19:07 / 13.05.2019
5 492

Раҳим Ражабов: «Халқни гадой қилиш эвазига келган ҳашамат кимга керак?!»

Раҳим Ражабов: «Халқни гадой қилиш эвазига келган ҳашамат кимга керак?!»
Журналист Комилжон Шамсиддинов Ўзбекистоннинг собиқ давлат котиби Раҳим Ражабов билан суҳбат уюштирди. Суҳбат матни ЎзА томонидан эълон қилинган. Қуйида у тўлиқ ҳолда келтирилади.

– Раҳим Ражабович, Сиз мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи ва сўнгги (ягона) Давлат котиби бўлган одамсиз. Масалан, АҚШни олсак, у мамлакатда бу лавозимдаги одам ташқи сиёсатни бошқаради. Лекин яқин тарихимизга боқсак, Сиз бу лавозимда ишлаган даврда Ўзбекистонда ташқи ишлар вазири ҳам фаолият юритган. Унда Сизнинг вазифангиз нима эди? Ўзи у лавозим нега очилган-у, нега тугатилган?

– Мустақиллик ҳамма учун кутилмаган воқеа бўлганди. Давлат – кичик бўлсаям, давлат-да, рўзғорнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг ташвишлари бор. Ўша пайтда уларни ҳал қилишда биргина Президентнинг қўлидан кўп иш келмасди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, “Сен Президент бўласан” дея бизда бирор одам махсус тайёрланмаган. Биринчи Президентимиз ўз командасини йиққан пайтда, биз ҳам ўша жамоага тушиб қолганмиз.

У киши “Мен бир томонни, сен бошқа томонни олиб борасан”, дегандилар. Кейинроқ кўп ташвиш менинг ўзимга қолиб кетган. У кишининг ташқи давлатлар билан боғлиқ ва шунга ўхшаш ишлари кўпайиб кетган. Ичкаридаги ишларниям кимдир қилиши керак-ку. Энг катта муаммолар – халқ оч, ўз пулимиз йўқ, чегаралар очиқ, уни ўзимиз ҳимоя қилишимиз керак эди.

Илк тўрт-беш йилимиз, қийинчилик билан бўлса-да, ёмон кечмади. Кейинчалик, раҳматли Ислом Абдуғаниевичнинг ҳам ёши улғайиб, тажриба орттирди. Сайловдан сўнг ўзим “Дўстим, энди менинг вазифамни ҳам қисқартиринг”, деб айтганман ва Давлат котиблигидан – ўзимнинг аввалги ишимга, яъни Вазирлар Маҳкамаси раиси муовинлигига кетганман.

Яна бир гап. Ўша пайтларда Президент атрофида давлатга виждонан хизмат қиламан, деган одамлар камайиб кета бошлади: номаъқул одамлар кўпайиб, ҳаммаси бир “мафия” бўлиб қолди. Мундоқ ўйласангиз, Президентни ёмон дейдиган одам мен бўлишим керак эди. Ўша пайтда, “Сен билан ишламайман” дея кетганимча – ўттиз йилдан буён ҳалиям ишламайман. Ҳеч кимнинг “одами” ҳам бўлмаганман...

– Мустақил бўлгач, Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари, яъни олтин, нефть ва газнинг ҳисоби олинган эдими?

– Бир воқеани айтай. Мустақиликка эндигина бир ярим-икки йил чамаси бўлган эди. Мен Зарафшонга бордим: 10 ойда 10-15 тонна олтин кам қазиб олинган экан. Улар (яъни кон раҳбарлари) “отдан тушсаям, эгардан тушмаган” вақтлар. Бизга бўйсунмаслик ҳолатлариям бор эди, ҳаммаси саботаж қилувчи, қулоқлари ана у ёққа (Москва томонга) қараган эди. Шулар билан масалани қаттиқ муҳокама қилдик.

Мен “Олтин бизники, у аввал бизнинг хазинага тушади. Шундоқ бўлгач, унинг ҳисоб-китобини ҳам тўғрилаб қўйинглар. Агар сизлар – биз кетиб, ўзбеклар олтинни қандай қилиб қазиб олади, конларни қандоқ ишлатади, десангиз, адашасиз. У чиримайди. Қачон қазиб олишга қурбимиз етса, ўз кадрларимиз етишиб чиқса – қазиб оламиз. Унга қадар ер остида ётаверади”, дея қатъий айтганман.

– Қанча олтин қазиб олинарди?

– Бошланиш даврларида йилига 50-60 тонна олинарди. Ҳозир 2-3 марта кўпайиб кетган. У пайтда биттагина завод, яъни “ГМЗ-1” бор эди, ҳозир шунақа заводдан учтаси ишлайди.

– Ўша даврда Ўзбекистон олтинлари кафолат сифатида, жаҳон банкларига қўйилган, деган гап бор. Шу ишларнинг бошида турган одамлардан бири сифатида, қаерга ва қанча олтин қўйилганини айта олмаймизми?

