб ҳисобловчи инсонлар тоифасидан бўлганим учун ҳам, қисқа вақт ичида тушунганларимни шу биргина жумладан ифода қилсам бўлади: “Таълимда соғлом тизимни йўлга қўймасдан туриб, мажлисларда муҳокама қилинаётган турли масалаларга эътироз билдиришдан наф йўқ!”. Аммо инкор қилиш ҳамиша осон, инкор қилинганнинг ўрнига жўяли таклиф қилиш мушкуллигини билганим учун ҳам изланишим лозим эди. Қарасам, таълимдаги тажрибам ҳали етарли бўлмай, мен дарс берган 90-йиллар билан ҳозиргиси (2016-2018) нинг орасида катта фарқ бор эди. Демак, менинг янги таълим соҳасида етарлича малака ва тажрибага эга бўлишим лозим эди. Шундай қилиб, машғулотларга шўнғиб кетдим. Бугунги кун билан ҳисоб қилсам, янги таълим тизимида икки йилга яқин ишладим. (90-йиллар ўрталаридаги икки йиллик стажим билан педагогик фаолиятим жами 4 йилга етди). Энди бир педагок, бир ёзувчи, бир олим ва ниҳоят, бир зиёли сифатида таълим бўйича ўз мулоҳазаларимни ўртага муҳокама учун ташлашим мумкин, деб ўйлайман.

Мен ўқитувчи муаммосига аввал ҳам эътибор бериб, уларни икки романим - “Мувозанат” ва “Исён ва итоат”да қаламга олганман. Асарларнинг бош қаҳрамонлари Юсуф ҳам, Акбар ҳам ўқитувчилар эди. Бу икки образ ва яна физика-математика фани ўқитувчиси Эргаш ака образлари орқали (асарлар 1997 ва 2003 йилларда ёзилган) ўқитувчи ва таълим билан боғлиқ, ҳозирга қадар ҳал қилинмаган долзарб муаммолардан бонг урилган эди. Лекин улар бадиий асар бўлгани учунми, романларда кўтарилган муаммолар жамиятда ўз акс садосини топмади. Бугун худди ўша гапларни публицистик оҳангларда такрорлаяпман, холос. Албатта, эндиги эътирозлар кучлироқ жарангламоқда. Нега деганда, “Болоня шартномаси”нинг аянч натижалари бугунга келиб инкор қилиб бўлмас даражада кўзга ташланиб қолди. Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Болоня шартномаси”нинг хато эканлиги тўғрисида МГУ (МДУ, Москва давлат университети) ректори билдирган фикрларни ўқиб қолдим. Жаҳон миқёсида катта обрў-эътиборга эга университет раҳбари ўз вақтида охири ўйланмай бу шартномага имзо чекилганию энди ҳаммасини бошидан қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида гапирибди. Маълумингизким, амалдаги тестга асосланган таълим тизими худди ана шу “Болоня шартномаси”га кўра амалга оширилган бўлиб, у бугунга келиб чок-чокидан сўкилиб кетди. Демак, бугун ўша шартномани қайтадан кўриб чиқиб, таълим соҳасида жиддий, ҳа-ҳа, ғоят жиддий ўзгаришлар қилишга эҳтиёж пишиб етилди. Таълимнинг ислоҳга эҳтиёжи борлиги тортишиб бўлмас масала эканлиги қуйидаги мулоҳазалардан ҳам англашилади, деб ўйлайман.

Хўш, амалдаги таълим тизимида ислоҳ қилинишга муҳтож қандай масалалар бор? Бу борада турли қарашлар бўлиши мумкин. Менинг кузатишимча, ўқитувчи шахсияти ва таълим тизими масаласи асосий масаладир.

Ўқитувчи шахсияти масаласи!?

Моддий, маънавий ва ҳуқуқий томондан ҳимояланган ўқитувчининггина шахси бутун бўлади. Хўш, бугун ўқитувчининг шахси бутунми? Шу масаланинг ижобий ечими, ўйлашимча, таълимнинг тенг ярим муаммосини ҳал қилади. Айтиш жоизки, амалдаги таълим тизими ўқитувчининг шахс сифатида шаклланишига хизмат қилмайди. Ўқитувчи шахси емирилдими, бас, бундай ҳолда у педагок сифатида тамом бўлган бўлади. Энди у нафақат талабага, балки ўзига ўзи ҳам ёрдам беролмайди. Шу маънода таълимда ўқитувчи шахси бирламчи масала бўлиши лозим, деб ўйлайман. Чунки шахси бутун ўқитувчигина шахси бутун ўқувчи-талабаларни тарбиялай олади. Зеро, таълим-тарбиядан мақсад ўқувчи онги ва қалбини уйғотиш, уларни маълум мақсадлар сари йўналтиришдир. Информация бериш ҳам муҳим. Лекин берилаётган информацияларга қандай муносабатда бўлиш, уларни таҳлил қилиб, тўғри ва керакли хулосаларга келиш, хулосалардан эса эзгу мақсад йўлида фойдаланиш малакасини, РУҲИНИ шакллантириш янада муҳимдир. Ҳар қандай зукко ўқитувчи хотирасидаги фанга доир маълумотлардан битта флешка ичидаги маълумотлар кўпроқ ва тўғрироқ бўлиши мумкин. Лекин биронта флешка, биронта компьютер ҳақиқий ўқитувчи ўқувчи-талабага бера оладиган РУҲни бера олмайди. Таълим ҳақида гап кетганда, ана шу РУҲ га кўпроқ эътибор бермоқ керак. Бу руҳ, аввало, ўқитувчининг ўзида бўлиши шарт. Ахир, инсон ўзида йўқ нарсани қандай қилиб ўзгага бера олади?..

Ўқитувчи вақтига тажовуз қилмаслик лозим. Рус педагоги В. А. Сухомлинскийнинг бир фикрини келтирмоқчиман: "Ўқитувчи маҳорати ўсишининг энг муҳим шарти ВАҚТдир - ўқитувчининг бўш вақти! Ўқитувчида бўш вақт қанча кам бўлса, у шунча руҳан синади. У қанчалик ҳужжатбозлик, мажлисбозлик, қоғоздаги иш режаларию ҳисоботлар билан банд бўлса, ўқувчи-талаба учун берадиган ҳеч нарсаси қолмайди! ВАҚТ - бу ўқитувчининг энг катта руҳий бойлигидир! Педагогик ижодкорлик ва фаолият - машаққатли меҳнат. У катта қувват ва кучни талаб қилади. Агар қувват тикланмайдиган бўлса, ўқитувчи таслим бўлиб синади ва қайтиб ўзига келмайди". Дарҳақиқат, замонавий дунёда қоғозбозликдек инсон умрини хазон қиладиган бошқа бир иллат йўқ. У таълимда ҳам симулякр ҳодисасини пайдо қилиб бўлди: қоғозда иш кетаверади, лекин амалда ҳеч вақо бўлмайди.

Давоми бор...
Улуғбек Ҳамдам ёзувчи,
филология фанлари доктори

Манба: ЎЗА

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Таълим ҳақида ўйлар...