23:20 / 02.08.2019
3 734

«Қора рўйхат»дан кейинги ҳаёт

«Қора рўйхат»дан кейинги ҳаёт
2017 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати реабилитация дастури доирасида экстремистик фаолиятга алоқадорликда гумон қилинган ёки айбланган шахсларни “қора рўйхат”дан чиқаришни бошлади. Бугунга келиб уларнинг 20 мингдан ортиғи нормал ҳаёт тарзига қайтди. Анъанавий жамиятда судланганлик ва “қора рўйхат”га алоқадорлик қайсидир маънода тамға ҳисобланади… Нафақат маҳкумлар учун, балки уларнинг оила аъзолари учун ҳам.

Бугун уларнинг ҳаётида нималар ўзгарди ва давлат уларнинг жамиятга мослашишига қандай ёрдам бермоқда?

UzAnalytics сайти Фахриддин Абдувоҳидов томонидан тайёрланган учта интервьюни эътиборингизга ҳавола этади. Қаҳрамонларнинг исм-шарифлари ўзгартирилмаган.

1. Зафар Тожибоев: “Компьютердан… чойнаккача”
– Ҳар куни нонуштадан сўнг бозорга чиқаман. Оиламни боқиш учун бироз бўлса ҳам пул топиб келишга ҳаракат қиламан, – дейди Зафар ака. – Мен ҳозир устачилик қилаяпман. Янгибозор (Бекобод яқинидаги йирик “эски бозор”)да ишлатилган маиший техника воситаларини сотиб оламан, уларни таъмирлаб сотаман. Таъмирланмайдиган дазмол, чангютгич ва шу каби мосламаларни эҳтиёт қисмлар сифатида фойдаланиш учун олиб қўяман.

– Айтинг-чи, ҳозир сизнинг ҳаётингиз қандай ўзгарди?
– Умуман олганда, ҳаётимда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдим. Бу фақат моддий қийинчиликлар эмас. Агарда инсонга ҳеч ким ишонмаса, уни айблаш жуда осон бўлади. Энг яқин одамларинг ҳам сенга ишонмаса, жуда оғир бўларкан. Лекин мен бунга кўникдим. Тўғриси, буларни эсласам, асабийлаша бошлайман. Лекин ҳамма нарсанинг давоси бор. Ҳозир ҳаммаси жойида. Энг муҳими, озодликдаман. Ҳар қандай киши билан баҳслаша оламан. Ҳеч ким менинг ўтмишимни таъна қилолмайди. Мен энди бошқа инсонман. Яқинда ёшим 50 га тўлади. Ҳаётим изига тушиб кетди, қизимни узатдим, неварали бўлдим.

– Сизга нисбатан қандай айблов қўйилган эди?
– 216-, 244- ва 241-моддаларга кўра, норасмий диний йиғинларда иштирок этиш, Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган диний адабиётларни тарқатиш. Айблов хулосаси ҳозиргача уйимда сақланади, менга қўйилган айбловни бўйнимга олмайман. Ўшанда менинг тадбиркорлик фаолиятим айни гуллаб-яшнаётган эди, мен компьютер олди-сотдиси билан шуғулланардим. Улар компьютерларнинг бирида тақиқланган диний адабиётни топишганмиш. Мен судда: “Мутахассисни топинглар ёки ўша компьютерни менга беринглар, мен бунинг нотўғри эканини сизга исботлаб бераман”, деганман ва бу айбни ўз бўйнимга олмаганман.

– Сизни қачон ҳибсга олишган? Қанча муддатга озодликдан маҳрум этилдингиз ва бу муддатни қаерда ўтадингиз?
– 2010 йилнинг 20 май куни мени ҳибсга олишди. Мени ваҳобий деб аташарди. Кейин яқинларимга мени жиҳодчи деб айтишди. 2010 йилнинг 7 октябрида Тошкент вилоят суди томонидан менга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳукми ўқилди. Қашқадарё вилоятининг 61- ва 62-чи “зона”ларида муддатни ўтадим.