– Биласизми, шундай сирлар борки, уни 20 йилда, баъзиларини эса 25 йилда очиш мумкин. Уларни вақтидан олдин гапириб қўйиш – қонун олдида жавобгарлик. Тўғри, биламан, лекин уларни ошкор этиш вақти келгани йўқ. Бир нарсани айта оламанки, Ўзбекистон олтинлари – Англияда ҳам, Швейцарияда ҳам, ҳатто Америка банкларида ҳам бор...

– Боя, ўзаро гаплашиб ўтирганимизда, “Бизда авиация саноати тараққий қилганди, афсуски, тўхтаб қолди”, дегандек гап қилувдингиз. Сўрамоқчи бўлганим – бугунги оғир саноат аҳволи Сизни қониқтирадими?

– Йўқ. Бир вақтлар бизнинг заводлар СССРнинг исталган корхонасидан ҳам яхши эди. Кейинчалик, Ислом Абдуғаниевич битта менга аччиқ қилиб, оғир саноатни ҳам, авиация саноатини ҳам йўқотиб юборгани яхши иш бўлмади. Министрлар Советида машинасозлик ва оғир саноат бўлими бор эди. Ҳатто шу бўлимниям ёпиб юборди. Заводларни эса муттаҳамларнинг қўлига бериб, тугатди. Ҳозир ҳам яхшилаб текширтириш мумкин: қани, уларни ким хусусийлаштириб олган экан.

Қонунда ҳам ёзиб қўйилган – корхоналар хусусийлашгандан сўнг ҳам ўз йўналишида фаолият юритиши керак эди. Масалан, “Алгоритм” заводи ҳозирги валютада 20-30 миллиард долларга баҳоланади. У ердаги мураккаб техника ва технологиялар, бинолар-у, оромгоҳлар – ҳаммасини қўшсангиз, шунчага бориб қоларди. Уни ким, қайси пулга сотиб олди, корхона ичидаги технологияларни ким йўқотди? Бу саволларга бугун жавоб йўқ.

Битта гап айтай, оғир саноати йўқ мамлакат – мамлакат эмас. Нима, самолётни фақат Америкадан сотиб олиш керакми? Атроф мамлакатларга, дейлик, Хитой, Ҳиндистон, Покистонга бизнинг самолётимиз сотилса, ёмонми? Биз бўлсак, ҳаммасини ёпдик. Бугун битта телевизорингиз бузилса, уни тузатиш учун кетадиган ускунаси – ўзидан ҳам қиммат...

– Нега бунақа бўлди, сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

– Раҳматли дўстим бу корхоналарнинг ҳаммаси кераклигини биларди. Аммо... Анави – данғиллама участкалар, тоғдаги дам олиш зоналари, миллиард-миллиард пуллар қаердан келарди унда. Бинолар-ку, кўриниб турибди, миллиард долларларнинг ҳам бир қисмини эшитяпмиз. Бу нарсаларнинг ҳаммаси – халқни гадой қилиш эвазига келди-ку. Шу ишларни қилган одамлар сиёсатни олиб борди. Ҳалиям мамлакатимиз бой экан, кўп нарса бор экан. Энди келажакни, болаларни ўйлашимиз керак.

Сиз мендан “Шунча йил ишлаб, бирор корхонанинг акциясини олганмисиз”, деб сўранг. Йўқ. Сотиб олганларнинг кўпчилиги муттаҳам, ўша пайтнинг ўзида пулини чиқазиб олишган. Ўша заводлардан кейинчалик бирорта оғир машина ёки трактор чиқибдими? Ҳаммаси ўлди...

– Сиз ҳозир “Бизда машинасозлик ўлди” деган хулоса чиқаряпсиз. Лекин бизда автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилди-ку...

– Ука, сиз ҳозир машина ишлаб чиқариляпти, деяпсиз. Лекин унинг дейлик, битта лампочкаси ўчиб қолса, расво бўлади. Чунки ўзимизда ишлаб чиқарилмайди. Бунақа “ишлаб чиқариш” кимга керак. Майли, ҳамма нарсани юз фоиз шу ернинг ўзида чиқариш қийиндир. Лекин ҳеч бўлмаганда, унинг 60 фоизини ўзимизда ишлашимиз керак...

Ўшанда мен ҳукумат раиси ўринбосари эдим. Асакадаги ҳозирги автомобиль заводи ўрнида тракторларга прицеп ишлаб чиқарадиган корхона бўларди. Иттифоқо Президент Кореяга борди. У ердан туриб менга “Сенинг Асакадаги прицеп заводингни корейсларга сотдим”, дея телефон қилди. Ваҳоланки, заводнинг ўзи бинойидек ишлаб турган эди. Прицеп чиқаришнинг ҳам машаққатлари оз эмас, чунки оддий машина тўртта одамни ташиса, у юк ташийди: тормозлари, ғилдираклари, дисклари мустаҳкам бўлиши керак. Мен у кишига, “Автомобиль заводи керак бўлса, ишлаб турган завод орқасидан 45 гектар ер ажратайлик, янгидан қуришсин”, дедим. Лекин ўзингиз биласиз, давлат раҳбари “Мен ваъда қилдим” деб тургач, унинг қарорига қарши чиқиб бўлмайди.

