Олий таълимга қадам қўйган абитуриентлар учун муҳим масала – талабалар турар-жойига жойлашиш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. 2025/2026-ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари натижалари – яъни мандат эълон қилингани барча учун кутилган хабар эди. Аммо шу билан бирга, 1-курсга қабул қилинган йигит-қизлар орасида “Нега ётоқхона учун ариза топшириш хизматидан фойдалана олмаяпмиз?” деган саволлар кўпайди.
Маълумки, талабаликка тавсия этилган ҳар бир ёш давлат олий таълим муассасалари қошидаги талабалар турар-жойига жойлашиш имкониятига эга. Бу жараён Давлат хизматлари марказлари орқали ёки my.gov.uz порталида онлайн тарзда амалга оширилади. Шу тариқа талабаларга қулайлик яратиш мақсад қилинган.
Бироқ ҳозирги пайтда 1-босқичга киришга тавсия этилганлар ҳақидаги маълумотлар “Талабалар турар-жойи” ахборот тизимига киритилиш жараёни давом этмоқда. Яъни техник ишлар олиб борилаётгани сабабли, ётоқхона учун ариза юбориш хизмати ҳали ишга тушмаган.
Расмий маълумотда айтилишича, тизим янгиланиб, зарур маълумотлар базасига тўлиқ киритилгандан сўнг, биринчи курсга қабул қилинган абитуриентлар ариза юбориш имкониятига эга бўлади. Қачон хизмат фаолият кўрсатиши ҳақида қўшимча маълумот тегишли идоралар томонидан алоҳида эълон қилинади.
Шу билан бирга, вазирлик регламентига кўра, талабалар турар-жойига дастлаб имтиёз ва устуворликка эга бўлган талабгорлар қабул қилинади. Улар жойлашгандан кейин эса умумий рўйхатдаги талабаларга ётоқхонада қолган бўш ўринлар навбат асосида тақсимланади.
Қайд этилишича, 1-курсга қабул қилинган талабалар учун ётоқхоналарнинг 55–65 фоизигача жой ажратилиши кўзда тутилган. Бу эса кўплаб ёшлар учун қўшимча имконият яратиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!