– Зафар ака, панжара ортидаги ҳаётингиз ҳақида ҳам сўзлаб беринг.
– Кимгадир бу ҳаёт қийин, ҳатто даҳшатли туюлиши мумкин, бироқ одамзот ҳамма нарсага кўникади. Гарчи у ерда босим кучли бўлган бўлса ҳам. У ерда сенинг ҳар бир босган қадаминг назорат остида бўлади. Сен эркин нафас ололмайсан… Тўғри, бу ердаги ишлар бошқа “зона”лардагига нисбатан осон эди. Чунки 200-300 нафар кишига мўлжалланган ишни бу ерда 700 нафар киши бажарарди. Биз тез ишлардик. Лекин ҳали айтганимдек, бизга нисбатан кучли босим ўтказишарди. Бизни мунтазам назорат қилишарди. Шунингдек, энг ёмони, ёшгина маҳбуслар ҳам бизга “сен”лаб мурожаат қилишарди. Бу Шарқда ножоиз, ҳатто ҳақоратли саналади.

– Динга тааллуқли моддалар бўйича айбланганларга нисбатан қандай муносабатда бўлишган?
– Бизга қотилга қарагандан ҳам ёмон қарашарди. Бу жуда оғир. Бизнинг ўз қизил ёзувли ёрлиғимиз бўларди. Бошқалардан ана шу билан ажралиб турардик.

Ҳа, бу модда билан айбланган барча маҳбусларнинг ҳатто каравотларигача қизил ҳарфлар билан “ДЭТ” («Диний экстремизм оқими» – Диний экстремистик ташкилот), деб ёзилган тахтача осиб қўйиларди. Бу – биз ҳатто тунда ҳожатхонага чиққанимизда ҳам бизни назоратчи кузатиб боради, дегани эди. Бу қоида бошқа модда билан айбланганларга нисбатан қўлланилмасди. Масалан, ёзда одатда кўпчилик меъда бузилишидан қийналарди. Шунда ҳам барибир, бизларни “ташқари”га битталаб чиқаришарди.

– Жазони ўташ пайтида дунёқарашингиз ўзгардими? У ерда бирор нарса ўргандингизми?
– Қамоқдалигимда жуда кўп китоб ўқирдим. Айниқса, Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат”, “Асрга татигулик кун” асарлари ёдимда қолган. Мен у ерда жами 60 дан зиёд китоб ўқидим.

– Бирор бир касбни эгалладингизми?
– Йўқ, у ерда касб эгаллаш – мушкул масала. Менга қўйилган айблов моддаси билан танланган касб бўйича ишлашга рухсат беришмайди. Қамоққа тушганимда мендан: “Озодликда пайтингда нима билан шуғуллангансан?” деб сўрашганди. Мен: “Новвой бўлганман”, деб жавоб берганман. Менга бу модда билан новвойхонада ишлашга рухсат берилмаслигини айтишган. Шунда ўймакор наққош бўлдим. Биз билан бирга ажойиб ёш уста болалар, ўз ишининг моҳир усталари ҳам “ўтирганлар”, улар ғишт ўймакорлиги билан шуғулланардилар.

– Мана шу 4 йилу 9 ой сизнинг ҳаётингизга қандай таъсир қилди?
– Жуда кучли. Худдики, ҳаётимнинг 5, ҳатто 10 йилини эмас, 30 йилини йўқотгандекман. Мен ахир тижорат билан шуғулланардим, топишим ҳам яхши эди. Уй қуриш, машина харид қилиш ниятларим бор эди… Қамоқдан чиққанимдан кейин топган-тутганимни йиғиб, ҳаётимни изга солишга ҳаракат қиляпман. Энди аввалги тижоратим ҳам йўқ. Илгари мен билан бирга ишлаганлар аллақачон бойиб кетишган. Улар қамоқда ўтиришмади. Ҳозир уларнинг ўз дўконлари бор.

