13:28 / 26.10.2018
6 424

«Мардга ҳам, номардга ҳам елка тутарди» ёхуд Азиза Ниёзметова қадрдонлари хотирасида (фото)

«Мардга ҳам, номардга ҳам елка тутарди» ёхуд Азиза Ниёзметова қадрдонлари хотирасида (фото)
«Кишмиш» номли қўшиғи орқали санъат оламида шуҳрат қозонган хоразмлик хонанда Азиза Ниёзметова жорий йилнинг 14 октябрь куни 46 ёшида вафот этди.

Марҳуманинг айрим санъаткор дўстлари у билан боғлиқ хотираларини журналист Миролим Исажоновга сўзлаб берди.

«Яхшилик қилишдан ўзини олиб қочмасди»

Сайёра Қозиева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист:
«Азиза билан қадрдонлик ришталаримиз юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда боғланган. У ўша пайтларда Хоразмда ижод қилиб, вилоят делегацияси таркибида пойтахтда ўтказиладиган Наврўз, Мустақиллик сингари давлат тадбирларига келиб, фаол иштирок этарди. Адашмасам, илк бор 1996 йили Мустақиллик байрами арафасида тадбир майдонида танишганмиз. Кейин қўнғироқ орқали суҳбатлашиб, янада яқинлашиб кетдик. 2000 йили Урганч шаҳрида яккахон концерт дастурини намойиш қилди. Обид Асомов иккимизни меҳмон сифатида таклиф этди. Биз ҳам унинг раъйини қайтармай, ижодий кечасида қатнашиб, ўз чиқишларимиз билан мухлисларга қувонч улашдик. Орадан бир йил ўтиб, унга пойтахтга келишини ва шу ерда ижодини давом эттиришини айтдим. Қистовим билан оила аъзолари розилигини олиб, Тошкентга келди. Ундаги интилиш, санъатга муҳаббат, истеъдодни кўриб, имкон қадар яқиндан кўмаклашиб, қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдим. Изланиши, тинимсиз меҳнати натижасида ўз аравасини тортиб кетиб, қисқа фурсатда ўзбек қўшиқчилик санъатида ном қозонди, мухлислар орттирди.

У билан жуда яқин эдик. Уйларимизга ҳам тортинмай тўғри кириб бораверардик. Аёлларнинг марди, жонсараги эди. Мардга ҳам, номардга ҳам елка тутарди. Ёрдамга муҳтож инсонга яхшилик қилишдан ўзини сира олиб қочмасди. Агар кимгадир ёрдам бериш борасида имконияти етмаса, бошқалар орқали бўлса ҳам яхшилик улашарди. Дангаллиги, меҳмоннавозлигини жуда қадрлардим. Орамиздан меҳр-оқибат кўтарилмаслигини истаб, мен, Дилфуза Исмоилова, Мавлуда Асалхўжаева, Умида Мирҳамидова, Дилфуза Раҳимова, Ойпопук Эшонхонова, Толибжон Исроилов сингари санъат вакиллари ҳамда бошқа соҳадаги яқинларини бирлаштирарди ва тез-тез йиғилишиб, дийдорлашиб турардик. Сўнгги марта май ойида бизникига келганида кўришгандик. Шундан сўнг смс ёзишиб, телефонда гаплашдик холос. Унинг вафоти ҳақидаги шум хабарни эшитиб, карахт бўлиб қолдим. Ўша куни АҚШдан ижодий сафардан келгандим. Таъзиясига боролмаган бўлсам ҳам, эртасига тўғри Хоразмга йўл олдим. Қадрдон синглимнинг охирати обод, қабри ёруғ зиёларга тўлсин илоҳим!»

