13:58 / 21.06.2018
6 776

Хотинбоз… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Хотинбоз… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)
Учинчи бор беш йил турмада ўтириб қирқ ёшида яна озодликка чиққан Аббос “баттол”нинг уйи шомга яқин қўни-қўшни, ёру биродарлар билан лиқ тўлди. Бир тарафда Саминқишлоқ баковули янги сўйилган қўй гўштини қозонга ташлаб, қайнатма шўрва пишириш билан банд, нариги томонда эса кабобчи деб ном чиқарган Аҳмадали мўйлов елпиғичини ишга солиб бутун ҳовлини тутунга тўлдирган. Хотин-халаж ҳам шундай кунларда кўришиб қолишадими, бир-бирларига гап бермай, нуқул Аббос баттолни мақташгани мақташган.

— Вей, учинчи марта ростдан омадим келди! — шишадаги ароқни улфатларга қуйиб узатаркан, Аббос баттол оғзидан тупук сачратиб мақтанарди. — Шу сафар турмадаги манаман деганларини қўлга олдим!

— Қандай қилиб? — баттолнинг оғзига тикилиб сўрашарди улфатлар. — Шундай қилсаям бўларканми?

— Бўлмаса-чи?.. Паханигача қўлимга сув қуйиб кун кўрди.

— Опқоч-э!.. — сал наридан туриб суҳбатни тинглаётган Аҳмадали мўйлов қўл силтади. — Улар ғирт каллакесар бўлишади-ку! Қанақасига сенинг қўлингга сув қуйсин?

— Қуяди-да! — деди Аббос баттол. — Тўғри, эндигина турмага келганимда қўрқитиб олмоқчи бўлди. Лекин менам бўш келмадим. Шартта томоғига пичоқ тирадим.

— Турмадаям пичоқ олиб юрса бўларканми, ака? — қизиқсиниб сўради самоварда чой қайнатаётган Самин чатоқ деган букрироқ йигит. — Соқчилар олиб қўйишмайдими?

— Э, чатоқ, яшашни билиш керак, уқдингми?!. — баттар авжга минди Аббос. — Соқчиларинг ким бўпти? Ўшалар керак бўлса, менга оқ нон, паловхонтўра ташиб кун кечиришарди.

— Қойил! — бараварига оҳ тортиб юборишди улфатлар. — Бунақасини эшитмагандик! Боплабсан, баттол, боплабсан!..

Шу маҳал Аббоснинг кўзи қора футбол майкаси, жинси шим кийган, сочи қириб ташланган, хомсемиз эркакка тушиб гапиришдан тўхтади ва ўрнидан туриб кетди.

— Шу нусха етмай турганди ўзи! — ўзича ғудраниб нари кетди у. — Пишириб қўйганмикан меникида? Ўзининг уйидаям одам тўла бўлса керак. Нима қиларкан бу ерда?..

Ҳа, бу синфдоши Ҳайдарали “ошқовоқ” эди. Турмада бирга ўтиришган. Бир кунда озодликка чиқишган. Фақат Ҳайдарали қотиллик туфайли ўн беш йил деганда озодлик юзини кўрди.

У ҳаммалари билан қучоқ очиб кўришди-да, Аббосга қараб масхараомуз тиржайди.

— Ҳа, оғзингни тўлдириб мақтаняпсанми? — кулди Ҳайдарали кабобчига кўз қисиб. — Ўзи мактабдаям мақтанавериб ҳаммамизни хуноб қилардинг. Ҳеч бўлмаса, турмадан келиб шу ишингни қилмагин. Ҳеч ким билмасаям, мен биламан-ку турмада нима қандлар еганингни!

— Вей, нимага келдинг ўзи? — Аббос хезланиб синфдошига яқин борди. — Ким чақирди сени бу ерга?

— Ўзингни босвол, хунаса! — Ҳайдарали азбаройи жаҳли чиқса-да, ўзини зўрға тутиб Аббосни нари итарди. — Бўлмаса, бор ҳақиқатни айтиб шармандангни чиқараман!

— Э, қўлингдан нима келади ўзи? Юр, ташқарига чиқайлик! Шарманда қилишни кўрсатиб қўяман сенга!