“Компьютерчилар” ҳам кўпайиб қолди. Ҳа, моддий тарафдан жуда қийин бўлди, ҳаммасини қайтадан бошлашга тўғри келяпти. Бошланғич сармоя йиғмоқчи эдим, лекин оилани боқиш керак. Бироқ ҳаёт давом этади. Қизларимни турмушга узатишим керак. Бунга маблағ керак. Менинг тўрт нафар фарзандим бор, икки қиз, икки ўғил. Тўнғичим 25 ёшда, кенжам 13 га тўлди. Ўғлим онкологик касалликка чалинганди, операцияга кўп пул кетди. Бир қизимни узатдим, тўй учун қарзга кириб қолдим, ҳозир аста-секин қарзимни тўлаяпман. Ишдан кейин жуда чарчаб қоламан.

– Зафар ака, келажакдаги режаларингиз қандай?
– Режам – одамлар гавжум бўлган жойда дўкон очиш. Ижара ҳақи 300 минг сўм, солиқлар билан бир миллионга борадиган дўконни таклиф этишяпти. Бироқ ҳаммасини йўлга қўйиб олишим учун маблағ керак бўлади. Ҳозирча вазият оғир. Шунингдек, ўғлим ҳам шу йил ўқишга кирмоқчи. Яна уйни таъмирлаш учун ҳам пул тўплаш керак. Шундай бўлса-да, мен ҳаракат қилаяпман.

2. Марғуба Тоҳирова: “Ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламиз…”

– Нима учун “қора рўйхат”га тушгансиз?

– Биз анчадан буён ўраниб юрамиз. Ўз вақтида аёллар – жазога ҳукм этилганларнинг оналари намойишга чиққан эди. Ўшанда менинг акам қамоққа олинганди. Шунда бошқа аёлларга Қуръонни ўргатган, деб мени ҳам сўроқ қилишган эди. Ўша пайтда, яъни 2001 йилда мен 2016 йилгача мана шу рўйхатга тушиб қолдим.

– Бу қандай юз берди?
– Кутилмаганда бизни маҳалла қўмитасига чақиришди, Президент Қарори чиқипти, деб айтишди. Қорақамишдаги аллақандай тантаналар уйига келишимиз кераклигини айтишди. Ўша куни мен боролмадим (бунинг сабаблари бор эди). Ҳа, айтгандай, бундан аввал ҳам шундай гаплар бўлган эди, лекин ўшанда бунга нисбатан аниқ бир чора кўрилмаган эди. Ўша йиғилишга менинг акам борган эди. У ердан қайтгач, менинг фамилиям рўйхатдан чиқарилганини айтди. Мен қувониб кетдим. Ўша пайтларда мен ОВИРга ҳужжатларимни топширган эдим, бироқ 4,5 ойгача менинг ҳужжатларимни расмийлаштиришмади. Мени “қора рўйхатдан” чиқаришганидан сўнг ҳужжатларимни тезда расмийлаштириб беришди.

– “Қора рўйхатда” бўлган пайтингизда сизни назорат қилишармиди?
– Илгари мени ҳар ойда суҳбатга чақиришарди, бироқ буларнинг бари қуруқ расмиятчилик эди. Менга нисбатан қўпол муомала қилишмасди, фақат қаерда яшашим, нима билан шуғулланишимни ва тушунтириш хати ёзиб беришимни сўрашарди. Расмиятчилик олий даражада эди. Биз ҳар сафар 2-3 варақ нарса ёзиб берардик. Бизни рўйхатга киритишганда диний-экстремистик оқим тарафдорлари деб аташганди. Биз эса бунинг нималигини ҳам билмас эдик! Биз аёллар олий маълумотли бўлсак-да, уй бекаси эдик ва нима учун бизни экстремистлар сафига қўшиб қўйишганларини тушунмасдик. Биз экстремизм деганда, ўраниб юришни эмас, босқинчиликни тушунардик.

