date

Самарқандда қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар қамалди

Самарқандда қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар қамалди

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида «Афросиёб» тезюрар поездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХ хабарига кўра, Навоий шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро «Темирйўлинфратузилма» Бухоро минтақавий темирйўл узели «Зиёвуддин темир йўл масофаси» корхонасида темирйўл тўсиқлари бўйича бригадир лавозимида фаолият юритиб келган. 2023 йилнинг декабр ойида корхонада бригадир штат бирлиги тугатилгач, у йўл созловчиси ва темирйўл тўсиқлари қўриқчиси вазифасига ишга ўтказилган.

Лекин собиқ бригадир бундан норози бўлган ва раҳбариятга эътироз сифатида Кармана туманида яшовчи 1992 й.т. ҳамкасби билан жиноий режа тузган.

2025 йилнинг 14 январ куни кечки вақт улар Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида «Зиёвуддин-Навоий» темирйўл бекатлари оралиғининг 3872-км ҳудудига борган. Оғирлиги 110 кг бўлган темир-бетон шпални «Афросиёб» электропоезди ҳаракатланувчи релс устига кўндаланг ҳолатда қўйиб, воқеа жойидан яширинган.

Орадан 15–20 дақиқа ўтиб, «Тошкент-Бухоро» йўналишида 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган, жами 148 нафар йўловчиси бўлган «Афросиёб» тезюрар поезди темир-бетон шпал билан тўқнашган. Оқибатда поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етган.

ДХХ Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур шахслар ушланиб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 161-моддаси (Қўпорувчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

️Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида қонунбузарлар қўпорувчилик ҳаракатини содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг бирига 13 йил, иккинчисига эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, қўпорувчилик ҳаракати натижасида жиноятчилар томонидан «Афросиёб» поездига 260 млн сўм миқдорида зарар етказилгани боис, ушбу пул маблағи давлат ҳисобига ундириб олинди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда қўпорувчилик ҳаракати содир этган темирйўлчилар қамалди