10:25 / 08.10.2019
1 658

Ўзбекистонда стартаплар қай тартибда қўллаб-қувватланади?

Ўзбекистонда стартаплар қай тартибда қўллаб-қувватланади?
Фото: Shutterstock
Ўзаро узлуксиз алоқа жараёнида турли янги технологиялар ва ғоялар оқими давлатлар ўртасида мутассил алмашиниб борилади. Мана шу жараёнда мамлакат янги инновацион ғояларни – стартапларни ҳам қўллаб-қувватлайди.

Янгисини қўллашдан кўра, мавжуд ва синалган импортни мамлакатга киритиш кўпроқ фойда бермайдими, деган саволга Инновацион ривожланиш вазирлиги халқаро консультанти Ербал Сулеимонов стартаплар мамлакатдаги ички илмий салоҳиятни қўллаб-қувватлашда катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Бундан ташқари, улар кичик бизнес ва юқори технологиялар бозорини ривожлантиришда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Нега давлат стартапларни рағбатлантириши керак?
quora.com сайтида таъкидланишича, аҳоли бандлигини ошириш – стартаплар давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг энг катта сабаби ҳисобланади.

Ўз-ўзини иш билан таъминлаш тамойили эса ишсизлик даражасини анча қисқартиради.
Мамлакатда ишлаб чиқариш кўрсаткичи юқори бўлиши ЯИМ кўрсаткичи ўсишига ва бошқа жиҳатлар билан фаровонлик ошишига ёрдам беради.

«Ҳукумат стартапларни қўлаб-қувватлашда ўзини хусусий сектор билан бир хилда тутиши шарт эмас. У энг аввало, ўша янги бизнеснинг ишлаб кетиши ва бозорда учраши мумкин бўлган бирламчи тўсиқларни олиб ташласа, етарли», - дея ёзади ejinsight.com сайти.

weforum.org маълумотларига кўра эса, иқтисодий ўсиш ва иш ўрни яратишнинг асосий калити ҳам стартаплардир. Улар ҳар йили юқори технологик ҳаб (марказ)лардаги 40 фоиз янги иш ўрнини яратади.

Ўзбекистонда стартап яратиш учун...
Инновацион ривожланиш вазирлиги сайтида Гарвард универститети ва бошқа турли нуфузли университетларни тугатган малакали мутахассис Одил Абдураззоқов томонидан тавсия қилинишича, стартапларни бошлаш учун айрим муҳим жиҳатларга эътиборли бўлиш зарур:

«Витамин эмас, «оғриқ қолдирувчи» стартаплар яратиш зарур. Масалан, кучли тиш оғриғи ёки бош оғриғи бошланганда одамлар дарҳол оғриқ қолдирувчи дори сотиб олади. Қарз олиб бўлса ҳам, оғриққа тезроқ барҳам беришга ҳаракат қилади. Витамин фойдали эканлигини ҳамма билса ҳам, камдан кам одам сотиб олади.

Демак, муваффақиятли бўлиш учун бозорга таклиф этилаётган инновация оғриқ қолдирувчи бўлиши, яъни бозордаги жиддий муаммони ҳал этиши зарур», дейди Одил Абдураззоқов.

Унинг қайд этишича, стартаплар юқори технологияларга асосланган бўлиши туфайли ҳам географик жиҳатдан чекланмайди. Шунинг учун ҳам фақат 33 миллион аҳолиси бор Ўзбекистон учун эмас, балки камида МДҲ, Шарқий Европа ва Туркия бозорларига йўналган бўлиши керак.

Айни пайтда 3 миллиардга яқин одам интернет тармоғидан фойдаланиши ҳисобга олинса, стартапни йўналтиришнинг имконини топиш мумкин.

Бундан ташқари, республикада давлат сектори, бизнес сектори ва олий таълим муассасалари негизида технопарк, инновация марказлари ва акселераторлар фаолият бошламоқда. Стартап экотизимининг муҳим шарти ҳисобланган бу каби марказлар стартаплар бозорга тезроқ чиқишига ёрдам беради.