– Ҳар ойда бўладиган “суҳбатлар”дан ташқари ҳам бирон бир ноқулайликларни ҳис этганмисиз?
– Масалан, бир куни менинг дугонам “Чорсу” бозоридан қайтаётганда, Кўкалдош мадрасаси ёнидаги милиция пунктидан бир милиционер уни тўхтатиб, қаердан келаётгани ва нима учун ўраниб юрганини сўраган. Эмишки, рўмол ўраниб юриш тақиқланган ҳисобланармиш. Ёки яна бир бошқа ҳолат. Менинг набирам оламдан ўтган бувасига аза тутиб, рўмол ўради. Бир куни у тоғасиникига кетаётса, уни тўхтатиб, нима учун рўмолда юргани, қаердан келаётгани, мактаби қаердалигини сўрашган. Аллоҳга шукрки, бу кунлар ортда қолди!

– Марғуба опа, 2001 йилдан 2016 йилгача ўзингизни қандай ҳис қилгансиз? Бу нарса қандайдир таъсирини кўрсатгандир?
– Инсон хотирасида буларнинг барчасидан нима ҳам қолиши мумкин? Фақат хўрлаш, камситишлар қолди, бизни кўчада қўл билан кўрсатишарди. Ҳокимият тепасига ҳозирги президент келгунга қадар рўмолли бўлганимиз учун бизни поликлиникаларга, дўконларга киритишмас эди. Баъзан бизни жамоатчилик жойларидан қувиб чиқаришарди. Сени камситишса, одам ўрнида кўришмаса, алам қиларкан кишига. Аммо биз Аллоҳ йўлида барибир рўмолимизни ечмадик.

Буларнинг барига сабр қилдик. Илгари мен муҳандис-кимёгар бўлиб ишлаганман, кейин ўқитувчилик қилганман. Фарзандларим ҳали ёш бўлганида ишни ташлаган эдим, улар улғайишгач, яна ишимга қайтдим. Бироқ ўшанда мени ишга олишмади! Мен шу ҳолда, минимал иш стажи билан пенсияга чиқдим – ўқиш даврини ва яна бир нималарнидир ҳисобга олишмади. Мен судландим ва 54 ёшда эмас, 57 ёшда пенсияга чиқдим.

Шунисига ҳам шукр. Ҳа айтганча, менинг қизларим Хадичаи Кубро мадрасасини тугатишди (улар у ерда 4 йил таҳсил олишди), бироқ икки йилгача уларни ҳам ҳеч қаерга ишга олишмади. Қизларим исломшунос мударрис деган дипломга эга. Уларни ҳам мен каби ҳеч қаерга ишга қабул қилишмади. Ёш қизлар нима ҳам қилишсин? Охир-оқибат, улар тикиш-бичиш ва кулинария билан шуғуллана бошлади. Биз рўйхатда пайтдалигимизда бизни масжлисларга чақириб туришарди.

Бир куни мен дин ишлари бўйича қўмитада Абдулазиз Мансур ва Бобур Йўлдошевдан “Мен олий маълумотлиман, қизларим ҳам мадрасани тугатишган, нима учун иш йўқ?”, деб сўрадим. Улар эса кулиб “кўрамиз, кўрамиз”, деб жавоб қайтаришди. Улар ваъда беришди, лекин жавоб йўқ эди.

– Марғуба опа, бугун-чи, бирор нарса ўзгардими?
– Ҳа, ўзгарди. Энди биз дўконларда ҳам, поликлиникаларда ҳам рўмолда эркин юра оламиз. Қизларим гарчи ишламасалар ҳам турмушга чиқишди, уйда ўтиришади. Набираларим бор. Улар 3, 4, 7-синфларда ўқишади. 2016 йилдан буён бирон бир ўзгариш бор-йўқлигини билиш мақсадида яқинда Олмазор туман ҳокимиятига боргандим. Жуда ҳам хушмуомала бир киши ўзгаришлар борлигини, ҳали яна ўзгаришлар бўлишини айтди.

