23:43 / 16.07.2018
3 982

Эски одатлардан воз кечиш вақти келмадими?

Эски одатлардан воз кечиш вақти келмадими?
Ҳаммасини тушунаман – «мажбурлаш яхши эмас», «ҳар ким ўз устидан ишлаши керак», «натижага насиҳат ва тарғибот ила эришиш керак» – булар ҳаммаси тўғри гаплар. Ўзим шу ёндошувнинг тарғиботчисиман.

Аммо ҳар бир воқелик ўзининг миллион тафсилотига эга бўлиб, ҳар бир ҳолат алоҳида ёндошувга, юзаки эмас, балки хос (нидивидуал) муносабатга муҳтождир.

Мисол учун

Ёш болани тарбия қилиш жараёнида биз унга нафақат панд-насиҳат қиламиз, балки баъзида уни айрим нарсаларга мажбурлаймиз. Нега? Чунки вазият шуни тақозо қилиб қолади – баъзи яхши нарсаларга болада кўникма ҳосил бўлиши ва аксинча баъзи ёмон нарсаларга болада кўникма ҳосил бўлиб қолмаслиги учун биз уни айрим ҳолатларда мажбурлашга... мажбур бўламиз. Бу – масалага воқеликдан келиб чиқиб, айрича, хос ёндошувга мисол.

«Ҳа у ёш болада! – дейсиз. У албатта нима қилаётганини тушунмайди, тўғрилаб туришга муҳтож». Тўғри, ёш бола ҳақида сўз кетганда унинг оқ-қорани танимаслиги, онги шаклланмагани ўз-ўзидан тушунилади.Аммо бу ёши улғайганларнинг ҳаммаси ҳам қилаётган ишини билиб қилади, деганими?

Тан олайлик, ҳаётимизга яхшилаб қарайдиган бўлсак, ундай эмас – кап-катта одамлар баъзида қилаётган ишларини умуман билмай қилишади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас – баъзида «кап-катта» халқнинг аксари қилаётган ишини умуман билмай қилаётганининг гувоҳи бўламиз.

Президентнинг тўй-ҳашамлар ҳақида қалбдан чиқариб айтган гаплари бошини қуйи солиб, нима қилаётганини билмай, топганини тўйга сочишни ўзига фарзу вожиб қилиб олган халқнинг онгига жўнатилган муҳим бир маънавий мактуб (мессеж) бўлди. Тўй қилиб, кейин бир неча йил нонни сувга ботириб еб, болаларини камқонликка учратишни ўзига «буюк шараф» ҳисоблайдиган, шундақа жиҳатлари ила ёш боладан фарқи қолмаган халқ онги учун бу сўзлар муҳим тузатувчи омил бўлиб янгради, воқеликка кўзни очиб қарашига ундади.

Ўзбекистон фақат Тошкент шаҳридан иборат эмас. Вилоятлардаги ҳаёт эса бир қанча жиҳатлари ила пойтахт ҳаётидан баъзан ўта ҳайратланарли даражада фарқланади. Буни фақат ўша – чекка вилоятда туғилиб-ўсиб, ўша муҳитнинг «ҳидини» туйиб катта бўлганлар билади.

Аҳолимизнинг асосий қисми яшайдиган чека туманларда ҳаёт ритми ва мундарижаси тамомила ўзгача кўринишга эга – одамларнинг ўй-фикрини тор доирадаги истаклар – стимуллар бошқаради. Ҳар бир онгли кишилар жамоасига хос бўлиши керак бўлган ижтимоий онгнинг ўрнини онгсиз равишда содир этиладиган, ҳеч бир мантиққа ёхуд маънавий низомга суянмайдиган, мудом ўзгаришларга (трансформацияга) учраб турадиган, «одатлар» деб аталмишишлар эгаллаб олган. У одатлар қай даражада ақлга сиғади – аҳамиятсиз. Бажариш «вожиб».

Тутқунлик. Бунинг бошқа номи йўқ

Онгсиз равишда содир этиладиган ишларнинг бариси – тутқунлик. Зеро бунда киши нима қилаётганинибилмай ҳаракат қилади. Ишлари ўзига, зурриёдига зарар бўлаётганини англамайди. Фойда-зарарни ўлчайдиган тарозиси бузилади. Биров «бу сенга, болаларинга зарар-ку!» – деса ҳам, шиша кўзларини бир нуқтага қўёлмай «нима қилай, одамлар гапиришади-да!» – деб тураверади. Унинг ҳолатини гиёҳванд моддага тобе бўлган одамнинг ҳолатига қиёсласа бўлади, шундай эмасми? Зеро икки ҳолатнинг ҳам асоси бир – тутқунлик – иродадан айрилиш, фойдагамас, зарарга юриш.

