19:36 / 17.12.2019
2 448

Қонунсиз ушлаб туриш туфайли етказилган зиён тўлиқ қопланадими?

Қонунсиз ушлаб туриш туфайли етказилган зиён тўлиқ қопланадими?
Маълумки, жиноят судловига жалб этилган баъзи тоифадаги шахслар ўзларининг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажармаса, уларга нисбатан процессуал мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин. Чунки мажбурлов чоралари муҳим процессуал ҳаракатлар ҳисобланиб, фуқароларнинг шахсий, мулкий ва бошқа субъектив ҳуқуқларини торайтириш ва чеклашда ўз ифодасини топади.

Акмал Эргашев, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг судьяси: — Бу мажбурлов чоралари шахснинг ҳуқуқ, эркинлик ва қо­нуний манфаатларини муайян даражада чеклайди. Бироқ уларни қўлламасдан жиноят-процессуал фаолиятни юритиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам жиноят процесси иштирокчисининг тергов ёки суд ҳаракатларини амалга оширишга тўс­қинлик қилаётгани ва ўз зиммасига юк­латилган мажбуриятларни бажармаётгани процессуал мажбурлов чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Айтиш керакки, мажбурлов чоралари турлича мазмунга эга бўлиши мумкин. Жиноят-процессуал мажбурлов чоралари ва жиноят-процессуал жавобгарлик чоралари бир-бирига мос келмайдиган тушунчалар ҳисобланади.

Илгари айбланувчиларни узоқ муддат давомида қамоқда сақлаш ҳолатлари кўп учраган. Ҳозирги пайтда эса, бу муддатлар ва қамоқда сақлаб туриш тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш жиноят тергов қилинаётган пайтда кўпи билан уч ой­ни ташкил этади. Ушбу муддат қонунчиликда ўта оғир жиноятни содир этган шахсга нисбатан, узайтирилган ҳолат билан қўшиб ҳисоблаганда, етти ойдан ошмаслиги белгиланган.

Ушлаб туриш муддати ушланган шахс ички ишлар ор­ганлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан бошлаб кўпи билан қирқ саккиз соатга қисқартирилди. Терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда, ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда яна қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.

Ушлаб туриш жиноят иши қўз­ғатилгунга қадар ҳам, иш қўзғатилганидан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин. Кейинги ҳолатда ушлаб туришга фақат суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан йўл қўйилади.

Фуқароларнинг конституция­вий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш шахс жиноят процесси иштирокчиси сифатида жалб этилган дастлабки дақиқалардан бошланади. Демак, унинг муҳофазасини таъминлаш ҳам шу муддатдан бошланиши керак.

Ушлаб туриш бошқа процессуал мажбурлов чораларидан кўпроқ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасига ўхшайди ва қамоққа олишнинг кўплаб тавсифлари ушлаб туришга ҳам тааллуқлидир. Агар ушлаб туриш муддати тугагунга қадар асослар бўлса, шахс айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинади.

Шахсга қонунсиз ушлаб туриш туфайли етказилган зиён, башарти, кейинчалик унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса ёки Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, иш тугатилган бўлса, тўлиқ ҳажмда қопланади.

Маъмурий ҳуқуқда шахсни ушлаб туришнинг умумий муддати 3 сутка. Агар ҳуқуқ­бузарликда айбланаётганнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, прокурорнинг санк­ция­си билан бу муддат ўн суткагача узайтирилиши мумкин.

2017 йил 29 мартда қабул қилинган қонунга мувофиқ, Жиноят процессуал кодексининг 29 ва 31-бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, судга қадар иш юритув босқичида қўлланиладиган чоралар, яъни лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида қўллаш тартиби жорий қилинди.

Маълумки, процессуал мажбурлов чораларини қўллашда суднинг алоҳида ўрни бор. Чунки суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқароларнинг тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган.

Процессуал мажбурлов чораларини қўллашда судларнинг ваколатлари изчил кенгайтирилиб, одил судловни амалга оширишда уларнинг холислиги ва мустақиллиги кафолатланди. Хусусан, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди.

Жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш, ўз навбатида, бу жараён устидан самарали тарзда назорат ўрнатишни талаб этади. Бундай назорат эса, суд орқали таъминланади.

Қайд этиш жоизки, судьяга процесс иштирокчиларининг илтимосларига биноан, томонларга ёрдам кўрсатиш мақсадида, айрим тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳуқуқи берилиши ҳам томонларнинг тенглигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш ик­ки соат ичида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, айбланувчи, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳи­моячи иштирокида кўриб чи­қилади. Зарур ҳолларда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.

Айбланувчи стационар суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилган тақдирда, қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан айбланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.

Судьянинг қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш ёки қамоқда сақлаб туриш ёки уй қамоғи муддатини узайтиришни рад қилиш ёки айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Судьянинг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, лавозимидан четлаштирилган айбланувчи ишлаган тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Шикоят, протест ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд қирқ саккиз соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инс­танцияси судига юбориши шарт. Шуни ҳам айтиш керакки, шикоят ёки протест бериш суднинг айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб қўймайди.

Апелляция инстанцияси су­ди ушбу материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эъ­тиборан етмиш 2 соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқиши керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қонунсиз ушлаб туриш туфайли етказилган зиён тўлиқ қопланадими?