Шундан кейин ўзим делегацияга раҳбарлик қилиб, Кореяга бордик, бу ерда ҳам муҳокама қилдик. Мен, ишлаб чиқариладиган автомобилнинг сони йилига 80-100 мингта бўлсин, нархи арзон, ҳамёнбоп бўлсин, деган таклифни билдирганман. Бошида 3-4 минг доллар, деб келишдик. У пайтларда бу – уч-тўртта буқанинг пулига тенг эди...

– Кейинчалик нархлар ниманинг ҳисобига ошиб кетди?

– Чунки энг бошда имзо чекилган ҳужжатларни кўтариб кўрадиган одам йўқ, шекилли. Ўша ерда нарх масаласи қатъий қилиб ёзиб қўйилган эди. Нарх ошишидан – ўзимиздагиларнинг ҳам манфаати бўлса керакдир-да, унисини билмайман. Корея билан бўладими, АҚШ биланми, аввало ўз халқимиз манфаатини кўзлаб, музокара қилиш мумкинми? Ё фақат халқдан шилиб олиб, бюджетни тўлғазиш керакми?.. Э, ўлсин унақа бюджет, кимга керак у...

Жойи жаннатдан бўлсин-у, лекин дўстимдан хафалигим шундаки, у шу ишларни назорат қилмади. Мамлакатга ҳар тарафдан “оч бўрилар” ёпишиб, талаб, бор нарсаниям йўқ қилди. Эсингизда бўлса, зўр чинни заводимиз бор эди. У ерда ишлаб чиқарилган чинниларни мен Г.Киссенжер (АҚШнинг собиқ давлат котиби)га, Саддам Ҳусайнга совға қилганман. Шу завод ҳам сотилиб кетди. Сотиб олган одам билан кейинчалик оғайни бўлиб қолдим. Ўша инсон бир куни, “Биласизми, Раҳим ака, заводни бузганимизда, ундан чиққан металл ва ғиштдан яна бешта завод қурсам бўларкан”, деб қолди. Шунақа гаплар. Энди яна қайтадан чинни завод қурилаётган эмиш...

Оддий халқни – божхоначимиз таласа, транспортчимиз таласа, бошқаси Хитойдан бир сўмлик нарса олиб келиб, ўзимизда 5 сўмга сотса... Бу ишлар – махсус қилинган эди. Лекин мен унда кетиб бўлгандим...

Ўзбекда бир гап бор: “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман”. 1997 йилда ишдан кетдим. Бирор одам “Раҳим ака, бормисиз, соғмисиз” дея ҳол-аҳвол сўрагани йўқ. Мана шу турган уйимизнинг ерини ҳам зилзиладан кейин олганман. Кейинчалик ҳатто бирорта квартира ёки дачаям олганим йўқ. Йўқса, “Алгоритм” заводининг 80 минг ишчиси учун квартиралар қурганмиз. На бирор фирма очибман, на бир заводга эгалик қилдим. Ижтимоий таъминот бўлимида ҳам, пенсия жамғармасида ҳам, касаба уюшмасида ҳам инсоф йўқ экан. Оладиган пенсиям – оддий “рядовой” ички ишлар ходиминикидан ҳам кам, бирор санаторийга йўлланмаям беришмади ҳатто. Ана шулардан хафа бўлиб, эзилиб ўтираман...

– Ҳовлингизга кираверишда, дарвозангиз пештоқига “Меҳнат фахрийси” деган лавҳа илинибди, унинг нишони кўксингизни ҳам безаб турибди. Демак, эътибор қайта бошлабди-да?..

– Эслашгани – улуғ иш бўлди. Бугун кўп савобли ишлар бўляпти. Шавкат Миромонович – бугун қарасанг бир вилоятда, эртасига бошқа жойда. Шароф Рашидов ҳам, Усмон Юсупов ҳам, Файзулла Хўжаев ҳам Ўзбекистоннинг ҳар бир тумани, ҳар бир қишлоғида бўлмаган. Ислом Каримов ҳам онда-сонда, ундаям – сессияларга бориб, ўша куни қайтиб келарди. Ш.Мирзиёевнинг ютуғи – далама-дала юриб, одамларнинг кўнглига йўл топаётганида. Мамлакатнинг ҳақиқий раҳбари шундай бўлиши керак. Қайси вилоятга борсангиз, қурилиш, янгиланиш. Миллатимиз, миямиз ўзгаряпти. Президентимиз омон бўлсин! Насиб бўлса, ҳаммаси яхши бўлади. Ўзим ҳам “Худойим, яна тўрт-беш йил умр бер, мен ҳам шу кунларни кўрай”, дея яратгандан сўрайман...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Раҳим Ражабов: «Халқни гадой қилиш эвазига келган ҳашамат кимга керак?!»