Мен қизларим билан хотин-қизлар қўмитаси раисининг олдига киришга қарор қилдим. Биз сўрадик, қизлар мактабга рўмолда бориши мумкинми? Саволимизга аниқ жавоб беришмади. Фақат ўқувчи ўша қизнинг фамилияси, синфи ва қайси мактабдан эканини сўрашди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси чамаси 40-45 ёшлардаги аёл эди. Унинг фамилияси ёдимда йўқ. Афтидан, ўранганларни ёқтирмасди, шекилли.

– Айни пайтда нима билаан шуғулланаяпсиз? Ишламаяпсизми?
– Мен ҳозир нафақадаман. Кимё фани ўқитувчисиман, лекин мени ишга олишмайди. 2000-йилларда иш қидириб мактаблар, коллежларга боргандим, бироқ менга рўмолдагиларни ишга қабул қилмаймиз, деб жавоб беришган. Шундан бери уйдаман.

– Нечанчи йили қайси институтни битиргансиз?
– Мен 1982 йилда Тошкент политехника институтининг кимё факультетини тугатганман. Завод ва фабрикаларда ишладим, бироз муддат ўрта касб-ҳунар билим юртида дарс бердим. Кейин ишламадим, фарзандлар парвариши билан уйда ўтирдим. Менинг тўрт нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим автомобиль йўллари институтини тугатган, 10 йил давомида шу соҳада ишлади. Шунингдек у ганч ўймакори ҳам, кейинчалик шу ҳунар билан шуғуллана бошлади. Оиламиз даромади шу ҳунар ортидан келарди.

– Марғуба опа, ҳозир хонадонингизга милиционер келмайдими? Нима деб ўйлайсиз, давлат сизга бирон бир ёрдам бериши керакми, ҳаётингизда иштирок этиши керакми?
– Рўйхатдан чиқаришганидан сўнг уйимизга одамлар келишди, қандай муаммоларимиз борилиги сўрашди, яна бир марта келиб, шу саволлари беришди ва ёзиб олишди. Фақат хўжайиним ишлайди, ўзим, қизларим тикиш-бичишдан хабардормиз, тикув машинасини беришларини сўрадим, бу ҳам ўзига хос ёрдам бўлар, дедим. Кейин эса улар келиб, ҳозирча тикув машинаси йўқлигини, бизнинг шароитларимиз яхши эканини ва янада эҳтиёжманд инсонлар ҳам борлигини айтиб кетишди.

– Марғуба опа, ҳозир сизга нисбатан муносабат қандай?
– Ҳали айтганимдек, ўзгариш бор. Туман хотин-қизлар қўмитаси раисига ўхшаганларни ҳисобга олмасак. Ҳукумат тепасига янги президент келганидан одамлар ҳам ўзгарди. Лекин ҳамма ҳам эмас. Яқинда Хадичаи кубро мадрасасида таҳсил оладиган жияним шарқшунослик факультетига ҳужжатларини топширди. У ерда унга: “Олган балларинг яхши, араб тилидан ҳам яхши имтиҳон топширдинг, шартнома асосида ўқишга қабул қилинасан, бюджетга киришинг ҳам мумкин”, дейишган.

Кейин эса тўсатдан ректор ўранганларнинг кундузги бўлимга қабул қилинмаслиги тўғрисида буйруқ чиқарди. Энди жияним кечки бўлимга ҳужжатларини топширмоқчи. Кўряпсизми, кўп нарса эскилигича қолди, айрим мансабдорлар Президентнинг сўзларига кирмаяпти. Ҳар ким ўз ҳоҳишича иш тутяпти. Майли, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламиз.

3. Анваржон Мирзараҳмонов: “Пушаймон”
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Поласоли қишлоғида яшовчи Анваржон Мирзараҳмонов 2000 йилда ноқонуний диний ҳаракатда иштирок этганликда айбланган. Ҳозирда қадрон уйига қайтган Анваржон содир этган ноқонуний ҳатти-ҳаракати учун 19 йил мобайнида жазо тортишга мажбур бўлди. Бироқ, энг муҳими, у бир пайтлар нотўғри йўлни танлаганини тушуниб етди.

