14:18 / 26.11.2018
5 148

Ўйлар ўзгарса, тўйлар ўзгаради!

Ўйлар ўзгарса, тўйлар ўзгаради!
«Битта қўзи… Ўнта қўй нима бўлади? Душманларим эшитиб, куйиб ўлсин, дейман-да!» деган ибора ёд бўлиб кетган ҳаммамизга. Ўзбекона думбуллик «Маҳаллада дув-дув гап» фильмидаги онахоннинг характерида яққол акс эттирилган. Бу миллий характеримиз, афсуски, тўйлар борасида жудаям авжига чиқиб кетади.

Маълумки, бир неча ой илгари Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви ва «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлигида тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатсиз ва дабдабасиз, камхарж ўтказиш бўйича халқимизга фаоллар мурожаати қабул қилинган эди.

Юртбошимиз ҳам тўйнинг оғриқли муаммога айланиб бораётганига муносабат билдириб, зўрма-зўраки одатлар ортидан оилаларда жуда катта ғам-ташвиш, парокандалик урчиб бораётгани, бир кунлик ҳою-ҳавас деб одамлар ҳузур-ҳаловатини йўқотаётганини, халқ эса мебеллар, кийим-кечагу, сарполар сотиб оламан, деб чет элларда сарсану саргардон яшаётганини бот-бот таъкидлаб ўтганди. Шундан сўнг бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати томонидан қарор қабул қилиниши зарурлигини айтиб ўтганди. Шу тобда ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилиб, таклиф ва мулоҳазалар йиғилмоқда, халқ фикри ўрганилмоқда. Шунинг баробарида, кўпчилик ортиқча дабдабани ўз оёғимизга болта урадиган, чираниб, оила иқтисодини барбод этаётган урф-одатлар, деб атамоқда. Аммо енг шимариб: «Йўқ, тўйлар барчага хуш кайфият бағишлайди, ўзи бир марта тўй қилинади, шунда пул сарфланмаса, қачон сарфланади?» дегувчилар ҳам топилмоқда. Негаки бу ҳам кимнингдир чўнтагига зарар етказади. Шунинг ортидан бир-икки сўм топиб, босар-тусарини билмай қолганлар қанча. Айниқса, отарчию раққосалар, хонандаю созандалар бу иш касб эмаслигини англаб етсалар, бирор ҳунарнинг бошини тутиб, халққа наф келтирадиган тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб олади.

«200 КИШИ АЙТИЛИШИ КЕРАК, ДЕГАН ГАП БОР…»

Яқинда бир амакимиз тўй бошлаб қолди. Энди бир тарафдан янга тезласа, бир тарафдан ака-укалар… Куёв бола бўлса, ғижинади тўй кечикаётганига. Мол-қўйни бозорга чиқариб, сув текин (негадир йил қурғоқчил келгани учун бозорда нарх тушиб кетганди) сотди. Қишлоқда дув-дув: тўй-маъракаларни ихчамлаштириш бўйича қарор чиқаркан, энди нима бўлади?

— Тўйхона кўнмаяпти, бир гаплашиб кўрасанми? Ойнинг охиригача банд. Агар чини билан тақиқласа, элу халқ олдида нима деган одам бўламан?! Келма, дейманми? — деди амаким қайғуриб.

— Нимани гаплашаман? Қарор чиқди, дегани ҳаммага бирдек тааллуқли. Нима, сиз бегонамисиз, шу юртда яшасангиз! Бизнинг тўйга кўпроқ одам айтилиши керак, деган фикрни тушуниш қийин. Қандай қилиб?..

— Энди айтаман-да! Шунинг бир иложини қилайлик…

— Ҳокимга айт, дейсизми?

— Кимга айтсанг айт, тўғрилаб бер шуни! Шанбагача «урҳо-ур» навбатга ёзилиб ётибди тўйхонага. Тўйхона нархи ҳам отнинг калласидек эди, яна кўтарибди. Бир амаллаб ўтказиб олсак, катта ташвишдан қутулардим. 200 киши айтилиши керак, деган гап бор. Биласан, шу жа катта бўлмасаям, обрўм бор.

— Ихчам ўтказинг, нимага керак шунча харажат! Ана, Фарҳод ака мардикор бўлиб юрибди. Бир кунлик тўй деб йиққанини сочди, нима ўзгарди? Тўйида бир қозон ош шундай қолиб кетди. Нон, ширинликлар, мева-чева, қанд-қурс бари молга берилди. Уволни мендан яхши тушунасиз…

— Ҳа, бу гапинг тўғри. Шу, барибир, ичимда бир нарса бор-да! Ўзбекчилик, деймиз-ку, шуям баъзан фойда келтиради, баъзан оёғимиздан чалади. Ҳамма шошаётгандек, хаёлимда.

Индамадим. Ҳақиқатан, халқимизнинг табиати қизиқ. Негадир ҳамма шу тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш ҳақидаги қарорни интиқ кутди. Лекин бир тарафдан донғи Доғистонга етар тўй ўтказиш орзусидан ҳам қайтгани йўқ. Ваҳоланки, амаким сингари тезроқ тўйни ўтказиш тараддудига тушганлар истаганча топилди. Одамлар илгари тўйларни тартибга келтирайлик, дерди. Энди бўлса, бир йўл топиб, каттароқ қилиб ўтказсам, деган ўйда. «Аввало, одамларнинг дунёқарашини ўзгартириш керак», деганида Давлатимиз раҳбари нақадар аччиқ ҳақиқатни айтганди. Тўғрисиям, яхшилаб ўйлаб кўрайлик, тўйлар ихчам ўтса, кимга фойда, кимга зиён?

