date

Қумқўрғонда ишдан бўшатилган мактаб директори ўзини ёқмоқчи бўлди

Қумқўрғонда ишдан бўшатилган мактаб директори ўзини ёқмоқчи бўлди

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган 39-сон умумий ўрта таълим мактабида кутилмаган ҳолат рўй берди — таълим муассасасида 15 йил давомида раҳбарлик қилган собиқ директор ишдан бўшатилгандан сўнг ўзини ёқишга уринди. Воқеа акс этган лавҳа ижтимоий тармоқларда тез суръатда тарқалди ва жамоатчиликда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Маълум қилинишича, 2010 йилдан бери мазкур таълим масканига раҳбарлик қилиб келган З.А.нинг меҳнат шартномаси жорий йилнинг 16 сентябрь куни Меҳнат кодексининг 157-моддасига асосан — тарафлар келишуви билан бекор қилинган.

Бошқарма маълумотига кўра, ишдан бўшатилган директор янги раҳбар фаолиятини бошлашига кескин қарши чиққан ва 13 октябрь куни мактабда янги директорга тайинлов ҳужжатлари топширилаётган пайтда фаол қаршилик кўрсатган. Айтишларича, у ҳолат чоғида ўзини ёқишга уриниб, вазиятни кескинлаштирган, бироқ ҳеч ким жароҳат олмаган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, Бошқарма қарорига мувофиқ, мактаб раҳбарлигига Э.А. тайинланган. Янги директор фаолиятини бошлаган ва ҳозирда таълим жараёни одатий тартибда, барқарор ҳолда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кейинги йилларда мактаб раҳбарларини ротация қилиш ва бошқарув тизимини янгилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда айрим ҳудудларда тортишув ва эътироз ҳолатлари кузатилган бўлса-да, таълим соҳаси мутасаддилари барча қарорлар амалдаги қонунчилик асосида қабул қилинаётганини таъкидлаб келмоқда.

Қумқўрғондаги ушбу воқеа ҳам ана шундай мураккаб ҳолатлардан бири сифатида эътибор марказида турибди. Бошқарма ва маҳаллий ҳокимият мутасаддилари бу каби вазиятларни тинч йўл билан ҳал этишга чақираётганини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қумқўрғонда ишдан бўшатилган мактаб директори ўзини ёқмоқчи бўлди