
2025 йил 13 ноябр куни Тошкентда ўтказилган "Great Silk Road Business Cooperation Forum" халқаро бизнес-форуми доирасида Қозоғистоннинг BI Group компанияси ва Murad Buildings ўртасида келишувга эришилди. Келишувга кўра, NRG компаниясининг улушлари BI Group тасарруфига ўтади, лекин компаниянинг маҳаллий ўзига хослиги сақлаб қолинади.
NRG бундан кейин NRG — BI бренди остида, BI Group томонидан бошқарилувчи маҳаллий жамоа билан фаолиятини давом эттиради. Murad Buildings эса ўзининг ноёб лойиҳаларини ривожлантиришга эътибор қаратади.
Битимнинг молиявий шартлари ошкор қилинмади. Ҳамкорликнинг бу модели томонларга ўз кучли томонларига асосланган стратегик мақсадларни амалга ошириш имконини беради.
Murad Buildings ўзининг бетакрор архитектураси ва индивидуал ечимлари билан лойиҳалар ишлаб чиқишга эътибор қаратади. BI Group эса NRG бошқарувини қўлга олиб, шаҳар инфратузилмасини комплекс ривожлантиришга диққатни жамлайди.
Бу ёндашув қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради ва компаниянинг асосий салоҳиятини мустаҳкамлайди. NRG мижозлари, ходимлари ва ҳамкорлари учун бу ўзгаришлар компаниянинг мажбуриятларини сақлаб қолиш ва доимий ривожланишни англатади.
Хизмат кўрсатиш стандартлари яхшиланади, амалдаги ва янги лойиҳалар бўйича шартномалар ўзгармайди. BI Group Ўзбекистон қонунчилигига риоя қилиш, давлат идоралари ва маҳаллий ҳамжамиятлар билан яқин ҳамкорликда ишлашни устувор деб ҳисоблайди.
BI Group бош директори Айдин Раҳимбаев келишув юзасидан қуйидагича фикр билдирди: "Биз Ўзбекистонни ишонч асосидаги ҳамкорлик сифатида кўрамиз, бу ишонч бажарилган ваъдалар билан мустаҳкамланади. NRG бошқарувининг BI Groupга ўтиши янги йўналиш эмас, балки бошланган ишларнинг давомидир.
Биз маҳаллий анъаналар ва маданий қадриятларга чуқур ҳурмат билан ёндашамиз ва узоқ муддатли муваффақият фақат маҳаллий жамоалар ва ҳар бир лойиҳа учун жавобгарлик асосида бўлишини тушунамиз." Murad Buildings асосчиси ва NRG ҳаммуассиси Мурад Назаров шундай дейди: "Беш йиллик ҳамкорлик бизга катта тажриба берди. Шу вақт давомида NRG бир неча муҳим ва чиройли лойиҳаларни амалга оширди.
Ишонаманки, BI Group бошқарувида NRG шундай тез ва сифатли ишлашда давом этади. Биз эса Murad Buildings ривожига, лойиҳаларнинг ўзига хослиги, замонавий технологиялар ва сифатга эътибор қаратамиз.
Барчага ишончлари учун чуқур миннатдорчилик билдираман. Бу бизни янада илҳомлантиради ва одамлар учун фойдали, шаҳарга эса гўзаллик олиб келувчи янги лойиҳалар яратишга ундайди." NRG — BI компанияси Ўзбекистонда барқарор қурилиш, шаффоф нарх белгилаш ва мижозларга йўналтирилган хизматлар тамойилларига асосланган ҳолда ўз фаолиятини кенгайтиради.
Компания харидорларни қурилиш жараёни ва лойиҳаларнинг асосий босқичлари ҳақида мунтазам хабардор қилиб боради, маҳаллий мутахассислар учун малака ошириш дастурларини ривожлантиради. Барча қарорлар шаҳарсозлик сиёсати ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қабул қилинади.
BI Group Марказий Осиёдаги энг йирик қурилиш компанияси бўлиб, тўлиқ цикл модели асосида ишлайди. Компания мижозлар олдидаги масъулият, сифат ва давлат ҳамда жамоат институтлари билан очиқ мулоқот тамойилларига амал қилади.
Murad Buildings Ўзбекистоннинг етакчи қурилиш компанияси бўлиб, Мурад Назаров томонидан асос солинган. Компания муаллифлик турар жой лойиҳаларини, юқори даражадаги архитектура ва қурилиш стандартларини ривожлантиришга қаратилган.
Замонавий, қулай ва илҳомлантирувчи маконлар яратиб, юқори сифат, эстетика ва инновацияларни уйғунлаштиради. Ҳамкорлик доирасида амалга оширилган лойиҳалар: NRG Oybek, NRG U-Tower, NRG Qorasuv, NRG Hayot, NRG Park, NRG Mirzo Ulug'bek.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.