— Ҳой, ҳой, ўзингни бос, Аббос, ўзингни бос!..

Улфатлар муштлашишгача етаёзган Аббосни айириб нари олиб кетишгач, Ҳайдарали қолганларга шипшитди.

— Айтинглар, бировнинг номусига тегиб қамалган аблаҳни нима қилишади турмада? Биласизларми?

— Ўчир овозингни, ифлос! — бақирди Аббос хириллаб. — Ҳали қараб тур, кўрсатиб қўяман сенга!..

Улфатлар бу гапдан сўнг на кулишни, на жим туришни билишди. Икки-уч гуруҳга бўлиниб олганча ўзаро шивир-шивир қилишга тушиб кетишди.

***

Ҳайдаралининг гаплари Аббосни нақ қутуртириб юборгандек эди. Келди-кетдининг кети узилгач, кайфи таранглашган Аббос хуфтон маҳали аламга тўлиб-тошиб, кўчага отланди.

Узоқ вақт ариқ бўйларини кезиб юрди.

Ўзича нималарнидир хомчўт қилган бўлди.

Кимларнидир овоз чиқариб қарғади.

Сўнгра бирдан жонланиб чеҳраси ёришди.

“Мени аёлга йўйдими? — хаёлидан кечирди у. — Турмадаги ишларни юзимга солдими? Яхши… Хўп… Ҳа, мен шунақаман. Лекин униям адабини бераман. Шундай шарманда қиламанки, туғилганига пушаймон бўлади. Хотини Ҳанифага чанг соламан. Ўзиям мени кўрса қизариб-бўзарарди. Кўнгли бор, ҳа! Аёл кишининг кўнглини кўзидан билса бўлади. Лекин… Қандай қилиб? Бу падар лаънати Ҳайдар ҳам эндигина қамоқдан қайтган бўлса. Уйини қариндош-уруғ, қўни-қўшни босган… Вей, шу каллакесарга ўхшаган қариндошим бўлса-чи, Америкадан келсаям қадам босмасдим уйига. Одамларга ҳайронсан. Э, қўрқишади-да! Каллакесарлигидан қўрқишади. Майли, ўлиб кетишмайдими!?. Энди мундоқ қиламан. Эртага секе-ен ҳовлиси тарафга ўтаман. Агар Ҳайдар кўринмаса, хотини Ҳанифани таппа босаман. Ўзим ҳам… Ёввойилашиб юргандим. Жанжал қилгани бир жиҳатдан яхшиям бўлди. Шу баҳонада нафсимни қондириб оламан. Тўхта! Қаматиб юборади-ку!.. Ие, нима бўпти қаматса? Бориб юрган жойим бўлса…”

Аббос баттол бир қарорга келгандек, қиттай-қиттайни давом эттириш ниятида уйи томон йўрғалади.

***

Тонг отди. Аббос ўрнидан зўрға қўзғалиб, бошини чангаллаганча ҳовлига чиқди.

Етмишга яқинлашиб қолган онаси Орзи хола мункайган кўйи у ер бу ерда қолиб кетган коса-товоқларни йиғиштириш билан овора эди.

“Ярамас хотин кетиб энамга қийин бўлди, — ўйлади у қўлларини мушт қилиб. — Олиб келсаммикан? Йўқ, олиб келмайман. Униям тушунса бўлади. Эри қамоқдан бери келмаса, қайси хотин чидаб ўтирарди?!. Ўлиб кетсин! Менга деса, бошқанинг этагини тутмайдими…”

Шу тобда Аббоснинг ёдига тундаги режалари тушиб югуриб борди-да, човгумдаги совуқ сувда юз-қўлини чайди.

— Ҳа-а, бугун Ҳайдарнинг уйи куядиган кун. — деди Орзи холага эшиттирмай. — Энам ҳам билмай қўя қолсин. Эшитса, хафа бўлади. Менинг ишларимни, аламларимни қайданам тушунарди. Ҳозир чойхонага чиқаман-да, “бош оғриқ” қилволаман. Баҳонада юрак сал бақувватлашади. Ана ундан кейин бемалол “Ҳанифа қайдасан?” деб йўлга тушсам бўлаверади.