Анваржон Мирзараҳмонов:
– Ўша пайтда мен ҳатто йигирмага ҳам тўлмаган эдим. Отам ҳам ҳали ҳаёт эдилар (онам кичкиналигимизда вафот этганлар). Бизнинг ихтиёримиз ўзимизда эди. Мен ўшанда ҳали ҳаётда нима билан шуғулланишимни ўйлаб кўрмаган эдим. Бир куни кўчада бир нотаниш йигит ёнимга келиб, қўлимга бир варақ узатди ва “Аллоҳ йўлида ўқиб чиқинг”, деди. Мени уни ўқиб чиқдим. Ҳаммаси мана шундан бошланди… Ҳозир мен бу ишни қилганимга жуда афсусланаман.

Шуҳратжон Отаназаров, масжид имом-хатиби:
– Қуръондаги оятларнинг бирида шундай дейилади: Мен сизга мукаммал динни бердим. Сизга керак бўлган барча нарсани бердим ва Ислом динини бердим. Аллоҳ бизга Қуръонни берди. 14 аср олдин марҳамат қилинган оятларда динимизнинг нечоғлик мукаммал дин экани, унга ҳеч қандай янгиликлар ва ўзгартиришлар киритиш шарт эмаслиги баён қилинган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳи васаллам: “Энг тўғри йўл – бу менинг ва издошларимнинг йўлидир”, деганлар. Ҳозирги кунда динимизда пайдо бўлган турли оқимлар ва уларга ёшларни жалб этиш диннинг асл моҳиятини тушунмаслик оқибатида содир бўляпти. Ислом динини нотўғри талқин қиладиган саводсизлардан ўйламай туриб ибрат оладиган ва уларнинг таъсирига тушиб қоладиган ёшларнинг ғўрлиги Анваржоннинг ҳаётига ўхшаган вазиятларга олиб келади.

Ёшлик – инсон ҳаётининг энг гуллаган давридир. Афсуски, Анваржон айни навқирон йилларини ўйламай содир этган хатти-ҳаракати оқибатида жазони ўташга мажбур бўлди. Ва албатта бу йилларда топишдан кўра кўпроқ нарсани йўқотди.

Анваржон Мирзараҳмонов:
– 19 йил ичида мен кўп нарсани йўқотдим. Баъзан яқин инсонларимнинг овозларини эшитгим келади. Қадрдон уйимдан келган хатларни ўқисам, кўзимга ёш келарди. Қамоқда ўтирган пайтларимда отам ва яқинларим вафот этишди. Мен туфайли сингилларим ва бошқа қариндошларим оғир мусибатларни бошдан кечирди. Мен ҳаётдан анча ортда қолдим. Тенгдошларим ўғил уйлантириб, қиз узатишяпти, баъзилари неварали бўлиб кетишган.

Буларни кўриб, бесамар ўтказган йилларинг ҳақида афсусланасан киши. Фақат йўқотганингдан сўнггина озодликнинг нақадар бебаҳо бойлик эканини чуқур англаркансан. Буларни сўз билан ифодалаш қийин. Ҳозир мен озодликка чиқдим, мамлакатимизда ишлаш учун барча шароит яратилган. Буларнинг барчаси қанчалик қадрли ва уларни асраш кераклигини, энг муҳими, ўйламасдан ҳаракат қилиш нотўғри эканини тушуниб етдим…

Анваржонни ўтган барча йиллар давомида унинг опаси қўллаб-қувватлаб турди.