Фото: Google Images

«Бағрикенг ва ҳалим аёл эди»

Толибжон Исроилов, телебошловчи ва хонанда:
«Хоразм санъатига шинаванда бўлганлигим боис 1990 йилларнинг бошида хоразмлик танишларимдан Азиза ва Ирода Искандарова иккиси ҳақида мақтов фикрларини эшитганман. Улар ўша пайтдаги Хива санъат билим юртида курсдош бўлишган. Йиллар ўтиб, иккаласи ҳам ижодини Тошкентда давом эттира бошлади. Азиза билан авваллари кам мулоқотда бўлардим, салом-аликдан нарига ўтмасдик. Сўнгги уч-тўрт йил ичида ҳамкасб, ижодкор сифатида жуда яқин қадрдонларга айландик, муносабатларимиз мустаҳкамланди. Мендан кўп маслаҳатлар сўрарди. ‘Инсоннинг қанақалиги йўлда юрганида билинади’, деганларидек, бир қанча хориж давлатларида сафарда бўлганимизда унинг бардошли, сабрли эканлигига ишонч ҳосил қилганман. Руҳи жуда баланд, олийжаноб аёл эди. Танқидларимни ҳам тўғри қабул қиларди, ҳақиқатни тан ола биларди. Барча вилоятлардан дўстлари бор эди. Меҳмон кутиш ва унинг кўнглига йўл топишга уста эди. Одамларни, ҳамкасбларини бирлаштирадиган фазилатига беш кетардим.

Унинг ака-укаси йўқ бўлса-да, ота-онасига ўғил, сингилларига ака бўлиб умр кечирди. Фарзандлари бахтли яшаши учун тиним билмади. Болажонлиги туфайли ўзининг тўрт нафар ўғил-қизидан ташқари яна икки нафар фарзандни асраб олди. Бағрикенг она эди. У бир қарашда кўпчиликда кибрли, манмансираган аёлдек кўринса-да, аммо меҳрли, ҳалим аёл эди. Яхши ҳамроҳ, дилкаш суҳбатдошлигини у билан мулоқотда бўлган инсон тез англаб етарди, оддийлигига тан беришарди.

Оилавий борди-келди қилардик, ҳожи дадамни дуосини олишга ошиқарди. Хоразм санъати катта университет. У бу мураккаб жараёнда Хоразм мактабига асосланган йўлини топа олди, этно-поп жанрида ижод қилишни уддасидан чиқди. Азиза ҳаётда бир аёллик бахтини, тўла-тўкис бўлишни хоҳлаган ва бунга эришиш йўлида машаққатларни енгди, курашларда тобланди. Афсуски, ҳаётнинг оқу қорасини эндигина танийдиган ёшга яқинлашаётганида орамиздан кетди. Жанозасида қатнашиб, охирги йўлга кузатиб қайтар эканмиз, у билан турли байрамларда, оилавий тадбирларда ўтган лаҳзаларимиз кўз олдимдан кинотасмасидек бирма-бир ўтди. Аммо ҳаёт, тақдир шундай экан, ҳеч кимнинг умри абадий эмас. Яқин дўстим ва синглим инсоний фазилатлари билан хотирамизда абадий яшайди».

Фото: Google Images

«Кишмиш»нинг муваффақият сири нимада?

Хонанданинг «Кишмиш» таронаси миллионлаб тингловчилар кўнглидан муносиб ўрин олди ва шундан кейин у учун машҳурлик онлари бошланди.

«Ўзим мусиқа ўқитувчиси бўлганлигим боис санъат қонун-қоидаларини яхши билардим. Пойтахтга тайёр ҳолатда пишиб келганман. Ўшандаёқ рэпертуаримда 250—300 та қўшиғим бўлган. Хоразмдаги машҳур «Ожиза», «Шероза» мактабларида тажрибали устозлар қўлида сабоқ олганман. Мақтанишга йўйманг-у, аксарият ҳамкасбларим йиллаб қилган меҳнатлари орқали эришган муваффақиятга мен олти ойдагина эришганман. Битта қўшиғим билан эл оғзига тушиб, машҳур бўлганман. ‘Кишмишънинг сўзи қолипига мос тушган. Мусиқанинг меъёрда бўлишига ҳам катта аҳамият берганмиз. Хоразмнинг асл шеваси ва қулоққа жудаям ёқимли эшитиладиган сўзларини куйга солганлигимиз сабаб, бошқа қўшиқларим ‘Кишмишъдек оммалашмади. Йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида қаерга тадбир ёки тўйга борсам, албатта, мана шу таронамни айтишимни сўрашади. Буларнинг барчаси учун аввало, Яратганга беадад шукроналар айтаман», деганди суҳбатларнинг бирида Азиза Ниёзметова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Мардга ҳам, номардга ҳам елка тутарди» ёхуд Азиза Ниёзметова қадрдонлари хотирасида (фото)