Зарарли одатлар билан ўз-ўзини кишанлаб қўйган халқнинг ҳолатини гиёҳванд моддага тутқун бўлган одам ҳолатига қиёслаган бўлсак, энди бу ҳолатдан чиқиб кетиш учун икки ҳолатда ҳам беморга ёрдам зарур эканлигини тан олмоғимиз зарур. Ҳар икки ҳолатда ҳам иродани эгасига қайтариш йўлида баъзи мажбурлов чораларисиз иш битмайди.

Тез фурсатда ривожланишга юз тутган мамлакатларнинг тажрибасига қарайдиган бўлсак, ҳар бирида бошланғич босқичда омма онгида оддий – мантиқ тақозо этувчи қоидаларини қарор топтириш йўлида бир қарашда ҳаддан ташқари кескин чоралар кўрилган. Ахлатни кўчага ташлагани учун фалон минг доллар штраф, автобусга билетсиз ўтиргани учун фалон жазо – булар жамият ўз-ўзини ислоҳ қилиш йўлида, тартибсизлик одати ўрнига тартибни қарор топтириш йўлида кўрилган чоралар. Бунинг берган самарасини биламиз – тартиб-интизом, саранжомлик, тозалик.

«Перезагрузка»

Стол компьютеримиз ёки телефонимиз «инжиқлик» қилиб қолди. Уни бир «перезагрузка» қилиб юбордик. Йиғилиб қолган оператив (жараёний) хатоликлардан тузалиб олган мосламамиз бинойидек ишлаб кетди. Нега? Чунки у ўзига келиб олди-да!

Инсоният тарихига ёхуд табиатга назар ташлайдиган бўлсак ҳам шундай «перезагрузка»нингмисолига дуч келамиз. Кишилик жамияти билан юз берадиган ҳар бир буюк ўзгариш ёки табиатдаги алмашинишнинг аввалида албатта бир «перезагрузка»– таназзулдан сўнг бир сесканиш ва кейин янгиланиш содир бўлади. Буни ҳатто «ўзгариш қонунияти» деб атасак ҳам бўлади.

Демак жамиятда ҳақиқий янгиланиш содир бўлиши учун унинг асослари бир бор силкиниши ва шу аснода жамиятга зулукдай ёпишиб олган иллатлар, зарарли кўникмалар ўз ёпишиб олган ўрнидан силжиши, кўчиши лозим. Инсониятнинг олди бўлган халқ уни тутқун қилиб, қуйи ўринга – ачинарли аҳволга солиб қўйган омиллар – мантиқсиз одатларининг юзига бир бортикка қарамоғи ва ҳушига келмоғи зарур.

Кутилган "мессеж"


Аввал таъкидлаганимиздек, юртбошисини маънавий отаси деб биладиган аксар халқимиз Президент Шавкат Мирзиёвнинг тўйлар ҳақида ачиниш ила айтган сўзларидан маълум даражада таъсирланди, «Худога шукр-э, тўйларимиз тартибга олинар экан!» – деган сўзлар кўпларнинг дилига ва тилига келди. Бундай сўзлар оддий халқ оғир кишан бўлиб бўйнига осилиб олган одатлардан чарчаганидан ҳамда бу кишанлардан қутулиш учун кимдандир ёрдам кутиб яшаганидан дарак бериб турибди. Бу психология фанида маълум бўлган ҳолат бўлиб, бунда киши ёки жамият хато доирадан ўз кучи билан чиқиб кетолмайди ва атрофдан ёрдам кутади. Аммо атрофдан ёдам олиб бўлсада фосид доирадан чиқиб кетгандан кейин улкан ишларга қодир бўлади.

Зиёлиларнинг ўрни

Ҳар бир маъно-мантиққа доир ишда зиёлийларнинг ўрни беқиёсдир. Аччиқ ҳақиқатларни таъсирли, тушунарли, шу билан бирга одоб билан, ҳеч кимни хафа қилмасдан оммага етказишни зиёлийлар қилмаса, ким қилади? Зарар миқёси осмонча бўлиб турган одатларимизнинг мудҳиш моҳиятини очиб берувчи бадиий асарлар, бадиий ва ҳужжатли филмларни зиёлилар яратмаса, ким яратади? Маъмурий чекловлар билан бирга, балки уларнинг муваффақиятини таъминловчи, маънавий «маҳсулотни» зиёлилар бермаса, ким беради?

Сўз якунида шуни айтиш зарурки – масала жиддий, унга енгил қараб бўлмайди. Топганини совуришни ҳаётининг шаксиз жиҳатига айлантириб халқ асло ривожланмайди. Уни бу жиҳатидан жойи келса мажбурлаб бўлса-да қутқазиш лозимдир. Президентнинг халққа жўнатган маънавий «мессежи», келгуси авлодлар ҳаққи-ҳурмати, бекорга кетмасин.
Муҳаммад Шакур

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эски одатлардан воз кечиш вақти келмадими?