Муҳаббатхон Акбарова:
– Ўша пайтларда менинг фарзандларим ҳали жуда ёш эди, мен ўзим билан ўзим овора эдим, укамга кўп вақт ажратолмасдим. У ёмон одамларнинг таъсирига тушиб қолди ва ҳаётини синдирди. Бу мен учун оғир мусибат эди, мен нима қилишни ҳам билмасдим. Мана бугун у уйга қайтди ва биз бундан жуда хурсандмиз. У уйланиб, фарзандли бўлади ва уларни юртимиз ва халқимиз учун наф келтирадиган инсонлар этиб тарбиялайди, деган умиддамиз. Уйга эътибор бериб қаралмаса, у қулайди. Маҳалла аҳли уйни таъмирлашда бизга ёрдам қўлини чўздилар, бунинг учун улардан миннатдормиз. Мана бу хоналар таъмирланди. Бу ерга келин келса, уй янада файзли бўлади. Укам йўқлигида уй эгасиз аҳволга тушиб қолган эди. Энди эса ҳаммаси ўзгарди.

Маҳалла фаоллари ва ҳокимият вакиллари Анваржон билан унинг кейинги ҳаёти тўғрисида суҳбатлашдилар. Олтиариқликлар асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Маҳаллий ҳокимият Анваржонга 2 гектар ер ажратди. У бу ерда узумзор ташкил қилиш ниятида. Шу куннинг ўзида унга ернинг ҳужжатлари ва битта сигир беришди. Собиқ маҳбус унга билдирилган юксак ишонч учун миннатдорчилик изҳор қилди ҳамда мамлакат ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун барча саъй-ҳаракатини аямаслигини айтди.

Анваржон Мирзараҳмонов:
– Мен қамоқда ўтирган ўлкаларда туманимиз, у ерда ҳамма нарса, шириндан-шакар мевалар, дунёда энг мазали анорлар ва узумлар борлигини сўзлаб бергандим. У ерда таълим олиш, динни ўрганиш учун барча шароит яратилган. Энди ўз уйимга қайтгач, фақат тўғри йўлдан юришга сўз бераман. Йўқотган йилларим ва содир этган хатойимдан жуда афсусданман. Президентимиз менга ўхшаб ҳаётда қоқилганларга шунча имкониятлар тақдим этмоқда. У мени жамиятга қайтарди. Мен энди Ўзбекистонга нафим тегиши учун бор куч-ғайратим билан ишлайман. Мана, боғдорчилик билан шуғулланишга қарор қилдим.

Ҳурматой Мансурова, Ибн Сино номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Мана, ҳамқишлоғимиз Анваржон жазони ўташ жойидан қайтди. Биз маҳалла фуқаролар йиғини вакилини унга бириктирдик, моддий томондан ёрдам кўрсатдик. Унинг 19 йиллик қамоқдан сўнг ҳозирги ҳаётга қийналмай мослашиб кетишига ҳаракат қиламиз. Анваржон оила қуриб, яхши фарзандларни вояга етказади, деб умид қиламиз.

Эксперт фикри

Виктор Михайлов
– Бу эзгу истакнинг ўзига хос ифодаси, кўплаб инсонларни яхши ҳаётга ва ишлашга қайтариш, фуқароларга бизнинг либерал эканимиз ҳамда бугун Худога ишонаётганларни тушунишимизни кўрсатиш имконидир. Фуқароларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш билан айнан давлат шуғулланмоқда. Бунда у махсус жамғарма ва махсус гуруҳлар ёрдамидан фойдаланмоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, маҳаллий ҳокимият органлари, турли фуқаролик институтлари ходимлари ушбу гуруҳнинг аъзоларидир. Улар мазкур радикал-экстремистик ташкилотлардан қайтган фуқароларга турли хилдаги ёрдамни кўрсата оладилар.

Радикаллашувдан қайтаришга муҳтож бўлган шахсларга бундай ёрдамни кўрсатиш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада ҳам давлат институти фаол ишларни олиб бормоқда. Бунда давлат жуда обрўли имомларни бу ишларга жалб қиляпти. Улар фуқароларга ҳамма нарсани аниқ мисолларда тушунтириб бера оладилар. Масалан, мазкур ташкилот аъзоси бу ҳолатда қандай хатога йўл қўйган. Албатта, бу борада давлатнинг роли жуда катта ва уни бошқа нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

Фахриддин Абдувоҳидов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Қора рўйхат»дан кейинги ҳаёт