Европа футболидаги машҳур жамоа — “Барселона” жорий ёзда Осиё бўйлаб ўтказилган халқаро турнени якунлаб, яна ўз қароргоҳига қайтди, деб ёзади as.com. Бироқ, бу сафар катта умидлар билан бошланган бўлса-да, жамоа аъзолари сафардан кўнгилдагидек кайфият билан қайтишмади.
Манбаларга кўра, бир қатор етакчи футболчилар бош мураббий Ханс-Дитер Фликка мурожаат қилиб, турне пайтида клуб мутасаддилари томонидан амалга оширилган логистика ва ташкилий ишлардан норози эканликларини билдиришди. Айниқса, Жанубий Кореянинг “Тэгу” жамоасига қарши ўтказилган ўйиндан сўнг тўрт соат автобусда сафар қилиш футболчиларга анчагина ноқулайлик туғдирган.
Қолаверса, чартер рейснинг тонгги соат тўртга белгиланиши ҳам футболчиларнинг чарчоқ ва норозилик кайфиятини янада кучайтирган. Оқибатда, жамоа Испанияга 13 соатлик узоқ парвоздан кейин қайтиб, жиддий толиқишни ҳис қилишди.
Бош мураббий Ханс-Дитер Флик эса, вазиятни юмшатиш мақсадида бутун жамоага бир кунлик қўшимча таътил берди. Бу қарор футболчиларнинг саломатлиги ва руҳий ҳолатини тиклашга қаратилган амалий қадам бўлди.
Айтиш мумкин, “Барселона”нинг бу сафарги турнеси нафақат спорт, балки ташкилий жиҳатдан ҳам муҳим сабоқ бўлди. Келгусида жамоа раҳбарияти футболчилар манфаатларини тўлиқроқ инобатга олиб, логистика ва дам олиш масалаларига жиддий эътибор қаратиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Мухлислар эса ўз севимли жамоаларининг янги мавсумда чарчоқ ва тушкунликсиз, фақат ғалабалар руҳида ҳаракат қилишини кутишмоқда. “Барса” учун эса ҳар бир сафар — янги синов ва тажриба, келгусида барча камчиликлар бартараф этилишига умид боғлашдан чарчамаймиз!
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!