Ҳайдарали “ошқовоқ”нинг ҳовлисида эркак товуши эшитилмас, хотини Ҳанифагина товуқларини “киш-киш”лаш билан овора эди.

— Зап вақтида келибман-да ўзиям! — Аббос уёқ-буёққа ўғринча қараб олиб, кўчада ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, секин тахта дарвозани итарди. — Хайрият, очиқ экан!.. Қара, ҳалиям қоматини йўқотмабди-я! Кетаётганимдаям шундай лўмбиллаган эди. Озмабди. Аксинча тўлишибди. Эҳ, шундай хотиним бўлса, ёнидан жилмасдим!..

— Ҳайдар, ҳов Ҳайдар! — бўсағадан туриб бақирди Аббос. — Ким бор?

— Ҳув-в!.. — Ҳанифа кескин ортга ўгирилиб, дарвозахонадаги Аббосга кўзи тушди-ю, шоша-пиша рўмолининг учи билан юзини беркитган бўлди.

— Вой, келинг, муллака! Эсон-омон қутулиб чиқдингизми?

— Раҳма-ат! Раҳма-ат!.. — Аббос мийиғида кулимсираб Ҳанифага яқин келди. — Ҳайдар йўқми дейман?

— Хўжайин… Улфатлари чойхонага чақиришганди… Шунга…

— Болалар-чи, болалар?

— Улар далага ўт тергани кетишган…

Аббос эҳтиёт шарт девор оша қўшниларникини кузатган бўлди.

— Ҳанифахон, иложи бўлса, ичкарига кирсак! — деди у мулойимлик билан.

— Вой… Узр, муллака, узр! Ҳовлида туришимизни қаранг… Қани, ичкарига! Ҳозир чой қўяман!

— Чой керакмас. — Аббос Ҳанифанинг ортидан ичкари уйга кирди дегунча ташқари эшикни тамбалаб қўйди. Буни уй бекаси сезмадими, эътибор қилмай, янги кўрпачаларни гилам устига тўшаш билан овора бўлди.

— Қани, ўтиринг, муллака! Хўжайинам кеп қолар ҳали замон!

Аббос ўтириш ўрнига Ҳанифага еб қўйгудек тикилиб турди-да, кутилмаганда икки елкасидан тутиб ўзига тортди.

— Жоним-м!.. Тўлишганингни қара, тўлишганингни!..

— Н-нима қилаяпсиз-з?.. — аёл бундай қалтис ҳаракатни кутмаган эди. Ранги докадек оқариб, дир-дир титраганча силтана-силтана Аббоснинг кучли қўлларидан халос бўлиш ҳаракатига тушди. — Қўйвор, ифлос, хотинбоз, қўйвор!..

— Қўйвориб бўпман! — Ҳанифани бир зарб билан ўзи тўшаган янги кўрпача устига ётқизди. — Беш йил қамоқда ўтириб фақат сени ўйлаганман. Мана шу кунни беш йилдан бери орзулаганман!..

— Қ-қўйвор дедим, ифлос, қўйвор-р-р!..

Ҳанифа бор кучини ишга солиб бегона эркакнинг чангалидан қутулишга уринар, аммо иложини топа олмасди.

Охири икки қўлини ёнига ташлаб кўзларини юмиб олди.

Юзлари, пешонасини муз тер босди.

Аёлнинг ҳушдан кетганини кўрган Аббос янада жонланиб кийимларини ечиб ташлади…

— Нима-а-а?.. Аблаҳ!.. Итдан тарқаган ҳезалак!..

Шу орада эшикни тепиб ичкарига Ҳайдарали бостириб кирди.

Ўзини йўқотиб қўйган Аббос на туришни, на ётаверишни билар, жавдираганча турмадошига тикилиб қолганди.

Ҳайдарали кира солиб уни юзи аралаш тепа кетди…

Орадан ярим соатча вақт ўтиб аъзойи бадани қонга беланган Аббосни катта кўчага итқитиб ташлади.

ХОТИМА ЎРНИДА:

Ҳанифага ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилди. У ўзига келгач, бор ҳақиқатни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакилларига айтиб берди.

Аббос жинояти исботлангач, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хотинбоз… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)