ТЎЙ ТЎЙДЕК ЎТСИН-ДА…

Халқ ичида бир ҳазил гап бор: «Чет эл олимлари Марсни тадқиқ этиш ҳақида ўйласа, бизникилар тўққиз товоқни олти товоқ қилсак, деган ташвишда юради». Нега? Дунё ўзгармоқда, инновацион ривожланиш этагини тутган мамлакатлар аллақачон юксак тараққиётга эришган. Аҳолининг даромади ҳам, яшаш шароити ҳам, турмуш-тарзи ҳам ўзгарган. Бизда-чи? Ҳали-ҳануз амаллаб ҳокимни алдаб, дабдабали тўй ўтказиш, элни ароқ ичириб чўккалатиш, кейин бир йўл билан мардикорлик ортидан қарздан қутулиш ҳақида ўйлаймиз.

Очиғи, баъзан 10 минг сўм газ пулини тўлашга оғринамиз, лекин казо-казо отарчилар «500 доллар», деса арзон экан-ку, деб чақираверамиз. Одамлар бир томоша қилсин! Артистларни-ку, қўяверинг, энг машҳурини таниш-билиш қилиб, топдириб, устидан пул сочишни қойиллатамиз. Эл кўрсин-да!

Ўзимизда ишлаб чиқарилганига қаноатланмай, «Русская водка»дан олиб келтирамиз. Одамлар: «Фалончининг тўйида ичиб, чўккалаб қолибмиз. Ўзиям ароқни оқизди, ҳалоли бўлсин!» деса ғўдайиб, яъни ҳовлиқиб кетамиз. Одамлар ичсин-да! Хуллас, тўй тўйдек ўтсин-да, деб борини сочамиз. Кейин эса йиллаб қозонни сувга ботириб, гўшт ўрнига қотган нон кемираверамиз. Тағин нолиймиз — қишин-ёзин терга ботиб, ишласак-да, рўзғорга етмаяпти.

«ТЎЙЛАРИМИЗ ЎЗИНИ КЎЗ-КЎЗ ҚИЛИШГА АЙЛАНИБ ҚОЛГАН»

Бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан бир асрча илгари «Миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу — тўй ва азадир», дея қайғуриб ёзганини ҳаётий хулосалар асосида кўриб турибмиз.

— «Бу ишга одамлар нима деркин», деган гап бор. Аммо бугун бу оддий ҳақиқат эскиргандек, назаримда, — дейди педагогика фанлари доктори Муҳаммаджон Қуронов. — Негаки одамларнинг нима дейиши қизиқтирмай қўйди кўпчиликни. Сохта обрўга ўч одамлар тўй-маърака, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар орқали ўзини кўрсатишга уринишмоқда. Шу боис тўйда менталитетимизга ёт одатлар кўпайди. Бунинг олдини олмасак, эртага яна урчиб кетаверади. Тўйларни ихчам, камхарж, замонавий ўтказсак, яхши эмасми?..

Миллатнинг минг йиллик маданияти, урф-одати ва менталитети ифодаси — тўй экани айни ҳақиқат. Халқимиз тўй орқали бирлашган, жипслашган ва мақсадлари муштарак бўлган. Аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғулари шу тушунчалар замирида ўсган. Юпун кишиларга шунинг ортидан меҳр-мурувват кўрсатилган. Негаки ориятли ота-боболаримизнинг: «Мен қийналяпман, оилам оч», деб айтишга юзи чидамаган.

Дўппини олиб ўйлайлик, қўлида ҳунари бор кишининг қозони қайнаб турибди. Ҳамма жойда тўкин-сочинлик. Шундай замонда пулни сочавериш шартми? Қуръони Каримда: «Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай», деб буюрилган.

Диққат билан кузатсангиз, тўйхонада қанча маҳсулот исроф бўлади. Нонни бир тишлаб, дастурхонга ташлаб кетишади, сувдан бир ҳўплайди, тамом. Тағин иссиқ ва яхна таомлар тур-тури билан дастурхонга тортилади. Соғлом фикрлайлик, одам шунча овқатни икки соат ичида ейиши мумкинми? Йўқ. Ошқозон бунга дош бериши ҳам мушкул. Бу ўта кетган даражада исрофгарчилик. Аслида, бу бутун умр йиққан-терган маблағни ҳавога совуриш ва ноз-неъматни исроф қилишдир. Ўша ноз-неъматларни бева-бечораларга бериш савоб-ку! Лекин емаклар ахлат қутиларга улоқтирилмоқда.

Борга қийин эмас, дастурхон ёзади. Йўққа қийин — қарз кўтаради, чўзилади, узилади. Қарзини тўлаш умидида у ёқдан-бу ёққа югуради.

Ҳали-ҳануз эслайман: олий ўқув юртида ўқиб юрган кезларим бир бобоникида ижарада яшардим. Чолу кампир тонг саҳарлаб гул кўчатларини сотгани жўнарди. Отахон ҳар ой пулларни йиғиб, мендан ижара ҳақини олиб, пенсиясига қўшарди-да, қаёққадир кетарди. Шунда ҳам уларнинг яшаши жуда оғир эди. Кунларнинг бирида бобо хурсанд бўлиб уйга келди. Момомнинг ҳам ранги тетилиб, менга ичини ёрди: «Битта қиз, деб нима бўлса қилиб бердик. Қарз олавердик, кредит кўтардик. Машинадан тортиб, уй, мебелгача тўлдириб ташладик. Кредит ўлгур кўпайиб, сал қолди, уйимизни сотиб юборишимизга. Мана, энди қутулдик, елкамизга шамол тегди».

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўйлар ўзгарса, тўйлар ўзгаради!