11:03 / 26.04.2019
4 263

Кўзингизни очинг, одамлар! (ёхуд оммавий бекинмачоқ қачон тугайди?)

Кўзингизни очинг, одамлар! (ёхуд оммавий бекинмачоқ  қачон тугайди?)
Асрлар давомида инсоннинг табиий эҳтиёжи саналган кийиниш маданияти бугун глобаллашув ва турли ижтимоий талатўплар даврида ўзининг асл вазифасидан ташқари яна бир қанча мақсадлар учун сафарбар қилина бошлади.

Бугунги мардум нима учун кийинаётганига бир қур назар солиб кўрайлик. Бугун кийиниш эстафетаси авж оляпти.
Ачинарлиси шундаки, кийиниш пойгаси орқали шарм-ҳаёни, уят ва иффатни йўқотганларнинг аксарияти ишнинг туб моҳиятини англаб етмасдан, фақат тақлид орқалигина бундай номаъқулчиликка гирифтор бўлишган. Кўр-кўрона тақлид кўчасининг бошида турганларга ишнинг асл ҳақиқатини тушунтириш амри маҳол.
Ҳар куни либос янгилайдиганлар ўз таъсирларини бошқаларга ҳам ўтказмай қолмайди. Уларнинг ҳолати баъзиларда ҳавас уйғотади. Инсоннинг табиатида бир нарса бор: у ўзи ҳавас қилган нарсага ўзи билмаган ҳолда тақлид қила бошлайди. Шу зайлда жамиятда ҳар куни ҳеч ким киймаган кийимларни топиб, сотиб олувчилар ва шу кийимларни кийиб, ўзларини бошқаларга кўз-кўз қилувчилар пойгаси бошланади. Одатда, ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатади. Лекин бу пойгани деб эс-ҳушини йўқотганлар оёқ қайдаю кўрпа қайда — фарқлолмай қолишади.

Ақл бовар қилмайдиган ишлар
Бизда азалдан бой борича, йўқ ҳолича кийинарди. Бугун эса «кийиниш эстафетаси» ўз вазифасидан ташқари бошқа ғаразлар учун ҳам хизмат қила бошлади.
Дунёнинг қайсидир пучмоғидаги бир бойбачча ўзига тиллодан кийим тикдириб кийибди. Худди пахтали кийим кийса, унинг бойлигини биров билмай қоладигандай. Шу биргина тилло кийимнинг баҳосига ўша давлатнинг бир вилояти бемалол йил бўйи қорин тўйдирса бўлади.
Яна бир хабарда шундай дейилган:
«Уч жуфт Nike бутсилари шу пайтга қадар сотилган энг қиммат пойабзалга айланди. Улар машҳур инглиз футболчилари Жон Терри, Рио Фердинанд ва Уэйн Рунига тегишли бўлган».
Машҳурларнинг увада оёқ кийимини шунча пулга сотиб олганлар уни кийган билан чопқир бўлиб қолармикан?..
Назаримда, бу мутаассибликдан бошқа нарса эмас. Кўр ушлаганини қўймас, дейишади. Бу — рост. У кўзи ожизлар учун эмас, маънавий сўқирлар учун айтилган гап. Йўқса, айрим кимсалар кийим жазавасида шунчаликка бормасди.

Кўринмас хатар
...Отам ёшлигида томда ишлаётганида тўсатдан йиқилиб тушиб, бели синган экан. Касалхонага олиб боришганида шифокорлар бел синганини аниқлашолмаган. Натижада, узоқ вақт ётгач, бел суяклари синган ҳолида бир бирига қовушиб кетган. Отам бир неча йил шу аҳволда ортиқча ноқулайлик сезмай яшаб юраверган. Ёшлари бир жойга бориб қолганда умуртқа яна безовта қила бошлаган. Узоқ текширишгач, маълум бўлдики, бир пайтлар умуртқа синган-у қайта жойига солинмасдан шу ҳолича қапишиб битиб кетган, энди уни тузатиш учун яна қайта бошдан синдириш керак экан. Бошқа чораси топилмагач, отамнинг белини синдириб, қайта жойига туширишди. Лекин неча йиллар давомида эгри битиб кетган умуртқани тўғрилаш отамга ҳам, шифокорларга ҳам осон кечмади. Шунда билдимки, орадан йиллар ўтса ҳам вужуд ўзидаги ноқисликни барибир қабул қила олмас экан. Чунки вужуднинг ўз табиий тизими, ҳаёт тарзи бор. Инсон унга ўзи истаган сунъий юк – вазифани доимий юклаб қўёлмайди...
Бугун кийиниш борасида ҳам аҳвол шу. Ҳали инсонлар бунинг чинакам зарарини идрок этолганича йўқ. Куни келиб ўз қилмишини англаб етганида йиллар давомида одатга айланиб қолган қусурлардан қутилиш анча қимматга тушади. Бугун «ҳамма шундай қиляптику?!» деб қаралаётган ҳодиса қийшиқ битган қовурғанинг жароҳатини вақтинча ҳис қилмасликдан бошқа нарса эмас.