«Бу каби марказларнинг асосий вазифаси стартапларга бино, жиҳоз, Wi-fi бериш билан бир қаторда уларга менторлар, яъни маслаҳатчилар ва инвесторлар билан алоқа ўрнатиш имкони билан таъминлаши зарур», дея маълумот берди Одил Абдураззоқов.

Ўзбекистонда стартаплар
«Мамлакатда ҳам доимий равишда ҳукумат томонидан стартаплар молиялаштириб борилади. Ўтган 2018 йилда 50 миллиард сўм маблағ айни шунинг учун йўналтирилган. Битта стартапга ярим миллиард (500 миллион) сўмгача маблағ ажратилади.

Улар молиялаштиришдан олдин танлов шаклида саралаб олинади, сўнг маблағ ажратилади», дея маълумот берди Ербал Сулеимонов.
Унинг таъкидлашича, мамлакатда яратилаётган стартапларнинг асосий фоизи ахборот технологиялари йўналишига тўғри келмоқда.

Стартаперларга фаолиятлари давомида турли енгилликлар ҳам берилади: солиқ ва божхона билан боғлиқ имтиёзлар шулар жумласидан.

«Ғоям бор, лекин...»
«Баъзида шунақаси ҳам учраб туради. Яъни Инновацион ривожланиш вазирлигига янгича ғоя билан келадиган, лекин уни қандай қилиб амалга оширишни билмайдиганлар ҳам мурожаат қилади.

Бу тоифадаги инсонлар учун махсус қисқа муддатли курслар фаолияти йўлга қўйилган. Уларни тренингларга жалб қилиш орқали керакли томонга йўналтиришга ҳаракат қилинади», дейди халқаро консулътант.

Стартаперларнинг муаммолари борми?
Spot.uz сайти ERGO Research & Advisor компанияси ўтказган сўровномага таяниб, Ўзбекистонда стартаперлар дуч келаётган асосий муаммолар ҳақида маълумот беради:

«Ўзбекистондаги стартаплар нисбатан кичик компаниялар бўлиб, келгусида ишчилари сонини 3 нафардан 5 кишигача оширишни режалаштирадиган 1 нафардан 9 нафаргача ходимлардан иборат бўлади.

Стартапларнинг ярмидан кўпи фаолият учун бино ижарага олади, бу уларнинг харажатлари ошишига сабаб бўлади, 25 фоизи эса уйда ишлайди.

Сўровномага кўра, уларнинг асосий муаммолари 2019 йилда, асосан, маблағ топиш билан боғлиқ қийинчиликлар эканлиги аниқланган», дея ёзади Spot.uz.

Бундан ташқари, молиявий ресурслар камлиги ва бизнесни амалга ошириш жараёнида ортиқча бюрократия ва мураккаб қонунчилик тизими ҳам стартаперлар томонидан танқидга сабаб бўлган.

Шунингдек, нашр стартаперлар орасида хотин-қизлар камлиги ҳақида ҳам маълумот беради. Бунда ҳар 9та стартапнинг фақат 2таси хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳамма стартап ҳам ўзини оқлайдими?
Ҳар қайси яхши ният билан бошланган стартап ҳам охиригача ўзини оқлаб берадими, деган саволга консулътант Ербал Сулеимонович жавоб берди.

«Ҳар қандай янгилик бошланганда унинг келажагини 100 фоиз кўра олишнинг иложи йўқ. Бутун дунё амалиётида ҳам ҳеч қачон бошланган стартаплар 100 фоиз ўзини оқламаган. Ўзбекистонда ҳам худди шундай. Молиялаштириладиган стартапларнинг тахминан 70 фоизи ўзини оқлаяпти дейиш мумкин», дейди у.

Гарчи таваккалчилик асосида юзага чиқса-да, ўзини оқлаган стартаплар анъанавий бизнесга қараганда ўша соҳани тезроқ ривожлантиради ва иш ўринларини яратади. Шунинг учун ҳам мамлакатга стартаплар ва уларни ярата оладиган янгича фикрловчи интеллектлар ҳамиша керак бўлаверади.
Зилола Ғайбуллаева

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда стартаплар қай тартибда қўллаб-қувватланади?