
Кутилмаганда пайдо бўладиган бош оғриғи баъзан бир неча дақиқадаёқ кун режаларини бутунлай издан чиқариб юбориши мумкин. Баъзида бунга ҳаводаги кескин ўзгаришлар ёки шовқин-суронли байрамда иштирок этиш каби омиллар сабаб бўлади. Лекин кўпчилик бундан ҳам оддийроқ — кундалик истеъмолдаги айрим маҳсулотлар ҳам бош оғриғини келтириб чиқариши мумкинлигидан бехабар.
Агар бош оғриғи кутилмаганда содир бўлиб, кун тартибингизни бузишини истамасангиз, қуйидаги маҳсулотлар истеъмолида эҳтиёт бўлиш фойдали.
Таркибида кофеин сақловчи ичимликлар

Бу сизнинг кун давомида севиб истеъмол қиладиган қаҳва, чой ёки қувватбахш ичимликлар бўлиши мумкин. Барчасида кофеин мавжуд ва у томирларни тез тортиб юборади, бу эса бош оғриғини келтириб чиқариши билан машҳур. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатганки, сурункали мигрендан азият чекувчи инсонлар кофеинни тўхтатганидан кейин сезиларли енгиллик ҳис қилган.
Музлатилган маҳсулотлар

Жисмоний ҳаракатдан кейин ёки терлаб турган пайтда музқаймоқни тез-тез ейиш, совуқ лимонад ёки смузи ичиш бош оғриғини келтириб чиқариши тайин. Совитилган маҳсулотлар асаб тизимига сигнал бериб, “муз оғриғи” деб аталувчи кескин нохушликни юзага келтиради.
Шўр овқатлар ва тузламалар

Тузли таомлар қон босимини оширади, бу эса бош оғриғи ва мигреннинг кучайишида асосий омиллардан бири. Айниқса, таркибида турли консервантлар сақланадиган, қайта ишлов берилган тузламалар саломатлик учун икки карра хавфли бўлиши мумкин. Бундай маҳсулотлар организмда сувнинг ушланишига сабаб бўлиб, томирлардаги босимни оширади ва натижада оғриқни тезлаштиради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.