Афандинома йўриқ
...Бир куни афанди ҳовлиқиб бозордан қайтаётган экан. Уни кўрганлар ҳайрон бўлиб сўрашибди:
— И-е, хўжа Насриддин, бунча югургилаб қолибсиз, йўл бўлсин?
— Бозордан хотинимга кийим олгандим. Уйга етгунимча урфдан қолмасин, деб чопиб кетяпман-да, — деб жавоб берган экан Афанди.
Ана шунақа! Бугун урф номли ҳодиса кийиниш борасида можаро бўлаётгани рост. Аслида урф кўпчилик хаёл қилгани каби салбий ҳодиса эмас. Лекин бугун у фақат бошоғриғиларга сабаб бўлаётгани учун одамларни шундай хулосага келтириб қўйган.

Аслида урф тушунчаси макону замон ва айрим хусусиятлар билан боғлиқ. Ер юзининг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли ўзининг иқлим шароити, турмуш тарзи, касб-кори, қадрият ва анъаналарига таянган ҳолда кийим кийиши урф (бугунги тилимизда «мода») ҳисобланади.
«Мода»ни авом шунчаки ўйлаб топган эмас. У маълум бир шарт-шароитлар тақозосига кўра зарурият юзасидан жорий қилинган.
Бир турдаги кийим ёки кийинишнинг урфга кириши юқорида санаб ўтилган омиллар билан боғлиқ бўлган.

Миллийлик инқирозга йўлиқдими?
Кўча-кўйда назарингиз тушгандир: махсус оқартирилган, ҳамма ёғига ёзувлар, турли белгилар, суратлар туширилган, ҳатто махсус тимдаланган, йиртилган кийимларни бемалол кийиб юрганлар учраяпти. Мен олдин бу кийимлар қайсидир ширкатнинг савдо белгиси ёки ғоясини ёйиш учун айрим одамларга текинга тарқатилса керак, деб ўйлар эдим. Кейин билсам, ўша кийимларни ҳам одамлар ўзлари хоҳлаб, отнинг калласидек пул тўлаб сотиб олиб, кийишар экан.

Эсимда, болалигимизда бир куни укам ажабтовур шалвар сотиб олган эди. Кўчада кийишга. У матоҳнинг ҳамма ёғи ёзув. «Зап мол олибсан-да, — дегандим ўшанда. — Бунинг ҳам кийим, ҳам газета ҳисобида экан. Кўча-кўйда кийиб юрасан — ҳамма оқ қарғани кўриб қолгандай сенга қарайди. Зериксанг, бир чеккада ўтирволиб, маза қилиб ундаги ёзувларни ўқийсан!» Шундан кейин укам киноямни илғади чоғи у кийимни кийганини кўрмадим.
Миллий кийимларимизга эътибор берсангиз, уларнинг бирон жойида ёзуви йўқ. Ҳатто, аёлларнинг жимжимадор кўйлакларида ҳам ранг бор, нақш бор, гул бор, лекин ёзув йўқ. Нега?

Чунки халқимиз ёзувни муқаддас билган. Ёзувли қоғоз ерга тушиб ётганини кўрса, дарров уни юқорироқ жойга олиб қўйган. Ёзилган қоғозни имкон қадар тепароқда сақлашни одат қилган. Ёзув — илм-маърифат белгиси. Унга муносиб муносабат кўрсатилиши шарт деб ҳисоблашган. Ёзувни матога тушириб, уни либос, хусусан, белдан пастга кийиладиган кийим сифатида ишлатишга инсонийлик йўл қўймаган.
Бугун кўпчилик ширкатларнинг савдо белгиси (бренди) тарғиб маъносида кийимларда акс эттириляпти. Айрим компаниялар уни ёзув билан эмас, қанақадир тимсоллар билан изҳор қилишни маъқул кўришган.

