
Данияда янги қонунга кўра, энди бу мамлакатда аёллар ҳам эркаклар қатори армия сафига қўшилишлари шарт. Associated Press тарқатган маълумотларга кўра, мазкур ўзгаришлар 1 июлдан бошлаб кучга кирди, деб хабар берди apnews.com.
Энди 18 ёшга тўлган ҳар бир аёл ҳам, эркаклар каби, ҳарбий хизматни ўташи лозим. Илгари бу ҳуқуқ фақат хоҳишга боғлиқ бўлган бўлса, энди мажбурий шартга айланди. Мамлакат мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен таъкидлашича, ҳукумат бошида бу қадамни 2027 йилдан амалга оширишни режалаштирган эди, аммо Россиядан келиб чиққан хавф туфайли тезроқ ислоҳот қилиш зарур деб топилди.
Данияда ҳарбий хизматнинг умумий муддати ҳам сезиларли даражада оширилди — энди аёллар ва эркаклар 11 ой мобайнида армия сафида бўладилар. Бу аввалги 4 ойлик хизматдан деярли уч баробар кўп. Бу ўзгаришлар НАТО стратегияси ва хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилди. Чақирув дастури раҳбари, полковник Кеннет Штромнинг фикрича, янги қоида мамлакат армияси, ҳарбий-ҳаво ва денгиз кучларига кўпроқ малакали ёшларни жалб қилади.
Дания қонунларига кўра, 18 ёшга тўлган барча фуқаролар армияда хизмат қилишга лаёқатлилигини текширишдан ўтади. Аввало, кўнгиллилар танлаб олинади, қолган ўринлар эса лотерея усулида тақсимланади. Яқин 8 йил ичида йиллик чақирув 6,5 минг кишига етказилиши кутилмоқда. Қайд этиш керакки, ўтган йили 4,7 минг аскар армияда хизмат қилган ва уларнинг тўртдан бири аёллар бўлган.
Айни вақтда Дания аҳолиси 6 миллионни ташкил этади. Маҳаллий армияда эса 9 минг профессионал ҳарбий хизмат қилади. Мамлакатда аёллар учун ҳарбий хизмат мажбурий қилингани билан Дания Скандинавия минтақасида сўнгги бўлиб, бу йўлни танлади. Илк бор 2015 йили Норвегия, кейинроқ 2017 йили эса Швеция шунақа қадамни ташлаган эди.
Бугунги дунёда хавфсизлик масаласи янада долзарб бўлган бир пайтда, Дания каби мамлакатлар армия сафига аёлларни ҳам қўшиш орқали ҳарбий салоҳият ва тайёргарликни янада мустаҳкамлашга интилаяпти. Янги қонуннинг ҳаётга қандай таъсир ўтказишини эса вақт кўрсатади, лекин фуқаролик бурчини адо этиш эндиликда барчадан талаб этилади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар