
Маълумки, яқин кунлар ичида Беларусь Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга келиши кутиляпти. Мазкур ташриф ўзаро ҳамкорлик истиқболларини батафсил кўриб чиқиш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича кенг амалий имкониятларни тақдим этиши билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бинобарин, 14-19 сентябрь кунлари Тошкентда Made in Belarus кўргазмаси ўтказилади. Spot манбасида ёзилишича, унда Беларуснинг 150дан ортиқ етакчи корхоналари иштирок этади. Тадбир машинасозлик, саноат ускуналари, кимё, қурилиш, илм-фан ва технологиялар, енгил саноат, озиқ-овқат, тиббиёт, таълим ҳамда туризм каби йўналишларда қатор экспозицияларни қамраб олади.
Масалан, “Белкоммунмаш” компанияси ўзида троллейбус ва автобусларга хос афзалликларни уйғунлаштирган Е433 Vitovt Max Electro электробус моделини намойиш этади. Мазкур инновацион транспорт воситаси шовқинсиз ҳаракатланади, қўшимча электр қувватисиз 15 км. масофани босиб ўтади, видеокузатув, GPS-навигация ва иқлим назорати тизими билан таъминланган.
Павильоннинг ташқи майдонига “Амкодор”, “МАЗ”, “МТЗ”, “Гомсельмаш”, “Бобруйскагромаш”, В.И.Козлов номидаги Минск электротехника заводи, “Блюминг” каби йирик заводларда ишлаб чиқарилган 48 та техника воситаси қўйилади. Ушбу техникалар имкониятларини янада ёрқин намойиш этиш учун ўзига хос трюклар ҳамда экстремал ҳайдаш элементларини ўз ичига олган авто-шоу ҳам ташкил этилади.
Қолаверса, белорус ишбилармонлари ўзбекистонлик истеъмолчиларни уй ҳамда офислар учун замонавий маиший техникалар билан таништиришни мақсад қилган. Хусусан, “Атлант” корхонаси энергия тежамкор кир ювиш машиналари ва “ақлли” музлатгичларни, “Горизонт” заводи эса 43 дюймдан 45 дюймгача бўлган LCD-телевизорлар ва таълим ҳамда бизнес соҳалари учун интерактив сенсорли тизимларни тақдим этади.
Беларуснинг Электрон ҳисоблаш машиналари илмий-тадқиқот институти эса метрополитен учун йўловчиларни автоматик тарзда ўтказувчи турникетларни кўрсатади. Митти датчиклар, интеллектуал двигатель ва ёрқин светодиодли индикация ўрнатилган мазкур модель бир соатда 2500 кишини ўтказиш имкониятига эга.
Беларусь давлат университети эса йирик шохли чорва моллари, отлар ва уй ҳайвонларини даволаш ҳамда профилактика қилиш учун ветеринария биопрепаратларини намойиш этади. Ушбу дори-дармонлар бир вақтнинг ўзида вирусга қарши ҳамда бактерияларга қарши фаоллик кўрсата олади.
“Политехник” илмий-технологик парки эса кардиология, онкология ва стоматология соҳалари учун ультратовушли технологиялар ҳамда тиббиёт ускуналарини таклиф қилади.
Кўп функцияли учувчисиз комплекслар илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан самолёт типидаги учиш аппаратлари намойиш этилади. Учувчисиз учиш қурилмалари тунда ва кундузи масофадан туриб ҳудудларни мониторинг қилиш, жиноятчилик, браконьерликка қарши курашиш, фавқулодда вазиятларни аниқлаш, давлат чегараларини қўриқлаш, нефть ва газ қувурлари, экин майдонлари ҳолатини назорат қилишда қўлланилади.
“ЛВО” компанияси эса молия ташкилотлари учун автоматлаштирилган ва масофадан туриб хизмат қилиш тизимларини таклиф этади. Жисмоний шахслар аризаларини банк тарихи ва кредит рўйхати маълумотлари асосига қурилган кредит скоринги; рақамли каналларда маълумот бериш, коммуникация ва аудит хизматларини ўз ичига олган vip-banking виртуал интеллектуал платформаси; мурожаат бўйича электрон ҳужжатларни қабул қилиш, сақлаш, қидириш ва беришнинг автоматлаштирилган тизими шулар жумласидандир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар