Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси янги ўқув йили олдидан муҳим огоҳлантириш билан чиқди. Расмий маълумотларга кўра, охирги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан пойтахтга таълим олиш учун келган талабалар ва уларнинг оила аъзолари турли фирибгарлик ҳолатларига дуч келиши кўпайган.
Айнан ижара масалаларидаги алдамчилик ҳолатлари энг кўп кузатилмоқда. Фирибгарлар кўпинча ўзларига тегишли бўлмаган уйларнинг суратларини интернет тармоқларига жойлаб, ўша хонадонни арзон нархларда ижарага бераётгандек кўрсатмоқда. Табиийки, бу каби “ширин” таклифларга ишонувчи одамлар ҳам топилади ва арзон нарх уларда қизиқиш уйғотади.
Шу баҳона билан улар уйни гўё бошқаларга бериб юбормаслик учун олдиндан маълум миқдордаги пулни тўлашни талаб қилади. Талаб қилинган маблағ ўтказилгандан кейин эса фирибгарлар билан боғланиш мумкин бўлмайди: улар ҳамма саҳифаларини ёпиб, одамларнинг блок рўйхатига қўшиб қўяди. Натижада, алданган талабалар ва уларнинг яқинларида на уй қолади, на ваъда қилинган яшаш манзили.
Шу муносабат билан ИИББ расмий мурожаатида аҳолига қатъий тавсия қилинди: ҳеч қачон уйни ўз кўзингиз билан кўрмасдан туриб олдиндан пул тўламаслик керак. Ижара шартномасини тузишни унутманг ва бу жараённи фақатгина хонадон эгаси билан суҳбатдан сўнг амалга оширинг. Ишонч ҳосил қилмагунча шахсий маълумотларингизни бегона шахсларга тақдим этманг.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари таъкидлаганидек, ҳар бир талабанинг ота-онаси ва яқинлари ҳам ушбу хавфли ҳолатлар ҳақида батафсил хабардор қилинишлари лозим. Чунки фақат қонуний йўл орқали ҳаракат қилгандагина фирибгарлар имкониятини чеклаш мумкин бўлади.
Шу орқали талабаларни ва уларнинг оилаларини эҳтиёт бўлишга, огоҳ бўлишга ва ҳушёрликни оширишга чақириб қоламиз. Бу борада ҳар биримиз ҳушёр бўлсак, фирибгарликка қарши биргаликда курашиш осон кечади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!