Майли, балки ёзув маҳсулотнинг ёрлиғини англатишга хизмат қилар, лекин кийим бетига чапланган узундан узоқ жумлалар, ғоялар, хилма-хил шиорлар-чи? Бундай ажнабий тилда битилган ёзувларга, табиийки, кўпчилик аҳамият бериб ўтирмайди. Ҳатто, тушунмайди ҳам. Лекин эс-ҳуши жойида киши ўша ёзувларни синчиклаб кузатса, жуда даҳшатли ғоялар тарғиб қилинаётганининг гувоҳи бўлади.
Масалан, гарданига «killer» сўзи битилган кийимларга кўзимиз ўрганиб ҳам қолди, аммо унинг маъноси «қотил», «жаллод» дегани эканини ўша кийимни кийиб юрган мулойимгина ўспирин англаб етаётганмикан?

Ёки бошқа бир ундан-да жирканчроқ сўз бор. У сўз ёзилган кийим албатта қиз боланинг шаънига доғ туширади. Шу ўринда асосли бир савол туғилади: наҳотки, янги урф бўлаётган кийимга бўлган ишқибозлик қиз боланинг ор-номуси, қадр-қимматидан ҳам устун турса?
Халқда камбағални урма, сўкма, тўнини йирт, деган гап бор. Атайин шундай кийимлар ишлаб чиқариб, бизга тақдим этаётганлар бизни урмай, сўкмай анчагина даҳшатли ғоялар ўтказаётганини илғаб-илғамай яшаяпмиз. Аслида кийим бошқалар орасида фахр ва ғурур ёки ўзини бошқалардан ажратиш — устун қўйиш воситаси эмас, одамийлик рамзи эканидан далолат қилиши керак.

Ўлим остонасидаги аёл
...Ўлимга ҳукм қилинганлар орасида бир аёл ҳам бор экан. Қатлга олиб кетишаётганда у посбондан игна ва ип сўрабди. «Игна-ипни не қиласан?» дебди.
— Кийимимнинг ён томонидаги чоки сўкилибди, шуни чандиб олай.
— Бу юмуш сенга не учун керак, ахир бир неча лаҳзадан сўнг ёруғ дунё билан хайрлашасан-ку?!
— Мен аёл кишиман, ўлимим олдида ҳам шарм-ҳаёни сақлашим даркор. Йиртиқ кийим билан халойиқ олдига чиқиш мен учун уят...
***
Шарму ҳаё — аёлнинг ҳусни. Гарчи аёл нечоғли мафтункор ва хушсурат бўлмасин, шарму ҳаёси йўқ эса, у ўзгалар кўзига жуда хунук кўринади.
Кийиниш билан боғлиқ хатарлар баъзи давлатларда катта ижтимой-сиёсий аҳамият касб эта бошлади. Ўз халқининг миллий тутумлари, қадрият ва анъаналарига содиқ айрим давлатлар бу масала юзасидан жиддий мулоҳаза юритиб, тегишли ҳужжатлар қабул қила бошлади.
Бир хабарда шундай дейилади: «АҚШнинг Дейдвил шаҳар ҳукумати эркак кишиларга шимни осилтириб кийиш ҳамда аёлларга калта юбка ва калта иштонларни кийишни тақиқлаб қўймоқчи.
«Қизларимизнинг ич-кийимга ўхшаган даражада ўта калта шортик ва калта юбка кийишларига йўл қўйиш тўғри эмас», дебди шаҳар ҳукумати вакили.
«Агар кўча-куйда юрганда ўзингизни ҳурмат қилмасангиз, бировнинг ҳурматига ҳам лойиқ бўлмайсиз. Бундай «кийиниш» ҳурматга лойиқ эмас», дебди унинг ҳамкасби.
Ўзларини эркин ҳисоблаб, истаган нарсасини киядиган кишилар, аслида бошқаларга ҳурматсизлик қилмоқдалар ва ён-атрофдагиларнинг ҳуқуқларини поймол қилмоқдалар».
Бу муаммо нафақат инсонлар орасидаги ўзаро ҳурмат, одоб ёки маданиятга дохил масала, балки инсон ва унинг инсонийлигига қаратилаётган пухта режали ва чуқур ўйланган бузғунчи ғоялар тарғиботининг яна бир нишонаси. Буни англаб етиш ва унга муносиб иммунитет ҳосил қилиш ҳар биримизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз.
Туробжон АБДУРАЗЗОҚ

Манба: "Оила даврасида"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кўзингизни очинг, одамлар! (ёхуд оммавий бекинмачоқ қачон тугайди?)